Жаҳон | 21:25 / 13.06.2021
8566
2 дақиқада ўқилади

Ереван Бокуга миналаштирилган майдонлар харитасининг кичик қисмини берди — Пашинян

Арманистон Озарбойжонга 15 арман асири озод қилиниши эвазига Боку назоратига қайтган туманлардаги миналаштирилган майдонлар харитасининг кичик қисмини берди. Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян мухолифат томонидан миналаштирилган майдонлар харитасининг берилиши танқид қилинишига жавобан шу ҳақда маълум қилди.  

Фото: Anadolu Agency

«Баъзи мухолиф доиралар Озарбойжонга миналаштирилган майдонлар харитаси берилгани, унинг эвазига барча асирларни қайтариш мумкинлиги ҳақида гапира бошлашди. Қадрдонларим, биз ўзимизда бор бўлган миналаштирилган майдонлар харитасининг кичик қисминигина бердик», деб айтган Пашинян ва Ереван кейинги муҳокамаларга тайёрлигини қўшимча қилган.

12 июнда Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги ва Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян алмашув ҳақида эълон қилди. Пашинян озод қилинган арман ҳарбийлари йўлда экани ва улар келишлари биланоқ «батафсил баёнот» беришини айтган.  

Озарбойжон ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, Қорабоғ атрофидаги миналаштирилган ҳудудларда етти ой мобайнида миналар портлаши туфайли 7 ҳарбий ҳамда тинч аҳолига мансуб бўлган 20 киши ҳалок бўлган, яна 100га яқин киши жароҳатланган.

Сўнгги қурбонлар 4 июн куни Тоғли Қорабоғ шимолида танкка қарши минага тушиб қолган юк машинасидаги икки озарбойжонлик журналист ва бир амалдор бўлганди.

Мавзуга оид