Жамият | 14:59 / 13.06.2021
36337
11 дақиқада ўқилади

Дипломнинг даври ўтди. Танлов қаршисидаги ёшлар нималарни билиши керак?

Олий маълумотли бўлиш яхши маошли ишга киришни кафолатлайдиган замон ўтди. Энди дипломнинг аҳамияти аввалгидек эмас. Муҳими – малака, тажриба ва ўз устида ишлаш.

ОТМларга қабул бошланишига оз қолди. Ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриент олий таълим олиш ўзи учун яхши келажакка йўл очиб беришидан умид қилади. Лекин ҳозирги шароитда фақат олий таълим олиб дипломли бўлишнинг ўзи меҳнат бозорида ўрин топиш учун камлик қилади.

Энди меҳнат бозори ўзи учун малакали кадрларни талаб қилмоқда, диплом эса биринчи даражали аҳамиятини йўқотиб боряпти.

Ўзбекистон аҳолисининг 1,6 миллиони – ишсиз

Сенат ялпи мажлисида айтилишича, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра республикада иқтисодий фаол аҳолининг 1,6 млн нафари ишсиз. Уларнинг 805,2 минг нафари – ёшлар, яъни 16–30 ёш оралиғидаги фуқаролар.

Меҳнат бозорига 2021 йилда яна 560 минг битирувчи кириб келади. ОТМларни 103 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди.

Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1,3 миллиондан ошади.

Фақатгина олий маълумотли кадрларнинг ўзи бир йилда 103 мингдан ортиққа кўпаймоқда. Бу эса шунча янги меҳнат ресурси иш ўрни учун даъвогар бўлишини англатади. Меҳнат ресурси билан боғлиқ рақамлар йилдан йилга ошиб бораверади.

Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган. Ўтган йили бу кўрсаткич 25 фоиз эди.

Демак, 9 йилдан кейин олий маълумотли кадрлар сони деярли икки бараварга (хусусий университетлар тайёрлайдиган кадрлар ҳисобига ундан ҳам кўпроқ) ошади. Бу – кадрлар бозорда нон топиши учун кучли кураш бошланишини англатади. Курашда ғалаба қозониб ишли бўлиш учун эса фақат дипломли эмас, малакали кадр бўлиш кўпроқ муҳимдир.

«Диплом яқин келажакда ҳеч нарсани ҳал қилмайди» — Абдували Холиқов

«Келаётган ўқув йилидан барча ОТМларнинг биринчи курс талабалари учун кредит-модул тизими жорий этилади. Бу тизимда ўқиш учун талаба ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Агар ўз устида ишламаса, унинг курсдан қолиш эҳтимоли ошади ва ўқишни тугатиши учун 8 йил муддат берилади», дея олий таълимда янги тизимга ўтилаётгани ҳақида маълумот берган эди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Xpress.uz'га берган интервьюсида.

«Бизда ОТМга кирдингми, битириб кетишинг шарт деган фикр сингиб қолган. Бу нотўғри ва энди бундай бўлмайди. Ҳозир ОТМларда талабалар сони етарлича. 5-6 йил олдин талабани ҳайдаса, штат қисқариб кетади, деган фикрлар бўлган. Энди талабалар ҳам, ота-оналар ҳам ОТМга киргандан сўнг фақат диплом олишини эмас, келажакда яхши мутахассис бўлиб чиқишини ўйлаши керак.

Диплом яқин келажакда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Сабаби кадрлар сони кўпайгач, рақобат ҳам ошиб боради.

Шу пайтгача бизда фақат эҳтиёжга қараб кадр тайёрланган. Эҳтиёж 50-60 минг экани ҳисобга олиниб, шунча кадр тайёрланган ва бу битта жойга фақат бир нафар одам иш учун талабгор бўлиб борганини билдиради. Ўз-ўзидан битта ўринга 5-6 битирувчи борса, бу ерда иш берувчи ҳам ўйлаб, ўзига фойда келтирадиганини ишга олади. Натижада, ишга кира олмаган қолган битирувчилар иккинчи мутахассисликда ўқийди, ўқиса ҳам яхшироқ ўқийди. Ёки малака ошириш курсларига бориб ўз устида ишлайди.

