Жамият | 13:08 / 17.06.2021
18697
8 дақиқада ўқилади

«Эълон ва пешлавҳалар ўзбек тилида бўлиши шарт» — департамент мудири давлат тили бўйича қўйилаётган янги талаб ҳақида

Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти кўчаларда ва ташкилотлар пештоқида хорижий тилда ёзилган эълон ва пешлавҳаларни давлат тилидагисига ўзгартириш, бу борадаги ишлар ўз вақтида юритилаётгани ҳақида кўп гапиради. Аммо ҳар қандай қонун ёки қарор ижроси жойларда, жамиятдаги ҳолатларда билинади. Кўряпмизки, бу борадаги ишлар сезиларли эмас, ўлда-жўлда. Кўчалар мантиқсиз ва шармандали тарзда хорижий, жумладан, рус тилидаги эълон, пешлавҳаларга тўла.

Биз ташкилот мудири Абдуғаффор Қирғизбоев билан интервью уюштирдик ва ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

— Абдуғаффор ака, сиз суҳбатларда департамент бу бўйича қаттиқ ишлаётгани, ўзбек тилига ўгирилган реклама эълони ва пешлавҳалари бўйича рақамларни келтирасиз, лекин биз, жамоатчилик бу борада умуман ўзгариш сезмаяпмиз. Нима қиляпсизлар ўзи?

— Саволингиз ўринли, аслида департамент ташкил қилинишидан кўзланган мақсад ҳам бутун мамлакат ҳудудида давлат тили мавқейини кўтариш.

Сиз кўчалардаги эълон ва пешлавҳаларнинг ўзбек тилида эмаслиги ҳақида гапиряпсиз. Рост, ҳозир кўчаларда зиёли у ёқда турсин, оддий одамнинг ҳам ғашини келтирадиган ҳолатлар жуда кўп.

Бир ярим йил давомида департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан республикадаги 30 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар давлат тилига ўзгартирилди.

Биз бу бўйича жами 35 мингта ҳолатни ўрганган бўлсак, шуларнинг 70 фоизи хорижий тилларда, яна 10 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар эса давлат тилида аммо хато билан ёзилган экан.

Мен ҳайронман, хусусий тадбиркор: бирорта хорижий тилни билмайди, лекин очган дўкони тепасига хорижий тилда эълон ёпиштиради.

Яна шундай ҳолатлар бор, Ўзбекистоннинг бирор чекка қишлоғи, у ерда бошқа миллатнинг ўзи йўқ, лекин дўкон пешлавҳасига «Мы открылись» (биз очилдик) деб ёзиб қўйишмоқда. Бу нима шармандалик?!

Бу каби мантиқсизлик ҳолатлари давлат идораларида ҳам бор. Масалан, бир туманга борганда расмий қарорлар чиқадиган ҳужжат бланкаси устида ҳам ўзбекча, ҳам русча ёзувларни кўрдим.

Ҳокимга савол беряпман: «Россиянинг бирор туман, шаҳрида қарорлар бланкаси устида русча-ўзбекча ёзишадими?» Вилоят ва туман раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратиши керак.

Биз ҳолатни ўрганиб, аниқладикки, энг катта касаллик Тошкент шаҳрида, вилоят марказларида ва катта-катта шаҳарларда.

Биз ҳозир бош прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия органларидаги маслаҳатчиларимиз билан бирга хорижий тилдаги ёзувларни давлат тилига ўзгартириш бўйича ишлаяпмиз.

Яна бир мисол, мен яқинда Бухоро шаҳрида бўлдим, у ерда мени ажаблантиргани шундай қадимий шаҳарнинг кўчаларидаги реклама ёзувлари, эълон, пешлавҳаларнинг жуда катта қисми хорижий тилларда, жумладан, рус тилида ёзилган.

Ўйлаб кўринг, Бухорога келадиган хорижлик меҳмонларда ҳам савол туғилмайдими, бу қайси давлат, дея. Одамларимиз-чи?

Биз уларга ҳозир муҳлат берганмиз, тугатиши керак бу мантиқсизликларни. Наҳотки, бу ёзувларни шаҳар, вилоят ҳокими кўрмаса?!

Тошкент шаҳрининг биқинида турган Чирчиқ шаҳрида ҳам шу ҳолат! Наҳотки, марказий кўчалардан кунига 100 марта ўтадиган ҳокимнинг хаёлига келмайди бу ҳолат?

Давлат тилини ривожлантириш департаменти тадбиркорлик фаолиятига қарши эмас, лекин оддий масала: тадбиркор реклама эълони, пешлавҳасини давлат тилида ёзсин. Нима, ишхона, ошхона, гўзаллик салонлари ўз номини давлат тилида ёзса, унинг савдоси ўладими?

