Спорт | 17:50 / 08.07.2021
27952
11 дақиқада ўқилади

Италия ва Англия қолди. Стерлингнинг шов-шувли йиқилиши ва Моратанинг пенальтиси: Евро 1/2 финалининг асосий воқеалари

Англия — Евро финалида. Футбол уйга қайтмоқда, аммо ноҳақ пенальтидан кейинги қора йўл билан.

Европа чемпионатининг яримфинали қандай воқеалар билан ёдда қолди?

Ҳал қилувчи ўйинга Лондон мезбонлик қилади.

6 июль кун оқшомида «Уэмбли»да кечган биринчи яримфинал баҳсида Италия пенальтилар сериясида Моратанинг ҳал қилувчи зарбада хатога йўл қўйиши оқибатида Испанияни уйига равона қилди.

Англия эса 7 июль кунги иккинчи яримфиналда қўшимча бўлимларда Стерлинг ишлаган баҳсли пенальти туфайли Дания тўсиғидан ўтди.

Италиянинг тўртинчи финали

Евро-2020. 1/2 финал
Италия — Испания — 1:1 қ.б. (0:0, 1:1, 0:0). Пенальти — 4:2
Голлар: Кьеза, 60 (1:0). Мората, 80 (1:1).
Пенальтилар серияси: Локателли — 0:0 (дарвозабон). Ольмо — 0:0 (хато). Белотти — 1:0. Морено — 1:1. Бонуччи — 2:1. Тиагу Алькантара — 2:2. Бернардески — 3:2. Мората — 3:2 (дарвозабон). Жоржиньо — 4:2.
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Кьеллини, Бонуччи, Эмерсон (Толой, 74), Верратти (Пессина, 74), Жоржиньо, Барелла (Локателли, 85), Кьеза (Бернардески, 107), Иммобиле (Берарди, 61), Инсинье (Белотти, 85).
Испания: Симон, Аспиликуэта (М.Льоренте, 85), Ляпорт, Гарсия (Пау Торрес, 109), Жорди Альба, Торрес (Мората, 62), Педри, Коке (Эрнандес, 70), Бускетс (Тиагу Алькантара, 106), Ольмо, Ойярсабаль (Морено, 70).
Огоҳлантиришлар: Бускетс, 51. Толой, 98. Бонуччи, 118.
Ҳакамлар: Бриҳ. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Дингерт, Гиттелманн, Данкерт (барчаси — Германия).
6 июль. Лондон. «Уэмбли» стадиони. 57811 томошабин.

Италия ва Испания ўртасидаги учрашув аввалдан турнирнинг энг томошабоп, мазмунли ва динамик ўйини бўлиши кутилаётганди, амалда ҳам шундай бўлиб чиқди — бу ҳозирча турнирнинг сифатли футбол жиҳатдан энг яхши учрашувига айланди. Икки жамоа ўйин услубида ўзаро ўхшаш жиҳатлар бор эди. Икки жамоа ҳам тўпга эгалик қилишни истайди, икки жамоа ҳам юқори прессинг ва контрпрессинг қўллайди, ҳатто бир хил схемадан фойдаланади - 4-3-3.

Роберто Манчини бошчилигидаги ҳозирги Италия ҳозирги Испаниядан кўра кўпроқ испанча футбол намойиш этмоқда. Бутун турнир мобайнида Италия доминант мавқеда ўйнади. «Скуадра адзурра» ўз ўйини билан испанларга хос бўлган тики-такининг замонавий версиясини эслатиб юборди ва Евронинг энг ёрқин жамоаси сифатида олқишларга сазовор бўлди.

Испанияга қарши ўйинда эса Роберто Манчини жамоаси азалий услубига қайтишига тўғри келди. Луис Энрике йигитлари ўйин давомида барча жабҳаларда устунлик қилишди, аммо вазиятлардан фойдалана олишмади, аммо рақибни пенальтилар сериясида иштирок этишга мажбур қилди.

«Уэмбли» асосан Лондонда яшовчи мухлислар билан тўлганди — шунингдек, бу ўйин учун турнирнинг аввалги босқичларини қурбон қилган итальянлар ва испанлар билан (Британиядаги карантин қоидаларига кўра, ушбу мамлакатга келгач, 10 кунлик карантинда ўтириш керак).

Кьеллини ва Бонуччи, Вератти ва Жоржиньо ҳимояда катта иш қилишига тўғри келди. Бир соат чидаб берган италияликлар Кьезанинг чиройли зарбасидан кейин енгил тин олишди. Энрике катта фарқ билан тўпга эгалик қилишда устунлик қилиши натижа бермади, аммо захирадан тушган Мората ўйиннинг охирги қисмида Ольмонинг узатмасини голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди. Евро-2020нинг асосий ёш юлдузларидан бўлган Педри топ-матч ўтказиб, узатмалар аниқлиги бўйича феноменал натижа кўрсатди.

