Жаҳон | 14:39 / 23.06.2021
26487
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: «Дельта» Қозоғистонга етиб келди, Австралия яна бир тўлқиндан хавотирда

Ҳиндистонда сўнгги ойларда илк марта кунлик касалланиш ҳолатлари пасайди, Австралияда эса аксинча, вазият ёмонлашмоқда. Европанинг айрим давлатлари қатъий чеклов чораларини юмшатишни режалаштирмоқда.

DMITRY FEOKTISTOV/TASS

АҚШ касалланиш ҳолатлари ва ўлимлар сони бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда - мос равишда 34,4 млн ва 617 минг. Жаҳон рейтинги учлигини Ҳиндистон (30 млн касалланиш, 390,2 минг ўлим) ва Бразилия (18 млн - 504,8 минг) тўлдирган.

Россиянинг барча 85 регионида сўнгги бир кунда 17 минг 594та касалланиш ҳолати қайд этилди ва бу февраль ойидан буён энг юқори кўрсаткич, Москванинг ўзига кунига 6534 ҳолат тўғри келмоқда. Мамлакат бўйлаб жами 546 киши касалликдан ўлим топган, ҳолбуки бир кун олдинги кўрсаткич 86та эди.

Касалланиш даражаси ошиши муносабати билан Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда концертлар, томошалар, кўнгилочар дастурлар ва спорт тадбирлари ўтказилишига чеклов жорий этди - бундай маросимларда иштирокчилар сони 500 нафардан ошмаслиги керак. Бундай чекловлар ҳам очиқ, ҳам ёпиқ иншоотлардаги тадбирларга тааллуқли ҳисобланади.

Европа: тўлиқ эркинлик учун бир қадам

Буюк Британия бош вазири Мэтт Ҳэнкок ҳар кунги медиа-брифингда катта эҳтимол билан 19 июлдан мамлакат бўйлаб сўнгги чеклов чоралари бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Бу ҳукумат қишда жорий қилган умуммиллий локдаундан чиқишнинг тўртинчи ва сўнгги босқичи бўлади.

Навбатдаги босқичда савдо нуқталари ва корхоналар тўлиқ очилиши, шунингдек, британияликларнинг ижтимоий ҳаётидаги сўнгги чекловлар ечилишини назарда тутади.

Ҳэнкок ҳукумат мамлакат фуқаролари учун халқаро сафарлар бўйича чекловларни юмшатишни ҳам истаётганини маълум қилган. Хусусан, вакциналарни тўлиқ дозада қабул қилган британияликлардан уйга қайтгандан кейин 10 кунлик карантинда ўтириш талаб этилмайди.

Вазир илмий ҳамжамият ҳозирча бундай қадамни тавсия этмаётганини қайд этган, шу билан бирга, вакцинация жараёнидан мақсад ҳам фуқароларни одатий ҳаёт тартибига қайтариш ҳисобланишини таъкидлаб ўтган. Британия туризм саноати ҳам чекловлар бутунлай олинишини кутмоқда, бу соҳа ёзда ўтган йилдаги зарарларини қоплаб олишга умид қилмоқда.

Аммо журналистларнинг чекловлар қачон бутунлай бекор қилиниши ҳақидаги саволига жавобан Ҳэнкок аниқ муддат айтмаган, фақат хавфсиз деб ҳисобланганда, эҳтимол августдаёқ шундай қадам ташланишини билдирган.

Италияда 28 июндан кўчада ниқобда бўлиш мажбурияти бекор бўлади. Бу қоида мамлакатда ўтган йил октябридан буён амал қилмоқда ва сўнгги қатъий карантин чораларидан бири сифатида қолмоқда.

Мамлакатда апрель ойидан буён босқичма-босқич равишда барлар, ресторанлар, кинотеатрлар, спортзаллар очилиши бошланганди. Шунингдек, Италия ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш тартиби тикланганди.

Аммо ниқоб режими бекор қилиниши учун ҳукумат статистик кўрсаткичлар янада пасайишини кутишди.

Ҳозирга келиб кунлик касалланиш кўрсаткичлари йил бошидан буён энг қуйи даражага тушган, шифохоналарга ётқизилганлар сони ҳам минимал ҳолатда.

Италияликларнинг 26 фоизига яқини тўлиқ эмланган, 52 фоиз аҳоли камида бир доза қабул қилган.

Шу билан биргаликда, жамоа транспортида ниқобда бўлиш талаби яна бир қанча вақтгача ўз кучида қолади.

Кейинги ҳафта бошидан Италиядаги барча 20 регион «оқ ҳудуд» сифатида эълон қилинади - маҳаллий ковид-классификацияси бўйича энг хавфсиз ҳудудлар.