Бунинг ҳуқуқий томонларига келсак. Биласиз, 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистонда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Орадан 32 йил ўтди. Қонун ҳали давлат сифатида ўзга давлатга қарамлигимизда ёзилган эди. Орадан 32 йил вақт ўтди. Энди ўзгариш керак.

Ҳозир «Давлат тили тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда Қонунчилик палатасидан ўтди, Сенат тасдиғида турибди. Сенат уни тасдиқлаб берса, аҳвол бутунлай ўзгаради. Энди жавобгарлик қатъийлаштирилади.

Янги қонунда реклама баннерлари, эълон ва пешлавҳалар тўлиқ давлат тилида бўлиши белгиланмоқда. Зарур бўлиб қолганда, масалан, хорижий қўшма корхоналар номи хорижий ва давлат тилида бўлиши мумкин, бўлмаса у ҳам давлат тилида.

— Сиз қонунда зарур ҳолларда деган банд бор деяпсиз, лекин бу «менга зарур» дея эълонини яна хорижий тилларда ёзмоқчи бўлганларга қалқон бўлмайдими?

— Йўқ, реклама эълонлари давлат тилида берилиши шарт, мажбурий. Зарур ҳолларда дегани, дейлик, Германия, Англия ёки бошқа давлатлар билан қўшма корхоналар очилганда, уларнинг ҳудудларида зарур бўлса қўйилади.

Мен бу йўлдаги яна бир муаммони гапирмоқчиман. Биз кўп жойда эълонларни олдириб ташлаяпмиз, лекин айримлар яна ўз эълонини қайта илиб қўймоқда. Шунга ўхшаганларнинг онгида миллий ғурур уйғониши керак.

Энг даҳшатлиси, айрим мактабларнинг эълони икки тилда ёзиляпти. Барака топкурлар, битта тилда ёз. Давлат тилида, ўзбек тилида ёз!

— Сўнгги икки ой давомида Тошкентдаги ташқи реклама конструкциялари аёвсиз бузилди.  Сиз хорижий тилдаги ёзувларни ўзбекчалаштириш ҳақидаги саволларимизга қонунчилик деб жавоб берасиз, лекин жойи келганда қонунсиз ҳам бузилар экан-ку. Нега хорижий тилдаги ёзувларни ўзбекчалаштиришда давлатнинг мана шу кучи ишламай қолади?

— Албатта, биз барча миллатлар тилини ҳурмат қиламиз. Аввалги қонунда муаммолар бор эди, лекин ҳозирги қонунимизда бунга жой қолмаяпти. Энди ҳаммаси ўзбек тилида бўлади.

— Қонуннинг ижроси ва жазо қандай бўлади?

— Қонуннинг ижроси, жазолаш прокуратурага юкланяпти. Ижро қаттиқ бўлади. Иккинчидан, жарима миқдори ҳам кўтариляпти.

Бутун дунёда шундай, масалан, Францияда бирор ишхона номи француз тилида ёзилмаган бўлса, у 2 700 еврогача жарима тўлайди.

Бизда амалдаги қонунчилик бўйича жарималар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,3 баравари миқдорида эди, янги қонун бўйича 7 бараваргача кўтариляпти. Қонунни ташкилотлар бузса, жарима миқдори янаям кўтарилади.

Мен шу ўринда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрини алоҳида эътироф этмоқчиман. Шаҳардаги 99 фоиз ёзувлар давлат тилида ёзилган. Бу масалага вилоят ва шаҳар ҳокимининг эътибори юқори экани қувончли.

Тошкент шаҳрининг 12 тумани ҳокими билан мен 2-3 марталаб гаплашиб чиқдим. Ўзгаришлар бор, лекин жуда кам.

Биз минглаб қарор, қонун чиқаришимиз, тадбирлар ўтказишимиз мумкин, лекин одамлар кўчага чиқиб, нима иш қилинаётгани ёки қилинмаётганига баҳо беради.

— Сиз ўзгаришлар ҳақида гапиряпсиз, лекин яқинда Чилонзор туманидаги шифохоналардан бири биносининг тепасида ўзбекча бўлмаган ва лотин ёзувида ёзилмаган ном билан очилди.

— Давлат тилига энг кўп амал қилинмаётган соҳалардан бири –        соғлиқни сақлаш тизими. Шифохоналар, дорихоналар, рецепт ёзиш... Йиллар давомида буларнинг онгига кириб қолганки, ўзгармаяпти. Биз бу тизимнинг раҳбариятига неча бор айтдик, таклиф киритдик, хусусий шифохоналарга айтяпмиз, лекин ҳалигача ўзгармаяпти.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид