Жаҳон | 19:09 / 02.06.2021
34710
1 дақиқада ўқилади

Эроннинг энг катта ҳарбий кемаси чўкиб кетди

Эрон ҳарбий-денгиз кучларининг энг катта кемаси ҳисобланган Kharg таъминот кемаси ёнғин оқибатида Жаск порти яқинида Уммон кўрфазида чўкиб кетди.

Маълумотларга кўра, ҳарбий кема халқаро сув ҳудудларида машғулот олиб бораётганда унинг тизимларидан бирида ёнғин чиққан. Ёнғинга қарши кураш 20 соат давом этган, бироқ уни тўхтатишнинг иложи бўлмаган. Натижада ёнғин кеманинг бошқа қисмларига ҳам ўтиб, унинг сув остига ғарқ бўлишига олиб келган. 

Кемада ёнғин бошлангач, унинг бутун экипажи соҳилга эвакуация қилинган. Ёнғин чиқишига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум қилинмаган.

Reuters ва Associated Press ахборот агентликларининг хабар беришича, Kharg Эрон ҳарбий флотининг энг катта кемаси бўлган. У денгиздаги бошқа кемалар таъминоти, оғир юкларни ташиш билан шуғулланган ва вертолётлар учун ҳавога кўтарилиш майдончаси бўлиб хизмат қилган.

Маълумотларга кўра, кема Британияда қурилиб, 1977 йилда сувга туширилган. У Эрон ҳарбий флоти таркибига 1984 йилда киритилган.

Мавзуга оид