Истанбул канали: Эрдўған «орзу», мухолифат эса «жиноят» деб атаётган лойиҳа ҳақида нималар маълум?
Илк бор 2011 йилда кун тартибига киритилган Истанбул канали лойиҳаси режалаштирилган маршрутда жойлашувчи кўприкнинг пойдевори 26 июнь куни қўйилди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған «ақл бовар қилмас» ва «менинг орзум» деб таърифлаган Истанбул канали кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Ҳукумат ушбу лойиҳани «республика тарихидаги энг муҳим лойиҳалардан бири» деб таъкидламоқда, мухолифат эса «жиноят ва хиёнат» деб таърифламоқда.
Шанба куни ўтказилган маросим билан Шимолий Мармар автомагистрали лойиҳасининг Башакшеҳир-Баҳчешеҳир-Наққош қисми қурилиши доирасида Сазлидара ўтиш йўли учун қуриладиган ва Истанбул канали остидан ўтиши кутилаётган кўприкнинг пойдевори қўйилди.
Бу тадбир Истанбул канали лойиҳасининг пойдеворини қўйиш маросими деб айтилди.
Таъкидлаш жоизки, Истанбул канали лойиҳасини молиялаштириш ва тендер жараёни бўйича ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Лойиҳалашдан кейинги қурилиш қиймати 15 миллиард доллар деб ҳисобланган ушбу лойиҳа тахминан олти йил давом этиши мумкин. Шунингдек, каналнинг устига қуриладиган олтита кўприк 1,4 миллиард долларга тушиши тахмин қилинмоқда.
Пойдевори қўйилган бино ҳақида нима маълум?
Истанбул каналининг ўтиш йўлида қуриладиган илк кўприк пойдеворининг қўйилиши мазкур лойиҳанинг тамали эканлиги эълон қилинди.
Кўприкнинг кенглиги 46 метр, энг баланд нуқтаси эса 196 метрни ташкил қилади.
Онадўли агентлиги томонидан эълон қилинган хариталарда Истанбул канали ҳам ушбу кўприк остидан ўтиши акс этган.
Автомобил йўллари бош бошқармаси 2020 йил июль ойида ушбу уланиш йўли лойиҳаси бўйича танловни якунлади.
Ўша пайтда нашр қилинган хабарларда Renessans Group томонидан ютиб олинган тендернинг қиймати 8 миллиард лирани ташкил этгани маълум қилинганди.
Лойиҳа якунланиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг, ундан фойдаланадиган транспорт воситаларидан йўл ҳақи олиниши кўзда тутилмоқда.
Пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Истанбул шаҳри мэри Икром Имомўғли пойдевор қўйиш маросимини «иллюзия» деб таърифлади.
«Анча олдин режалаштирилган кўприкнинг оёқларини қўйиш орқали «Мен канал пойдеворини қўйдим» дейиш, бу фақат сиёсий жиҳатдан кунни қутқариш учун қилинган ҳаракатдир», деди Икром Имомўғли.
Лойиҳа нима учун амалга оширилмоқда?
2011 йил 27 апрелда ўша пайтдаги бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда бўлиб ўтган анжуманда Истанбул канали лойиҳасини жамоатчиликка эълон қилади.
«Бугун биз ҳатто Панама канали, Сувайш канали ва Грециядаги Коринф канали билан таққослаб бўлмайдиган асрнинг энг йирик лойиҳаларидан бирига ҳозирланяпмиз», дейди лойиҳани таништирар экан Эрдўған. Президентнинг таъкидлашича, лойиҳа тўлиқ миллий манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Эрдўған ўз нутқида «дунёдаги энг катта кемалар ҳам канал орқали ўтиши мумкинлиги, канал узра қуриладиган кўприклар туфайли автомобил ва темир йўл транспорти узилиб қолмаслиги ва учинчи кўприкнинг уланиш йўллари ушбу каналдан ўтиши»ни таъкидлади.
Эрдўған, шунингдек, Истанбул бўғозидаги тирбандлик камайиши ва лойиҳа туфайли ундаги хавф минималлаштирилишини малум қилди.
Истанбул канали йўналиши қандай?
Матбуотда «ақл бовар қилмас» деб таърифланган лойиҳа орқали Қора денгиз ва Мармар денгизи ўртасида сунъий сув йўлини очиш кўзда тутилган.
Лойиҳалаштирилган каналнинг узунлиги 40 километр, кенглиги 150 метр ва чуқурлиги эса 25 метр бўлади.
