Жамият | 21:13 / 28.06.2021
2962
2 дақиқада ўқилади

Қаршида ниқобсиз йўловчиларни олиб юрган ҳайдовчилар жаримага тортилмоқда

Қарши шаҳрида ўзи ниқобсиз бўлган ҳамда ниқобсиз йўловчини олиб юрган ҳайдовчиларга чора кўриш бошланган. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 28 июнь куни Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ходимлари вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида назорат тадбирларини ўтказишган. Тадбирда йўловчи ташиш билан шуғулланган ҳолда карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларни аниқлашга асосий эътибор қаратилган. Жумладан, ўзи ниқобсиз бўлган ёки ниқобсиз йўловчиларни олиб юрган ҳайдовчиларга чора кўрилган.

Қайд этилишича, ўзи ниқобсиз бўлган ёки ниқобсиз йўловчини олиб юрган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан баённомалар расмийлаштирилган. Таъкидланишича, бу каби тадбирлар яна давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус тарқалишига қарши курашиш республика комиссиясининг тегишли қарорига кўра, ниқобсиз йўловчиларни жамоат транспортларига чиқаришга рухсат этилмайди. Шунингдек, одам ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг ҳам ниқобсиз юришлари тақиқланади.

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида жорий йил 17 март кунидан бошлаб жамоат транспортларида ниқобсиз юриш тақиқланганди.

Мавзуга оид