Томонлар қўшимча бўлимларда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишди ва ўйинни пенальтилар сериясигача чўзишди. Унаи Симон биринчи зарбани - Локателлининг зарбасини қайтарди, аммо ундан кейин Ольмо ҳам хато қилди, Мората эса Доннаруммани алдай олмади.

Испаниялик форвард пенальтилар статистикасини янада ёмонлаштирди ва испан мухлисларидан навбатдаги таҳдидларни қабул қилишда давом этади, «Милан»дан «ПСЖ»га ўтаётган италиялик дарвозабон эса кеча қаҳрамонига айланди.

Италия мағлубиятсиз серияни 33 ўйинга етказди. Жаҳон рекорди Бразилия ва Испанияга тегишли — 35. «Скуадра адзурра» ўз тарихида тўртинчи бор Европа чемпионати финалига чиқди.

Англиянинг илк финали

Евро-2020. 1/2 финал
Англия — Дания — 2:1 қ.б. (1:1, 0:0, 1:0)
Голлар: Дамсгор, 30 (0:1). Кьер, 39 — автогол (1:1). Кейн, 104 (2:1).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Кейн, 104 (дарвозабон)
Англия: Пикфорд, Уокер, Шоу, Стоунс, Магуайр, Райс (Ҳендерсон, 95), Маунт (Фоден, 95), Сака (Грилиш, 69. Триппьер, 106), Филлипс, Кейн, Стерлинг.
Дания: Шмейхел, Кьер, Вестергор (Винн, 105), Кристенсен (Андерсен, 79), Стрюгер Ларсен (Васс, 68), Меҳле, Дилэйни (Йенсен, 88), Ҳейберг, Брэйтуэйт, Дольберг (Нергор, 67), Дамсгор (Поульсен, 65).
Огоҳлантиришлар: Магуайр, 49. Васс, 72.
Ҳакамлар: Маккели. де Фрис, Стегстра (барчаси — Нидерландия).
ВАР: ван Букел. Блом (иккиси — Нидерландия), Гиттельманн (Германия), Гиль (Польша).
7 июль. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

Англия термаси қаторасига иккинчи йирик турнирда яримфиналда ўйнаши бу жамоанинг салоҳиятига шубҳа билан қараганларга жавоб бўлди. Ўйиндан олдин инглизлар бош мураббийи Гарет Саутгейт шундай деди: «Кўпчиликда биз бундай мусобақаларда яхши иштирок эта олмаслигимиз ҳақида тасаввур бор. Ҳозир эса йигитларимиз бундай тасаввурларни йўққа чиқармоқда». Англияликлар ҳамиша турнир фаворитлари қаторида бўлишади ва Англия футбол ватани ҳисобланади, аммо уларнинг тарихдаги натижалари жуда ва жуда камтарона. Инглизлар фақат 1966 йилда Англия мезбонлигидаги турнирда муваффақият қозонишган. Шу билан бўлди — жамоа шундан кейин жаҳон ва Европа чемпионатларида ҳатто финалга ҳам чиқишмаган. Данияликлар эса 29 йил муқаддам Европа чемпионатида ғолиб бўлишганди.

«Football's coming home», — шу кунларда бутун Англия бу сўзларни такрорламоқда. Евро-1996 учун ёзилган қўшиқ янги ҳаётини бошлади. Чорак аср муқаддам «Уч шерлар» уйдаги турнирда яримфиналдаги пенальтилар сериясида немисларга ютқазганди. Ҳал қилувчи 11 метрлик зарбани ўшанда Саутгейт голга айлантира олмаганди. Бу ҳақда Германияга қарши 1/8 финал арафасида ҳам кўп эслашганди, бу сафар яна бир сабаб пайдо бўлди — Евро финалига чиқиш учун ўйин яна «Уэмбли»да эди.

Данияга қарши Саутгейт тўрт ҳимоячили тактика танлади — худди Украинага қарши ўйиндаги каби. Таркибдаги футболчилар ҳам ўша ўйиндаги билан деярли бир хил эди — фақат ҳужум қанотида Сака Санчо ўрнини эгаллади. Данияликлар ҳам ҳеч қандай сюрприз бўлмади.

Икки жамоа ҳам майдонга катта иштиёқ билан тушишганди. Биринчи бўлимнинг дастлабки қисмида британлар ҳужумга ўтишнинг барча йўлларини қўллаб кўришди — қанотлар орқали ҳужумлар, узун узатмалар, чизиқлар орасидан ёриб ўтишга уринишлар. Қанотлардан узатмалар ҳам иш бермади — данияликлар ҳимояни қаттиқ ушлашди.

