Спорт | 15:50 / 18.07.2024
20652
13 дақиқада ўқилади

Месси билан суратга тушишни истамаган бола, фаррошнинг ўғли ва ноодатий оёқлар. Европанинг янги чемпионлари ҳақида қизиқарли фактлар

Испания миллий жамоасининг кўплаб футболчилари қизиқарли биографияга эга.

Фото: Спорт-Экспресс

Испания миллий жамоаси рекорд даражада тўртинчи бор Европа чемпионатида ғалаба қозонди. Евро-2024 финалида «Қизил фурия» Нико Уилямс ва Микел Ойярсабалнинг голлари эвазига Англияни мағлуб этди (2:1). Жамоанинг қатор футболчилари юқори даражага чиққунича машаққатли меҳнат ва қийин паллалар йўлини босиб ўтган. Қуйида Европанинг янги чемпионлари тўғрисидаги драматик ва баъзи ҳолларда кулгили тарихлар келтирилади.

Месси олти ойлик Ямални болалар ваннасида чўмилтирган

Евро вақтида Ламиннинг отаси турнирнинг энг яхши ассистентининг (тўртта голли пас) болалигида рўй берган ажойиб воқеани эслади. Ямал ярим ёшлигида (2007 йил декабр) Лионел Месси билан фотосессияда иштирок этган, уни «Барселона»нинг ўша вақтдаги титул ҳомийлари Diario Sport ва ЮНИСЕФ уюштирганди. Ташкилот болалар ҳимояси билан шуғулланган ва шунинг учун фотосессияда жамоа футболчилари билан бирга чиқиши учун Каталониянинг қашшоқ ҳудудларидан номзод чақалоқ қидирган.

Улардан бири олти ойлик Ямал эди. Унинг ота-онаси фотосессияда иштирок этишга номзодлар танловида ғолиб чиқади. Месси митти Ламинни болалар ваннасида чўмилтираётгани акс этган сурат шундай яралади. Фотосуратчи Жоан Монфорт бу образни ўз қизини чўмилтираётган чоғда ўйлаб топганини айтган. Бу «Барселона»нинг икки энг истеъдодли тарбияланувчисининг ажабтовур учрашуви бўлганди.

Родри фаолиятининг илк даврида ётоқхонада яшаган

Ушбу яримҳимоячи болалигидан кўп вақтни нафақат футболга, балки ўқишга ҳам ажратган — ҳатто инглиз тилини ўрганиш учун АҚШ ва Ирландияга борган. У профессионал фаолиятини бошлаганидан кейин ҳам таълим олишни тўхтатиб қўймаган. 2013 йилда у «Вилярреал»га қўшилади ва икки йил ўтиб ла лигада дебют қилади. Ўшанда Родри 19 ёшда бўлган ва у ҳамон Кастилия университетида бизнес бошқаруви бўйича таҳсилни давом эттираётганди. Бу вақтда футболчи ўқув муассасаси ётоқхонасида яшаган ҳамда бу билан гуруҳдошларини ҳайрон қолдирган.

Нико Уилямснинг ота-онаси Саҳройи Кабирни пиёда кезиб ўтган

Евро финалидаги биринчи гол муаллифининг ота-онаси Либериядаги фуқаролик уруши ва қашшоқликдан қочиб, тинч ва фаровон ҳаёт излаб йўлга чиққан африкаликлар эди. Улар қора қитъанинг энг шимолий нуқтаси ва Испания ҳудуди ҳисобланган Мелиля шаҳрига етиб олиш учун Африканинг қарийб ярмини пиёда юриб ўтади. Бу йўлнинг катта қисми ўлим хавфига тўла бўлган Саҳройи Кабир бўйлаб ўтарди — ушбу саёҳат давомида Никонинг отаси оёқнинг пастки қисмида сезувчанликни йўқотади. Улар Испания чегарасидан ўтганида эса қамоққа ташланади — фақат адвокат уларга қамоқдан чиқиш ва Испанияда қолишда ёрдам беради.

«Улар том маънода бутун йўлни пиёда ҳолда босиб ўтишган, — дея ҳикоя қилади Никонинг акаси Иняки. — Онам уларнинг ҳамроҳларидан кўпчилиги бу синовларга бардош беролмагани ва уларни саҳронинг ўзида дафн этишга тўғри келганини айтиб берган. У шунингдек яхши ҳаёт истаб Испанияга ёки бошқа мамлакатларга йўл олган одамларни тунаган қароқчилар ҳақида айтиб берган. Улар шундай одамлар билан ҳам тўқнашган».

