Ўзбекистон | 17:08 / 23.06.2021
17992
4 дақиқада ўқилади

Барча давлат органлари ва ташкилотларида аксилкоррупцион тузилмалар фаолият бошлайди

Бу тузилмалар раҳбарлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан келишган ҳолда, очиқ танлов асосида тайинланади. Уларнинг вазифасига шу ташкилот доирасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик кабилар киради.

Фото: Виталий Тимкив

Коррупцияга қарши курашни кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида, хусусан ҳокимликларда мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.

Бу тузилмалар қуйидагилар учун масъул этиб белгиланади:

  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш;
  • коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;
  • коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

Тузилмалар раҳбарлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан бирга ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Уларни лавозимидан озод этиш масаласи агентлик билан келишилади.

Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом 2 ой муддатда тасдиқланади.

Президент фармони лойиҳасига кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган ва (ёки) қонуний талабларини бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳадан қуйидаги таклифлар ҳам жой олган:

  • агентлик ҳузурида фуқароларнинг коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи, тун-у кун фаолият юритадиган колл-марказ ишга тушириш;
  • агентлик томонидан коррупцияга оид хабарларни кўриб чиқиб, жамоатчиликка маълумот бериш тартиби ва муддатларини аниқ белгилаш;
  • агентлик ҳузурида олимлар, илмий-академик доира вакилларидан иборат Экспертлар гуруҳини тузиш;
  • “Uzbekistan Anti-Corruption Digest” онлайн журналини таъсис этиш, уни ҳар ой ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиб бориш.

Бундан ташқари, лойиҳада қуйидагилар ҳам назарда тутилмоқда:

  • Республика ҳудудларига юбориладиган давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни танқидий таҳлил қилиш, белгиланган меъёрларни ҳақиқий харажатларга мувофиқлаштириш;
  • қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини янгилаш, илмий ва мустақил экспертиза турларини жорий этиш;
  • субсидия ва бошқа имтиёзлар берилган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни “очиқ бюджет” порталига жойлаштириш;
  • Давлат молиявий назорат департаменти таркибида Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бўлинмасини тузиш;
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарда молиявий натижадорлик ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот бериб бориш амалиётини киритиш.

Қуйидаги янги тизимлар пайдо бўлади:

  • автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган “SHAFFOF YO‘L” онлайн ахборот платформаси;
  • даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизими;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими;
  • давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими.

Муҳокамага қўйилган лойиҳаларда коррупцияга қарши тарғибот ишлари, ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида таълим бериш, давлат хизматчиларини янги талаблар асосида ўқитиш ва халқаро соҳадаги ҳамкорлик кабилар ҳам кўзда тутилган.

Мавзуга оид