Ишга кирганлари ҳам ўз устида ишлайди, сабаби у ўз ўрнини ўзидан кейин келадиган бирор кишига бериб қўйишни хоҳламайди», – дейди Абдували Холиқов.

Ёки мигрантлик танлови...

Яқиндагина бир танишим Россияга ишлаш учун кетди. Ҳозир мамлакатнинг шаҳарларидан узоқ бир нуқтада жойлашган ўрмонда ташкил қилинган ёғоч ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаяпти. У – олий маълумотли кадр.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган маълумотга кўра, 2021 йилнинг дастлабки 5 ойида 17 350 нафар фуқаро агентлик томонидан хорижда ишга жойлаштирилган. Уларнинг аксари Россия ва Қозоғистондан иш топган.

Бу рақамлар агентлик ишга юборган мигрантларга тегишли, умумий ҳисобда эса четга ишлаш учун кетганлар бундан каррасига кўпроқлиги шубҳасиз.

«Ўқишга кирмаса, болага босимлар кучаяди»

Фируз Аллаев, Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси:

— Аввало, меҳнат бозорида иш топиш учун олий таълим олиш керакми ёки йўқми деган саволга жавоб берсак. Агар физик, шифокор, сиёсатшунос ёки юрист бўлмоқчи бўлсангиз, бу касбларни олий маълумотли бўлмасдан эгаллаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам биринчи саволни тўғри қўйиш керак: мен танлаётган касбга диплом муҳимми ёки муҳим эмасми? Агар муҳим бўлса, олий таълим олиш керак.

Лекин баъзи касблар, масалан, маркетолог учун унинг маркетинг стратегиясини тўғри шакллантириб, сотишни ташкил қила олиши дипломидан кўра муҳимроқ. Ёки дастурчи учун керакли кодни ёза олиши дипломдан муҳимроқ. Бироқ касб малакасига эга бўлиш учун олий таълим шарт бўлса, албатта, ўқиш керак.

Лекин бизда 18 ёшли бола мактабни битиргандан сўнг унга ё ўқишга кир, ёки оилали бўлиб, бирор жойга кириб ишлаб пул топ, деган босимлар бошланади. Натижада, ўқишга кирмаган бола катта ҳаётга тез киришга мажбур бўлади. Олий таълимда ўқиётган талабада эса ўз устида ишлаш учун 4 йил вақт бўлади. Шунинг учун дастурчи бўлишни хоҳлаган ёш ҳам олий таълимга кириши ва ўзига керакли малакани бошқа жойда бўлса ҳам ўрганишга ҳаракат қилиши мумкин.

Бундан ташқари, олий таълим олиш келажакда мамлакатнинг элита қатлами бўлишга ҳам ёрдам беради. Бу таниш-билиш орттириш, networking қилиш имкониятини беради ва келажакда яхши ҳамкорлар топишни англатади.

Фикримча, танланган касбни эгаллаш учун диплом мажбурий бўлса, олий таълим олиш шарт. Агар касб учун диплом шарт бўлмаса, уни бошқа усуллар билан ҳам эгаллаш мумкин. Муҳими – малака. Сабаби диплом борми ёки йўқми фарқи йўқ, ҳозир фақат малакали, ўз касбида профессионал бўлганларгина яхши иш топиб, яхши яшайди.

«Муҳими – натижа, диплом эмас»

Дилдора Отажонова, Teodora Goods корхонаси раҳбари, Dalatech лойиҳаси муаллифи:

— Мен учун диплом биринчи ўринда турмайди, ишга кириш учун келганларни малакасига қараб танлайман. Ҳатто ҳозир мен билан ишлаётган ходимларнинг бирортасида олий маълумот дипломи йўқ, лекин улар ўз ишини яхши бажаришяпти.

Ходимларнинг малакага эга бўлиш учун қисқа муддатли курсларга бориб, керакли кўникмани олишлари ҳам етарли, менимча. Муҳими – натижа, диплом эмас.

«Дипломим бўлмагани учун давлат ишига киролмай, хусусий сектордан иш топдим»

Миролим Исажонов, журналист:

— Жамиятда ҳали ҳам диплом малакадан устун деган қараш бор, деб ўйлайман. Сабаби кўпинча давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлганлардан унинг малакаси, ўша касбга қизиқишидан ҳам олдин дипломини сўрашади. Шу сабаб ҳам одамларда диплом энг муҳими, деган қараш шаклланган ва бу уларнинг онгостидан ўчмаяпти, деб ўйлайман. Агар иш жойида ходимларнинг қизиқиши ва малакалари билан биринчи навбатда қизиқилса, кўпроқ фойдали бўларди.

Ҳозир ўрта махсус маълумотли бўлса-да, бир неча тил биладиган, ахборот технологияларидан хабардор кадрлар бор. Улар ўз вақтида оилавий шароити ёки бошқа сабаблар билан олий маълумот ололмасдан ўзини ишга урган. Ҳозир хусусий сектор бундай кадрларга иш беряпти. Масалан, ўзим 2014 йилда ОТМга кира олмаганим сабаб журналистика соҳасида ишлай бошлаганман ва ҳалигача олий ўқув юртига кира олмайман, сабаби ОТМга кириш учун алоҳида тайёргарлик кўришга имконим бўлмаган. Лекин бундан афсусланмайман. Ҳозир ўз ишимга эгаман.

Бироқ вақтида олий маълумот ҳақидаги дипломим йўқлиги учун Андижон вилоят нашрларига ишга кира олмаганман, шундан сўнг хусусий ташкилотларда ишлай бошлаганман.

Кузатишларим бўйича давлат ташкилотларида лавозимнинг ошиши ҳам дипломнинг, магистр даражасининг мавжудлигига кўпроқ боғлиқ. Лекин асосий эътибор ходимнинг малакасига қаратилса, мақсадга мувофиқроқ бўларди.

Маош миқдори малака даражаси билан ўлчанади

Малака шунчалик муҳимки, у қанча ойлик олишни, қандай муваффақиятга эришишни белгилаб беради.

Масалан, профессионал шифокор бўлсангиз, оилавий поликлиникадаги жуда кам ойликка ишлаб ўтирмайсиз (тиббиёт ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн сўм, улар – энг кам маош олувчилар қаторида) хусусий шифохоналарда ишлашингиз мумкин. Уларда кўпроқ ойлик олиш ва карьера қилиш имкони юқорироқ.

Ёки ўқитувчи бўлсангиз, ўзингиз алоҳида ўқув маркази очишингиз ёхуд шундай марказлардан бирига ишга киришингиз, хоҳлаганингиздек дарс беришингиз мумкин.

Хуллас, изласа, имкони топилади. Фақат касб танлашда қизиқишларга катта аҳамият бериш, таълим олишда малакага эга бўлишни асосий ўринга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Дарвоқе, Сенат ялпи мажлисида маълум қилинишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона миллий меҳнат тизимида олий маълумот талаб этадиган (!) 19 177 та бўш иш ўрни учун 1 млн сўмгача, 26 754 та бўш иш ўрни учун 2 млн сўмгача маош таклиф этиляпти.

Демак, ҳозир Ўзбекистонда олий маълумотлилар учун 46 мингга яқин бўш иш ўрни бор. Лекин Сенат бу маош контракт тўлаб ўқиган битирувчиларни қониқтирмаслигини билдирган. Лекин бундай ойлик фақат контракт тўлаганларни эмас, грантда ўқиганларни ҳам қониқтирмайди.

Хуллас, танлов ўз қўлингизда. Хоҳласангиз, яхши таълим олиб (ё ОТМда, ёки бевосита ишнинг ўзида) ўзингиз учун ўзингиз ойлик белгилайдиган даражага эришинг. Агар бунга хоҳишингиз бўлмаса, унда дипломингиз бўлса-бўлмаса, сизни 1-2 млн сўм маошлик ишлар кутяпти.

Зилола Ғайбуллаева,
журналист.

Мавзуга оид