Натижада биринчи бўлиб данияликлар гол уришди: Дамсгор жарима зарбасини шундай ижро этдики, Пикфорднинг сакраши гол фақат чиройли бўлишини таъминлади. «Уэмбли» мутлақо ўзгача чиқди: бу ҳам Евро-2020даги жарима нуқтасидан урилган илк гол бўлди, ҳам инглизлар турнирда илк бор гол ўтказиши бўлди. Аммо Пикфорд барибир Гордон Бэнкс томонидан 1966 йилги турнирда ўрнатилган «қуруқ» серия ўтказиш бўйича рекордни янгилашга улгурди (афсонавий жаҳон чемпиони 1966 йилнинг май-июль ойларида жами 720 дақиқа давомида дарвозаси дахлсизлигини сақлаганди, Жордан эса бундай дақиқаларни 725 дақиқага етказиб қўйди).

Қайд этиш керакки, жарима зарбаси арбитр Данни Маккелининг хатоси билан белгиланганди. Ҳакам Люк Шоу Андреас Кристиансен билан тўп учун курашда қўполлик қилди деб топди, аммо даниялик футболчи ўзи йиқилганди.

Англияликлар тезда ўзига келди ва ҳужумларни давом эттиришди. Аввалига Стерлинг қулай вазиятни йўққа чиқарди, кейинги вазиятда Кьер унга гол уришга йўл қўймади - у жорий турнирдаги 11-автогол муаллифига айланди. Бу эпизодда барча ишни Кейн ва Сака бажаришди, «Арсенал» футболчисининг жарима майдонига ёриб кириб берган узатмасини тўсишга уринган ҳимоячи тўпни ўз жамоаси дарвозасига йўллаб қўйди.

Иккинчи бўлимдаги ўйин Англиянинг бу Евродаги энг яхши ўйини бўлди. Шмейхель Магуайрнинг бош билан берган зарбасини дарвоза устуни ёнидан қайтариб юборди, Пикфорд ҳам Дольбергнинг мураккаб зарбасини тўсди, кейин данияликлар дарвозасига яна бир автогол урилишига бир бахя қолди...

Вазиятлар етарлича бўлди, аммо ўйиннинг сўнгги 15 дақиқасида томонлар куч тежаб, қўшимча бўлимларга тайёрлана бошлашди. Овертаймда эса инглизлар рақибни таслим қилишди.

Майдон эгалари ўйин пенальтилар сериясигача давом этмаслиги учун барча ишни қилишди. Стерлинг скандинавлар ҳимоясини ёриб ўтишга муваффақ бўлди ва пенальти ишлади. Айтиш керакки, бу жуда баҳсли пенальти бўлди. 

Ўйиннинг 103-дақиқаси ўтиб бораётган вақтда учрашув ҳаками яна хато қилди. У данияликлар жарима майдонида Раҳим Стерлингга фол қайд этилган деб топди ва 11-метрлик нуқтани кўрсатди.

Аммо такрорларнинг ҳеч бирида реферининг қарори тўғри бўлганини кўрсатувчи кадр йўқ эди: на Йоаким Меҳле ва на Матиас Йенсен англиялик футболчи билан курашда қоида бузганди - уларнинг ҳаракатлари футболчининг йиқилишига сабаб бўлмаганди. Видеотакрорлардан кейин ҳам ҳакам қарорини ўзгартирмади.

Қолаверса, ҳужум уюштирилаётган вақтда майдонда, Дания дарвозаси яқинида иккинчи тўп ҳам бор эди ва ҳакам ўйинни тўхтатмади.

Нуқтага Кейн яқинлашди... Шмейхель тўсди. Аммо инглизлар тўпурари қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келди — трибуналар ақлдан озаёзди.

Саутгейт иккинчи қўшимча бўлим олдидан эҳтиёткорликка урғу қаратди ва уч марказий ҳимоячи билан ўйнай бошлади. Иккинчи бўлимда Сака ўрнига тушган Грилиш майдондан олиниб, унинг ўрнига туширилди. Бу эса эртакни яримфиналда якунлаётган данияликларга ҳукм ўқувчи қарор эди.

Данияликлар 105-дақиқадан бир киши кам бўлиб қолишди. Матиас Йенсен иккинчи қўшимча бўлимга чиқмади: танаффус арафасида ушбу футболчи жароҳат олиб майдондан чиқди. Унинг ўрнига эса бошқа футболчи тушмади - Каспер Юльманн асосий вақтда рухсат берилган барча алмаштиришларни амалга ошириб бўлган, қўшимча бўлимлар учун ягона алмаштириш эса Йенсен жароҳатланишидан бир неча сония олдин қилинганди – 105-дақиқада майдонга Йонас Винд тушган.

Англия 55 йил ичида илк бор катта турнирларда финалга чиқди ва Европа чемпионатидаги илк ғолиблик учун яхши имкониятга эга бўлди. Бу катта ютуқ бўлади, аммо 11 июль оқшомида «Уэмбли»да ўтадиган ўйинда итальянларга ютқазиш эса фожиа сифатида қабул қилинади.

Мавзуга оид