Агар лойиҳа амалга оширилса, Истанбул бўғози канал билан бирга танкерлар ҳаракати учун тўлиқ ёпилади. Истанбулда иккита янги яриморол ва янги орол пайдо бўлади.
Истанбул канали атрофида барпо этиладиган янги турар жойлар майдони 453 миллион квадрат метрни ташкил қилади.
«Янги шаҳар» деб номланган ушбу минтақада Истанбул канали пайдо қиладиган 30 миллион квадрат метрдан бошқа ерлар қуйидагича тақсимланади:
- 78 миллион квадрат метр майдонда аэропорт;
- 33 миллион квадрат метр майдонда Испартакуле ва Баҳчешеҳир;
- 108 миллион квадрат метр йўллар;
- 167 миллион квадрат метрдан ортиқ районлаштирилган участкалар;
- 37 миллион квадрат метр майдонда яшил майдонлар.
Лойиҳа нима учун танқид қилинмоқда?
Мухолифат партиялари, Истанбул расмийлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва кўплаб нодавлат ташкилотлар ушбу лойиҳага қарши чиқмоқда.
Мутахассислар ушбу лойиҳа Истанбулнинг табиий тузилишига ўнглаб бўлмас даражада зарар етказиши мумкинлигини ва бу «ижара лойиҳа» эканлигини таъкидлашмоқда.
Истанбул мэри Имомўғли Истанбул каналини «жиноят лойиҳаси» деб таърифламоқда.
«Ушбу даҳшатли лойиҳа билан мамлакатнинг зилзила хавфи юқори бўлган минтақасига 8 миллион киши «қамалади». Зилзила пайтида бундай юқори сонли аҳолини кўчира оладиган бирор давлат йўқ дунёда», деганди Имомўғли 2019 йил декабр ойида берган баёнотида.
Имомўғлининг айтишича, лойиҳа ҳозирча тахминан 75 миллиард долларга тушади, унинг ўрнига мамлакатда бир неча диққатга сазовор марказлар яратилиши мумкин.
«Қисқаси, бу лойиҳа ҳатто Истанбулга хиёнат қилиш лойиҳаси ҳам эмас. Бу расмий равишда жиноят лойиҳасидир. Бу Истанбул учун кераксиз бир фалокат лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа битганда, Истанбул ҳам адо бўлган бўлади», дейди Имомўғли.
Истанбул расмийлари анчадан буён «Ё канал, ё Истанбул» шиори остида лойиҳа қурилишининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли кампания олиб бормоқда.
Истанбул канали туфайли юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида энг батафсил ҳисоботлардан бирини тайёрлаган Туркия муҳандислари ва меъморлари бирлашмаси (TMMOB) ҳам лойиҳа «Истанбулнинг энг муҳим сув манбаларидан бири бўлган Сазлидарани йўқ қилади» деган асос билан лойиҳага қарши чиқмоқда.
Ноябрь ойида Жавоҳир Эфе Оқчелик ТММОБ Истанбул вилоят мувофиқлаштирувчи кенгаши номидан ушбу мавзуда баёнот берганди.
«Бугун Истанбул ичимлик сувининг 70 фоизини бошқа вилоятлар ҳисобига қондиришга мажбур бўлаётган, президент Эрдўған таъбири билан айтганда, «сувсизлик сари кетаётган» бир шаҳардир. Мана шундай бир пайтда мавжуд сув захираларимизни йўқ қилиш мумкин эмас. Шимолий ўрмонларни, яйловларни, қишлоқ хўжалиги майдонларини ва барча ҳассос экотизимларни йўқ қилувчи ушбу лойиҳани ҳимоя қилиб бўлмайди», деди у.
Оқчелик мазкур лойиҳа Туркия Конституциясининг 56-моддасига зид эканлигини ҳам таъкидлади.
Туркия Конституциясининг 56-моддасида «Ҳар бир инсон соғлом ва мувозанатли муҳитда яшаш ҳуқуқига эга. Атроф-муҳитни ривожлантириш, атроф-муҳит саломатлигини муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш давлат ва фуқароларнинг бурчидир» деб таъкидланади.
TMMOB, шунингдек, Истанбул канали лойиҳаси «учта фаол ёриқ чизиқ ўтган ҳудудга аҳоли ва қурилиш босимини ўтказиши натижасида фалокат хавфини оширади», деб таъкидламоқда.
Мавзуга оид
20:48 / 25.12.2024
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «дафн этиш»га ваъда берди
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024