Францияда модалар уйи фаолияти бир ярим йиллик танаффусдан кейин тикланмоқда. Париж модалар ҳафталигида таклиф этилган 72 модалар уйидан 6таси жонли тарзда ўз коллекцияларини намойиш этади, улар орасида Dior ва Hermes ҳам бор. Louis Vuitton, Dries Van Noten, Loewe, Tom Browne ва бошқа яна кўплаб брендлар ҳозирча намойишларни виртуал маконда ўтказишни маъқул кўрмоқда.

Аввалроқ Миланда модалар ҳафталиги бўлиб ўтган, подиумга 47 иштирокчи орасидан уч бренд кўтарилган - Dolce and Gabbana, Etro ва Armani.

Ҳозирча Нью-Йорк ва Лондон модалар ҳафталиклари онлайн форматни сақлаб қолмоқчи, аммо ушбу саноат соҳасидаги экспертлар босқичма-босқич одатий ҳаёт тарзига қайтиш мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Дунёдаги вазият: «Дельта» штамми ва янги вакциналар

Ҳиндистонда кунлик касалланиш кўрсаткичлари сўнгги уч ой ичида илк бор 50 мингдан камроқ бўлди. Сўнгги бир кунда мамлакатда 42 мингта ҳолат қайд этилган.

Вакцинация кампанияси тезлаштирилди, эмланиш мумкин бўлган кўплаб пунктлар кунига 24 соат ишламоқда. Душанба кунининг ўзида 8 миллион киши вакцина дозаларини қабул қилган ва бу кунлик рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Ўз навбатида, Ҳиндистон мухолифати ҳукуматни диққатни йўқотмасликка ва эпидемиянинг эҳтимолий учинчи тўлқинига тайёргарлик кўришга чақирмоқда.

Иккинчи тўлқин вақтида дори-дармон, кислород ва шифохона койкалари етишмовчилиги кузатилди.

Ҳиндистон касалланиш ҳолатлари бўйича дунёда иккинчи ўринда жойлашган (қарийб 30 млн киши вирусга чалинган), қурбонлар сони бўйича эса учинчи ўринда (389,3 минг киши).

Австралиянинг Сидней шаҳрида мажбурий ниқоб режими номаълум муддатга узайтирилди.

Сидней - аҳоли гавжум яшайдиган Янги Жанубий Уэльс штати пойтахтидир, бу ҳудудда касалланиш кўрсаткичлари кескин ошган.

Сўнгги бир кунда атиги 10 кишида вирус аниқланган бўлса-да, Австралия ҳукумати вазиятга жиддий қарамоқда, дастлаб Ҳиндистонда аниқланган «Дельта» штамми ушбу мамлакатга ҳам кириб келган.

Мамлакат чегаралари амалда ёпиқ ҳолатда, фақат Янги Зеландия билан авиақатновлар амалга оширилмоқда. Расмийлар ушбу штаммнинг Австралияга кириб келиш йўлларини ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Бу вақтда Қозоғистон ҳукумати «Дельта» мамлакат пойтахти Нурсултонга етиб келганини маълум қилди. Сўнгги ҳафтада шаҳарда кунлик касалланиш кўрсаткичи 40 фоизга ошган, қатор беморларнинг таҳлил натижалари уларга янги штамм юққанини кўрсатган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой регионлар расмийларини шифохоналарни касалланишнинг янги тўлқинига тайёрлашга чақирган, «Дельта» штамми тез орада пойтахтдан ташқарига тарқалиши кутилмоқда. Вазир асосий эътиборни сунъий нафас олдириш аппаратлари сонини кўпайтиришга қаратишга чақирган.

Қозоғистонда сўнгги бир кунда 1248та касалланиш ҳолати қайд этилиб, 12 бемор вафот этди.

Қозоғистон Марказий Осиёдаги коронавирусдан энг кўп жабрланган мамлакат ҳисобланади. Пандемия бошидан буён бу ерда 411 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, шундан 4,2 мингдан ортиқ бемор вафот этган, айни вақтда шифохоналарда 20 мингдан ортиқ бемор даволанмоқда.

Кубалик олимлар коронавирусга қарши вакцина - Abdala’ни ишлаб чиқишди. Препарат уч дозада қабул қилинади, Куба соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, унинг самарадорлиги 92 фоиздан ортади. Клиник синовлар март ойи ўрталарида ўтказилган ва мамлакат фуқароларининг аксар қисми иккинчи дозани олиб бўлган.

Шунингдек, яна бир вакцинани тайёрлаш жараёни кетмоқда - унинг номи Soberana Dos. Бу вакцина самардорлиги икки инъекциядан кейин 62 фоиз бўлиши айтилмоқда, уни такомиллаштириш учун ҳаракат давом этмоқда.

Куба президенти Мигель Диас-Канель олимларни табриклади ва ўн йиллар давомида Америка блокадасида яшаган кичик орол учун бу катта ютуқ эканини таъкидлади.

Мавзуга оид