Жамият | 14:36 / 21.08.2023
53551
9 дақиқада ўқилади

«Сохта диплом туфайли обрўйим бир пул бўлганди» – собиқ ИИБ ходимининг тазаррулари

1991 йил ёзда Олмаота шаҳрига юк машинаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб бордим. Ўша ерда таниш милиционер хоҳласам арзимаган пулга милиция мактаби дипломини олиб беришини айтиб қолди, рози бўлдим. Дипломни бераётганида муаммо чиқмаслигини, номим академия журналларига киритилганини айтди, унга ишондим. Бироқ шу сохта диплом кейинчалик менга панд берди.

Фотоколлаж: Kun.uz

"Ҳаётий ҳикоялар"нинг бу галги сонида ИИБ тизимига сохта диплом билан ишга кириб, якунда шарманда бўлган инсоннинг кечмишларини ўқиймиз.

«Отам ташкилотлардан бирининг юк машинасини минар, мактабнинг юқори синфларида ўқиб юрганимда уни бошқаришни ўрганиб олгандим. Шу сабабли 8-синфдан сўнг туман марказидаги касб-ҳунар мактаби (ПТУ)да ҳайдовчилик бўйича таҳсил олдим.

18 ёшда махсус мактабни битирганимда менда юк машиналарини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бор эди. Кўп ўтмай 1980-йиллар боши эди чамамда, ҳарбий хизматга чақиришди.

Ўшанда ота-онам Афғон урушига олиб кетади деб сиқилишди. Бироқ мени Афғонга эмас, Сибирдаги ҳарбий қисмлардан бирига жўнатиб юборишди. Икки йиллик армия даврида фақат юк машинаси бошқардим.

Ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг отамнинг ёнига ишга кирдим ва мен ҳам юк машинаси бошқара бошладим. Кўпинча турли шаҳарларга отам билан бирга, олдинма-кейин кетардик.

Ўша пайтда милицияга ишга киришни орзу қилардим, бу ҳақда отамга айтсам «Ўзинг биласан, шу ишга қизиқсанг майли ишла», деди. Бироқ...

1985 йилдан кейин Горбачёв анча енгилликлар берди ва отам билан менга иш кўпайди. Энди ташкилот ишидан ортиб, қўшни республикаларга, айниқса Қозоғистонга турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб бора бошладик. Табиийки, аввалгидан кўпроқ пул топа бошладик. Шу пайтда мен милицияга ишга киришни ортга сурдим.

Кўп ўтмай отам нафақага чиқди. Энди Олмаотага бир ўзим бориб келадиган бўлдим. Шу шаҳарда турли танишлар орттирдим. Табиийки, улар орасида милиция, жумладан кўплаб ГАИ ходимлари бор эди.

Ҳар борганимда уларга Қозоғистонда камёб бўлган ҳўл ва қуруқ мевалар олиб бориб берардим, хурсанд бўлишарди. Шу тариқа ошна тутинганмиз.

1991 йил баҳорда, ҳали у пайтда СССР бор эди, милиционер танишларимдан бири арзимаган пулга Олмаотадаги ички ишлар вазирлиги қошидаги олий милиция мактабини битирганим ҳақида диплом олиб бермоқчи бўлди.

У сўраётган пул унча каттамас, бироқ кейинчалик дипломнинг сохталиги аниқланса ким деган одам бўламан, шу нарса мени ўйлантирарди.

Ўшанда милицияга дипломсиз ишга кирса ҳам бўлади-ку, деган фикр хаёлимда айланар, танишим эса «дипломинг бўлса тузукроқ ишда ишлайсан, бошқа ходимлар орасида бир поғона баланд юрасан», деб қизиқтиришни қўймасди.

«Бовурим, ҳеч ҳам ўйланма. Сенинг исм-шарифинг милиция мактабидаги барча ҳужжатларга ёзилади, архивга тиркалади. Буёғидан хавотир олма», деди у.

Шундан сўнг Олмаотадаги олий милиция мактабини битирганим ҳақидаги дипломни олдим ва уйга қайтгач туман ИИБга бордим. Ўша пайтда ҳали СССР парчаланмаган, ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб юрган эди.

У пайтларда СССРнинг турли жойларидан олинган дипломларга умуман шубҳа билдирилмасди. Туман ИИБга ишга қабул қилишди.

Шундан сўнг ҳайдовчиликни укаларимга топширдим ва ўзим милицияда ишлай бошладим. Кўп ўтмай СССР парчаланиб кетди. Милиция атамаси бекор бўлди. Мен туман ИИБда ишлашда давом этдим.

Очиғи ҳамкасбларим орасида турли хил характердаги одамлар бор эди. Кимдир пул учун ҳар нарсага тайёр, бошқаси эса ҳалол хизматчи. Мен ҳам ўзимга ўзим сўз бердим, қанча маош олишимдан қатъи назар ҳалол ишлайман.

Ҳамкасбларим орасида раҳмдили ҳам, шу билан бирга шафқатсиз, қўлига тушган одамни дўппослайдиган, сал нарсага асабийлашиб бақирадиган ходимлар ҳам бор эди.

Аввалдан харакатерим юмшоқ, бировга қаттиқ гапирмасдим, ИИБда ишлаб ҳам шу характерим ўзгармади. Шу сабабли кўп ўтмай мени нисбатан анча тинч бўлган кадрлар бўлимига ишга қўйишди.

Шу зайлда ички ишларда анча йиллар ҳалол меҳнат қилдим. Унвоним ошиб лавозимим кўтарилиб бораверди. Қарийб ўн йил ишлаб қўйган пайтимда менда аллақачон капитан унвони ва кадрлар бўлимининг бошлиғи амали бор эди.

Гарчи дипломни сотиб олган бўлсам-да, ишимни яхши кўрганим учун виждонан ишладим.

