Ўзбекистон | 13:51 / 23.06.2021
33433
7 дақиқада ўқилади

Аксилкоррупцион фармон лойиҳаси эълон қилинди

Ҳужжат лойиҳасига кўра, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш 2022 йил 1 январдан бошланади. Коррупционерлар рўйхати тузилади, уларга нисбатан қатор тақиқлар белгиланади. Давлат хизматчиларига чет элда бойлик орттириш ман этилади. Манфаатлар тўқнашуви масалалари тартибга солинади.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга оид президент фармони ва қарори лойиҳалари эълон қилинди.

Лойиҳалар коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришни кўзда тутади.

Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳужжатлардаги асосий нуқталарни ҳавола этади.

Коррупционерлар реестри

Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини юритиш таклиф этилмоқда.

Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланиши мумкин:

  • давлат хизматига қабул қилиниш;
  • давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларини кўрсатиш;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига кириш;
  • улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш.

Реестр ва унга тааллуқли чекловларга оид қонун лойиҳаси 3 ой муддатда Президент Администрациясига тақдим этилади. Реестрга ушбу қонун қабул қилинганидан кейин коррупцион жиноят содир этган шахслар киритилади.

Декларациялаш

Лойиҳага кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Бунда:

  • мол-мулкни декларация қилишда унинг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш шарти 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади;
  • давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади.

“Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2 ой муддатда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Чет элда бойлик орттириш

2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Манфаатлар тўқнашуви

Лойиҳада берилган таърифга кўра, манфаатлар тўқнашуви деганда “қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар” тушунилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлар ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлар жавобгарликка тортилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилади.

2022 йил 1 январга қадар қуйидаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади:

  • “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”;
  • давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳақида.

Коррупционерларга судда енгиллик берилмайди

Фармон қабул қилингач, 3 ой ичида қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси парламентга киритилади:

  • Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
  • коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
  • даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
  • коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланишига чекловлар белгилаш.

“КРУ” ва бошқа инспекциялар фаолияти ислоҳ қилинади

Фармон қабул қилинганидан сўнг 2 ой ичида, илғор хорижий тажриба асосида давлат молиявий назорат институтларини мақбуллаштириб, унинг самарали моделини жорий этиш ва ушбу соҳада парламент назоратини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

2021 йил 1 ноябрга қадар, қуйидагиларни назарда тутувчи ҳужжатлар лойиҳалари ҳукуматга киритилади:

  • барча инспекцияларнинг вазифа ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ташкилий тузилмаларини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш;
  • бошқа шаклдаги (қўмита, агентлик, хизмат) давлат бошқаруви органларининг назорат соҳасидаги функцияларини мақбуллаштириш.

Маҳаллий бюджетлар масаласи

Маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланишдаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш мақсадида маҳаллий депутатлик кенгашлари мунтазам равишда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши устидан назорат ўрнатиши зарур бўлади.

Олий Мажлис палаталарига эса Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан биргаликда 2 ой муддатда “Маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ташкил этилган вақтинчалик ва махсус жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги намунавий низомни тасдиқлаш тавсия этилади.

Фармон билан қуйидагилар расман белгилаб қўйилади:

  • коррупция – Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири;
  • коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш – барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси;
  • Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этиши шарт.

Фармон билан 2021–2022 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланиши кутиляпти. Дастурдаги таклифларни Kun.uz қуйидаги алоҳида мақолаларда ёритади.

Мавзуга оид