Ўзбекистон | 09:29 / 16.06.2021
18466
8 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқларга оид баҳсли қонун: хавотирлар ва тахминлар

Ўзбекистонда интернет тармоғига доир баҳсли қонун қабул қилиниши ижтимоий тармоқлар блокланиши эҳтимолини ўртага чиқарди. Kun.uz мавзу юзасидан ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис, Малайзияда истиқомат қилаётган Анвар Нарзуллаев билан суҳбат уюштирди.

Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунига қўшилган 27-1 модда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирди.

Шу асосда йирик интернет компаниялар ва ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаш талаб этилмоқда.

Kun.uz қонунга киритилган мазкур қўшимча юзасидан тафсилотларни ёритди, шунингдек, мавзу юзасидан жамоатчилик фаолларининг фикри ва таҳлилий мақолалар бериб келинмоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – бир неча йилдан буён Малайзияда истиқомат қилаётган юртдошимиз, Universiti Sains Islam Malaysia олийгоҳининг Ахборот хавфсизлиги кафедраси етакчи мутахассиси, фан доктори Анвар Нарзуллаев.

– Қонунчиликдаги янги ўзгаришларга кўра, ижтимоий тармоқлар ва интернет хизматларини кўрсатувчи мулкдорлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган серверларини жисмонан Ўзбекистонга олиб келиб, сақлаши шарт деб белгиланди. Бунинг давлатга қандай фойда ва зарарлари бор?

– Қонунда аниқ ёзилмаган бўлса-да, масъул ташкилотларнинг баёнотлари ва ушбу ўзгаришга депутатларнинг муносабатларидан ҳам билсак бўладики, мақсад – Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларига ҳужум ёки қандайдир тажовуз бўлганида жавобгарликни ўша компаниялар зиммасига юклаб қўйиш. Асосий кўзланган мақсад сифатида мен шуни тушундим.

Умуман олганда, Google, Facebook ёки Microsoft каби компаниялар Ўзбекистонга кириб келиб, дата марказларини очишса, ижобий нарса. Бу биздаги сиёсий, иқтисодий ва муҳими техник базамизга бўлган ишончни билдиради. Чунки бундай катта компаниялар бирор давлатга кириб келишидан аввал катта изланиш қилади, вазиятни ўрганади. Бундан ташқари, уларнинг кириб келиши иш ўринларининг яратилиши, инфратузилма ва IT соҳасининг ривожланишига туртки беради.

Анвар Нарзуллаев

Лекин, ҳозир улар Ўзбекистонга мажбурлаб олиб кирилмоқда. Мен қонунга киритилган ушбу ўзгариш ва унга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг шарҳини ўқидим. У ерда жуда қизиқ жумла айтилган:

«Агар, хорижий компаниялар серверларини Ўзбекистонга олиб келишни хоҳламаса, улар билан бошқача тарзда ҳам музокаралар олиб борилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон фуқароларига шахсий маълумотларини киритмаган ҳолда тармоқда рўйхатга олинишига рухсат берилиши каби».

Бу бироз тушунарсиз жумла, бизда энди қонун бор. Қонун бўлганидан кейин сизда иккита вариант бўлади: қонунга риоя қилиш ёки қилмаслик. Бизнинг вазирлик эса қандайдир учинчи йўлни таклиф қиляпти. «Келинглар, биз билан музокара қилинглар, биз сизга бошқа вариантлар топиб берамиз», – деяпти.

Бу музокараларнинг ортидан компанияларга қандай шартлар қўйилади, мана шу ҳам муҳим. Бу шартлар катта компанияларга фуқароларнинг шахсий маълумотларига «доступ» очиш талаби ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, мени хавотирга солган яна бир нарса, Ўзбекистондаги кичик фирмалар ва маҳаллий дастурчиларимиз. Чунки улар ҳам хорижий серверлардан фойдаланади. Сабаби хорижий серверлар – жуда катта бозор, улар таклиф қилаётган хизматлар нисбатан арзон ва юқори сифатли. Ўзбекистондаги серверлар хориждаги серверлар билан рақобатлаша олмайди.

Лекин, бизда фаолият юритувчи фирмалар ҳам ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланганидан кейин, у маълумотларни Ўзбекистондаги серверларга олиб келишга мажбур бўлади. Бу эса мамлакатда IT ривожланишига катта зарба бериши мумкин.

– Серверларни олиб келмоқчи бўлган хорижий мулкдорлар қандай техник талаблар қўйиши мумкин? Бу уларга иқтисодий жиҳатдан қанчага тушади?

– Қонунда фақат шахсий маълумотларни Ўзбекистонга олиб келиш талаб қилинмоқда. Бу – исм-фамилияси, паспорт маълумотлари, телефон рақами ва туғилган санаси бўлиши мумкин. Булар – техник тарафдан жуда катта жой эгаллайдиган маълумотлар эмас.