Шу вақт оралиғида кўплаб ёшларни ишга қабул қилдим. Уларнинг аксарияти кейин унвонлари кўтарилиб, Ўзбекистоннинг турли чеккаларида масъулиятли вазифаларда ишлашди.

Ҳамкасбларим, бошлиқларим билан доимо муомалам яхши эди. Барча бирдай ҳурмат қиларди. Мажлисларда бошлиқлар муомаламни ўрнак қилиб кўрсатишарди.

Гарчи дипломимни сотиб олган бўлсам ҳам ундан шубҳаланмасдим ва мабодо текшириб кўришса ҳам сохта бўлиб чиқишига ишонмасдим. Аммо кунлардан бир кун шу диплом менга панд берди.

Кўп ўтмай туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бошқа ишга ўтиб кетди ва унинг ўрни бўшаб қолди. Ўша пайтда ўзимнинг ишим, кадрлар бўлими бошлиғи вазифаси менга маъқул эди, бироқ бошлиқлар ўринбосарликка мени тавсия қилишибди.

Ўшанда ўзим ҳам, бошқалар ҳам туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлишимга ишонишарди. Чунки мендан бошқа муносиб номзод йўқ эди. Шу сабабли номзодим кўрсатилгандан бошлаб ҳамкасблар табриклашни бошлашди. Бироқ...

Номзодим туман ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимига кўрсатилганига бир ҳафта бўлганди. Кечки пайт тунда қўнғироқ бўлди, ишхонамдан экан. Бошлиқ, тезда ишхонага етиб келинг, деди. Назаримда кайфияти йўқроқ эди.

Йўлда кетаётганимда хаёлимга минг бир ўйлар келди. Нега ярим кечада чақириб қолишди? Тинчликмикан? Ўшанда хаёлимга Олмаотадан сотиб олинган диплом ҳам келди. Ишқилиб сохта бўлиб чиқмасин-да.

Бўлимга етиб боргач бошлиқнинг хонасига кирдим, у ерда мени икки-уч нафар формасиз ходимлар кутиб туришган экан, дарҳол сўроқни бошлаб юборишди. Бошлиқ эса ёнимдан ўтаётиб, эҳҳ, нима қилиб қўйдинг, деб ташқарига чиқиб кетди.

Тахмин қилганимдай муаммо диплом бўйича келиб чиққанди. «Диплом 1991 йилда Олмаотадаги олий милиция мактабидан берилган экан, уни қандай олгансиз?» деган дастлабки саволгаёқ тўғрисини айтдим-қўйдим – сотиб олганман.

«Қандай тарзда?» деган иккинчи савол берилди. Бунга ҳам жавоб бердим – таниш бир милиционер олиб берганди.

Учинчи савол янгради: «Нима мақсадда?» «Ички ишлар соҳасида ишлашни хоҳлардим, шунга.»

«Армияда ҳайдовчи бўлиб ишлаган экансиз, ўша пайтда Тошкентдаги олий милиция мактабига топширсангиз ҳам ўқиб, қонуний йўл билан диплом олардингиз. Ёки ички ишларга дипломсиз ҳам ишга кирсангиз бўларди? Нега бунақа қилмагансиз?»

Бу саволга менда жавоб йўқ эди. Ҳақиқатдан Тошкентда ўқиб ҳам диплом олсам бўларди. Дипломсиз борсам ҳам ишга қабул қилишарди. Шаблон жавобни бердим «Ёшлик қилганман, тушунмаганман».

«Қанақасига ёшлик қиласиз, диплом олган пайтингизда қарийб ўттиз ёшда бўлгансиз. Шу ёшда одам ёш бўладими?» Бу саволга менда жавоб йўқ эди. Нимадир деб минғирладим.

Мени қамаб қўйишмади. Формани, гувоҳномани топширдим. Ишдан бўшатишлари ҳақида ариза ёздим.

Шундан сўнг менга жиноят иши қўзғатилди. Ўшанда уйдагиларга, ота-онамга бу ҳақда индамагандим. Бироқ нимадир кўнгилсизлик бўлганини сезишди.

Анча пайт терговга қатнадим. Менда дипломни бир милиционер олиб бергани ҳақидаги гапдан бошқа гап йўқ эди. Қолаверса у ишга 15 йилча бўлиб қолганди.

Кўп ўтмай тергов тугади ва ишим судга ошди. Суддагилар мени яхши танишарди. Шунга бироз раҳм қилишди. Қолаверса аввал судланмаганим, ишимдан афсусдалигим, маҳалладан ижобий тавсифнома дегандай, фақат жарима жазоси чиқаришди.

Сохта диплом туфайли судланиб, катта миқдорда чиқиши керак бўлган пенсиядан айрилдим. Бундан ҳам ёмони ишлаб юрган одам бекорчи бўлиб қолса ғалати бўлар экан.

Ёмон гап тез тарқайди дейилганидай, қўлга тушганимдан сўнг сохта диплом билан ушланганим ҳақида маҳаллада гап тарқалди. Жазоланганимдан сўнг анча пайт уйдан чиқмадим. Маҳаллада анча одамга ёрдамим текканди, бироқ ҳеч ким «Яхшимисан, ҳолинг қалай?» деб сўраб келмади.

Бу гапга ҳам қарийб йигирма йилча бўлиб қолди. Ўша кунларни эслагим келмайди. Негадир сизни ўзимга яқин олиб ҳикоя қилиб бердим.

Ҳозир ҳам у ёқ-бу ёқдан кимларнингдир сохта диплом олиб бераётиб қўлга тушганини ўқиб қоламан. Хоҳлардимки, ёшлар мен қилган хатони такрорлашмаса. Зеро, бу ишнинг охири барибир вой».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид