Иқтисодиёт | 19:20 / 15.06.2021
12680
3 дақиқада ўқилади

UZEX: фьючерс савдолари бўйича АҚШнинг брокерлик компаниялари билан учрашувлар ўтказилди

2021 йил 3-10 июнь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари АҚШга хизмат сафарини уюштиришди.

Ташрифнинг иккинчи қисмида биржа вакиллари АҚШнинг йирик молия ва брокерлик компаниялари билан учрашувлар ўтказишди, шунингдек, Чикаго товар биржаси гуруҳи (CME Group), Нью-Йорк товар биржаси (NYMEX), Нью-Йорк фонд биржаси (NYSE), Юқори технологиялар бўйича фонд биржасига (Nasdaq) танишув ташрифи уюштирилди.

Хусусан, биржа вакилларининг “Auerbach Grayson & Company LLC” компаниясининг (Нью-Йорк) бошлиғи Дэвид Грейсон (David Grayson) билан учрашуви ўтказилиб, томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра, Ўзбекистон биржаси фьючерс савдоларини ташкиллаштиришда АҚШ амалиётини чуқур ўрганиш, консалтинг хизматларидан фойдаланиш ва товар сегментида фьючерс шартномаларини жорий этиш йўналишларида “Auerbach Grayson & Company LLC” компанияси билан ҳамкорлик қилади.

Таъкидлаш жоизки, “Auerbach Grayson & Company LLC” компанияси 1993 йилда ташкил топган бўлиб, компания институционал инвесторлик бўйича капитал бозорларга сармоя киритиш билан шуғулланади. Мазкур халқаро брокерлик идораси дунёнинг кўплаб ҳудудий биржалари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Шунингдек, UZEX биржаси вакиллари “Broker-Junction LLC” брокерлик компаниясининг бошлиғи Армин Фатхи (Armin Fathi) билан музокаралар ўтказишди. Ўтказилган музокаралар натижасида фьючерс бозори иштирокчилари (хежерлар, савдогарлар ва маркетмейкерлар) ҳамда маҳаллий брокерлик идоралари ва трейдерларга фьючерс савдоларини ўргатиш ва уларни муддатли бозорларга тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

“Broker-Junction LLC” компанияси 2005 йилдан буён АҚШнинг Чикаго товар биржаси (CME) ва Нью-Йорк товар биржасида (NYMEX) фаолият юритади. Компания мижозларга фьючерс савдоларида иштирок этиш ва брокерлик лицензияни олиш учун тайёрлов ўқув-амалий курсларини ташкиллаштириш билан шуғулланади. “Broker-Junction LLC” компанияси АҚШнинг Товар фьючерс савдолари бўйича комиссиясидан (CFTC) рўйхатдан ўтказилган ва Фьючерслар миллий уюшмасининг (NFA) аъзоси ҳисобланади.

Мазкур йўналишда Американинг бошқа ўқув марказлари билан ҳам дастлабки келишувларга эришилиб, уларга кўра биржа ходимлари, брокерлик идоралари, трейдерлар ва фьючерс савдо иштирокчиларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича онлайн-ўқув курслари ташкиллаштирилади.

Шунингдек, ташрифлар давомида АҚШ биржаларининг фаолияти, жумладан, уларнинг ташкил этилиш ва ривожланиш тарихи, биржа қоидалари, савдо иштирокчиларига қўйилган талаблар ўрганилди ҳамда Америка трейдерлари билан самарали суҳбатлар ўтказилди.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Мавзуга оид