Муаммо бошқа тарафда. Катта компаниялар ўзининг ижтимоий тармоқларини яратганда минглаб махсус дизайнер ва архитекторлар маълумотлар базасини оптималлаштириб, тезроқ ишлашига урғу бериб ушбу базани яратади. Лекин, ҳозир Ўзбекистондан чиқиб: «Бу дастурга қанча пул сарфлаганинглар бизга қизиқ эмас, базанинг мана бу қисмини оласизлар-да, Ўзбекистонга жойлаб қўясизлар», дейиляпти. Бу – компаниялар учун техник тарафдан ҳам ўзига яраша қийинчиликлар ва иқтисодий харажатлар туғдиради.

Маълумотлар базасини яхлитлигича тасаввур қилишимиз ва қабул қилишимиз керак, унинг бир қисмини ажратиб Ўзбекистонга қўйиб қўя олмайсиз. Бу – бутун тизимнинг ишлашига таъсир қилади. Бу қонуннинг хорижий мулкдорларга қийинчиликлари кўп.

– Қонунчиликдаги янги талабга рози бўлмаган мулкдорлар ижтимоий тармоқлар ва интернет хизматларидан фойдаланувчи Ўзбекистон фуқаролари нисбатан кўп эмаслигини ҳисобга олиб, Ўзбекистондаги бозордан воз кечиши ҳам мумкинми?

– Яқинда кўрдик, YouTube Ўзбекистон учун монетизацияни ўчириб қўйди. Эҳтимол, бунинг сабаби ҳам қонунчилигимиздаги ушбу янги талабдир. Катта компаниялар расмий Ўзбекистонга келиб фаолият юритишдан воз кечиши мумкин. «Блокласангиз, майли блоклайверинг», деган тактикани ҳам қўллаши мумкин. Ёки Ўзбекистон жаримага тортса, жарималарни ҳам тўлаши мумкин.

Ўзбекистон бозори улар учун жуда катта эмас. Масалан, Россияда ҳам ҳозир худди шундай ҳодисалар кузатиляпти. Бизда Ўзкомназорат деган ташкилот тузилибди, Россияда Роскомнадзор дегани ва худди шу каби қонун бор. Улар Facebook ва Twitter'ни судга беришди ва жарималарга тортишди. Facebook Россия ҳукумати билан келишишга мажбур бўляпти, чунки Россия – катта давлат, фойдаланувчилар кўп. Лекин, Ўзбекистон у қадар катта бозор эмас, улар ҳақиқатдан бу бозордан воз кечиши ҳам мумкин.

Ёки хорижий операторлар Ўзбекистоннинг бу талабига эътибор бермаса, Ўзкомназорат бу ижтимоий тармоқларни блоклашга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин блоклаш ҳам осон эмас, техник тарафдан жуда мураккаб. Биз икки-уч йил аввал кўрдик, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни блокламоқчи бўлганида, фойдаланувчиларнинг интернет саводхонлиги ошди, VPNларни ишлатишни ўрганишди ва ҳоказо. Шунинг учун давлат агар бу компанияларни чиқариб юбормоқчи ёки блокламоқчи бўлса, ўз оёғига болта урган бўлади.

– Агар хорижий мулкдорлар билан келишувга эришилса, ушбу серверларнинг ишлаши ва сақлаб турилишига Ўзбекистоннинг техник салоҳияти ва имкониятлари етарлими?

– Ўрганишларим бўйича, ҳозиргача бизда жуда катта дата марказлари йўқ. 2024 йилгача Жиззахда шундай катта дата қурилиши ҳақида ўқидим. Лекин ҳозир бизда мавжуд бўлган ва таклиф қилинаётган хизматлар жаҳон стандартларига жавоб бермайди.

Биринчидан, компьютер қуввати ва хотираси каби ресурслар, иккинчи томондан, таклиф қилинаётган тезликлар. Ҳатто энг қиммат серверлар ҳам бор-йўғи 5-10 мегабит/секунд тезликларни таклиф қилишяпти. Жаҳон стандартида бундай тезликлар жуда ҳам кулгили. Чет элдаги бепул серверлар ҳам 1 гигабайт/секундгача бўлган тезликларни таклиф қилишади. Пуллик серверларда эса тезлик бунда ҳам катта. Биздаги таклиф қилинаётган барча хизматлар ижтимоий тармоқларнинг серверлари узлуксиз ишлаб туришига жавоб бера олмайди, деб ўйлайман.

Иккинчи катта муаммо – бу хавфсизлик. Қонунчиликда асосий важ фуқаролар шахсий маълумотларини таъминлаш деб кўрсатиляпти. Лекин, аслида Google, Amazon каби катта компанияларнинг дата марказларини кўрадиган бўлсак, у ерлардаги хавфсизлик Пентагон [АҚШ Мудофаа вазирлиги] ёки ҳарбий базаларнинг хавфсизлиги каби таъминлади. У ерда қуролланган аскарлар юради, ўзининг 6 босқичли ҳимоя муҳити, махсус сенсорлар ва камералари бор. Чет эл компаниялари нафақат киберхавфсизликка, балки уларнинг жисмоний хавфсизлигига ҳам ниҳоятда кучли эътибор қилади. Бизда хорижий компаниялар талаб қилаётган ёки жаҳон стандартларига мос келадиган дата марказлар ҳали йўқ.

Тўлиқ суҳбат билан видеода танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов. 

Мавзуга оид