Ўзбекистон | 12:48 / 21.10.2024
2717
2 дақиқада ўқилади

“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарида ўрганиш ўтказди. Ўрганиш натижаларига кўра, танлаб олинган ресторан, кафе, ошхона ва буфетларнинг 75 фоизида таомнома давлат тилида эмаслиги, 69 фоизида иш режими кўрсатилмагани, 65 фоизида нархномалар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Фото: Adobe Stock

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналарида (ресторан кафе, ошхона ва буфет) кўрсатилаётган хизматларда санитария-гигиена талаблари бузилаётгани, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётгани юзасидан 250 га яқин мурожаатлар келиб тушган. 

Қайд этилишича, мазкур мурожаатлар юзасидан республикада фаолият юритаётган 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Олиб борилган ўрганишларда умумий овқатланиш субъектлари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этмаслик, таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмагани, йўл бўйида санитар қоидаларига номувофиқ жойларда овқат тайёрлаш, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашдаги муаммолар маълум бўлган.

Шунингдек, ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг:

  • 524 тасида - (75 фоиз) таомнома давлат тилида эмас;
  • 480 тасида - (69 фоиз) иш режими кўрсатилмаган;
  • 449 тасида - (65 фоиз) нархномалар мавжуд эмас;
  • 429 тасида - (62 фоиз) автотураргоҳлар мавжуд эмас;
  • 519 тасида - (74,6 фоиз) фавқулодда вазиятлар учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Рақобат қўмитаси томонидан юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси) тегишли тартибда маълумотлар киритилди.

Қўмита умумий овқатланиш корхонасида қоида ва талаблар бузилишига оид муаммолар учраса, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишни сўрамоқда.

Мавзуга оид