Дани Олмо болалигида Месси билан суратга тушишдан бош тортган ва 16 ёшида Хорватияга кетиб қолган

Евро-2024 чемпионатининг энг яхши тўпурарларидан бири «Барселона» академияси юлдузларидан бири эди — у 16 ёшида ўз ёш тоифасидаги гуруҳ сардори эди ва «Ла Масия» раҳбарияти унга катта умид билдирарди. Аммо ўсмир Олмо отаси билан маслаҳатлашганидан кейин футболчилик фаолиятининг давоми учун ўта ноодатий қарор қабул қилиб, «Барса» билан шартномаси якунлангач, ўйин амалиёти учун Хорватияга йўл олади. Каталонияликлар ушбу йигитчани олиб қолишни исташганди, қолаверса, унга «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» каби клублар қизиқиш билдирганди. Аммо Дани барча топ-клублардан кўра Загребнинг «Динамо» клубини афзал кўради.

Якунда ушбу испан Хорватияда беш йилдан ортиқ вақт ўтказиб, ушбу мамлакатга меҳр қўяди — уни ўзининг иккинчи ватани деб атаб, маҳаллий тилни ўрганади ҳамда югослав урушлари тарихини ўрганишга қизиқиб қолади. Бу вақтда эса «Барселона»дагилар кўзларига ишонмасди: улар ота ва ўғилни аҳмоқлар деб атаб, катта Олмони болакайнинг карьерасини барбод қилишда айблашади.

«Улар Данига қўнғироқ қилишган, ёзишган: «Қаёққа ғойиб бўлдинг? Сен нималар қиляпсан?», — дея хотирлайди хорватиялик агент Энди Бара.

Данининг болалигида яна бир ажабтовур воқеа рўй берганди. У саккиз ёшида Барселонага қўшни бўлган Кастелдефелсе шаҳарчасидаги турнирда иштирок этади — германиялик болаларга қарши ўйин бўлаётган стадионга кутилмаганда барча каталониялик болалар кумири бўлган Лионел Месси ташриф буюради. Олмонинг отасининг дўсти болакайни суратга тушишга чақиради, аммо у рад этади — унга майдонда тўп ўйнаш қизиқроқ эди. Буни кутмаган эркак эса қарийб куч ишлатган ҳолда уни аргентиналикнинг ёнига судраб олиб келади. Суратга тушишдан кейин болакай Мессига бирор сўз демасдан яна майдонга чопиб кетади.

Начо 12 ёшидан қандли диабет билан оғриб келади

«Реал» сардори болалигидаёқ футбол билан хайрлашиши мумкин эди. 12 ёшида — ўшанда Начо Фернандес аллақачон бланкослар академиясида шуғулланарди — унга қандли диабет ташхисини қўйишади ва спорт билан шуғулланишни тақиқлашади. Кичик испаннинг фаолиятини оила шифокори сақлаб қолади, у энди болакайга кўпроқ жисмоний юклама кераклигини айтади.

«Бир турнирдан қайтгандим, бутун ҳафта қийин ўтганди: жуда чанқагандим, жуда кўп сув ичдим ва тез-тез ҳожатхонага чопардим, — дея ҳикоя қилади Начо. — Онам мени шифохонага олиб борди — менда диабет аниқланди, қонимда шакар миқдори жуда юқори эди. Бу жума куни эди, менга футболни унутишим кераклигини айтишди. Бундан ёмонроқ янгиликни тасаввур қилиб бўлмасди ва мен бутун дам олиш кунлари шу билан яшашим керак эди. Душанба куни эса мен оилавий шифокоримизга бордим ва у менга бунинг аксини айтди: мен спорт билан кўпроқ шуғулланишим ва ҳеч қанақасига футболни ташламаслигим кераклигини. Буни эшитиб мен бахтдан еттинчи осмонга чиққандек бўлдим. Аммо бундан буён мен ўзимга кўпроқ ғамхўрлик қилишим талаб этиларди».

Хесус Наваснинг руҳий муаммолари

Испаниялик футболчи кўп йиллар давомида ички қўрқувини енга олмай яшайди. 2006 йил ёзида истеъдодли Хесус Севиляни тарк этиш ва яшаш жойини ўзгартиришдан қўрққани туфайли «Челси»га ўтишдан бош тортган. Руҳий муаммоларнинг илк хуружи футболчига 18-19 ёшларида ёғилади — сафар ўйинларига борганида асаблари дош бермай уйғониб кетар, уйқусизликдан қийналар ва ҳатто юрагида муаммолар пайдо бўларди. Истиқболли футболчи «Челси»дан кейин «Арсенал» ва «Реал»га ҳам рад жавобини беради. Аввалига у ҳатто Испания миллий жамоаси йиғинларига боришдан ҳам қўрққан.

Кейин эса шифокорга учраб, муаммони ҳал қилишга киришади. Унда агорафобиянинг оғир шакли аниқланади — бу одамлар гавжум жойлар, шовқин ва уйдан узоқда бўлишдан қўрқиш ташхиси эди. Қайсидир паллаларда Хесусга сафарларда у билан бир хонада яшаган Серхио Рамос кўз-қулоқ бўлган ва унинг ёнидан жилмаган. Навас кўп вақт давомида психологлар билан ишлаган ва тузала бошлаган: 27 ёшида эса ота-онасидан ажралиб чиқиб, оила қуради ва ниҳоят «Севиля»ни тарк этади. Унинг янги клуби «Манчестер Сити» бўлади, ушбу клуб Хесус келиши учун жиддий иш олиб борганди — испаниялик футболчи оиласи билан бирга кўчиб келиши учун шароит яратган, ҳатто унинг акаси Маркони Манчестернинг «Бери» клубига жойлаштириб, уларнинг яқин бўлишини таъминлаганди.

Кукурелянинг онаси у футбол майдонида ажралиб туриши учун сочини узун ўстирган

Узун соч ҳимоячи — Испания жамоасининг ташқи кўриниши билан яққол ажралиб турадиган футболчиси. Марк болалигидан узун сочларга эга бўлган. Аввалига унинг онаси шу тарзда уни футбол майдонидаги бошқа болалардан осон фарқлашни хоҳлаган, улғайгач эса Кукурелянинг ўзи ҳам имижини ўзгартиришни истамаган.

Фабиан Руиснинг онаси ўғлининг карьерасини сақлаб қолиш учун «Бетис» академиясида фаррош бўлиб ишлаган

Евронинг энг яхши яримҳимоячиларидан бирининг болалиги оғир ўтган. Фабиан саккиз ёш эканида отаси оилани ташлаб кетади — она уч бола билан ёлғиз қолади. Бу вақтда Фабиан «Бетис» академиясида шуғулланишни бошлаганди, аммо машғулотларга бориш учун бир соатга яқин вақт кетарди. Ёлғиз она бу вақтни ажратишга жуда қийналарди, чунки яна икки фарзандига қараши ва уларни боқиш учун ишлаши керак эди.

Митти футболчига клуби ёрдамга келади — «Бетис» онаси уни ҳар куни муаммосиз машғулотга олиб келиши учун унга фаррошлик ишини таклиф қилади. Якунда аёл бу лавозимда 14 йил давомида ишлайди ва фақат ўғли уни таъминлай бошлаганидан кейингина ишдан кетади.

«Мен уятчан болакай эдим, аммо у фаррош бўлиб ишлаши менга ғалати туюлмасди, — дея хотирлайди Руис. — Бу ҳам бошқа ҳар қандай иш каби иш. Ҳа, онам ҳар куни мен ва дўстларим олдида бўлиши ноодатий ҳол эди, аммо мен буни ғурур билан қабул қилдим. Онам — менинг кумирим».

Испаниялик мухлислар Моратадан нафратланишган

«Қизил фурия» сардори — миллий жамоа сафидаги энг кўп танқидга учраган футболчи эди. Ўтган сафарги Европа чемпионати вақтида ҳужумчи манзилига тонналаб нафрат ёғдирилади: 2021 йилда Алваро уч гол урганди, аммо испаниялик мухлислар уни вазиятлардан фойдалана олмагани учун тинч қўйишмайди. Фанатлар футболчига, унинг рафиқаси ва ҳатто болаларига ўлим тилашади. Испанлар Моратага ҳуштакбозлик қилишади ва унинг руҳий ҳолатини масхара қилишади — Полша билан ўйиндан кейин форвард тўққиз соат мобайнида ухлай олмайди, чунки Испаниянинг ўйиндаги ягона голини урганига қарамай, танқидларнинг улкан оқимига учрайди. У кейинроқ яримфиналда Италияга қарши пеналтилар сериясида ҳам ҳал қилувчи зарбада хатога йўл қўйгач, янада қаттиқроқ танқид қилинади.

Бу Еврода ҳам вазият шунга ўхшаш эди. Турнир бошланишидан олдин унинг чақирилиши хато эканини айтишди, унинг устидан кулишди, танқид қилишди ва жамоа усиз яхшироқ ўйнашини айтишди. Алваро эса бундан қаттиқ ранжиди.

«Мени қаттиқ танқид қилишмоқда, ҳолбуки Еврода ғолиб чиқиш учун мен қўлимни кесиб беришга тайёрман, — дея норозилик билдиради у. — Испанияда мен чиндан ҳам ўзимни бахтиёр ҳис қилишим қийин».

Энди у яна Италияга, бу сафар «Милан» клубига қайтмоқда.

Ойярсабал оёқларининг улкан ҳажми учун кулгили лақаб олган

Финалдаги ғалаба голи муаллифи Микел Ойярсабал антиқа оёқларга эга — ҳужумчининг оёқлари 47-ўлчамда. Шу билан бирга, унинг бўйи у қадар баланд эмас — 181 сантиметр. «Реал Сосиедад» тарбияланувчиси Қора одам лақабини олгани бежиз эмас. Бундай узун оёқ билан Микел финалдаги гол урилган вазиятда офсайдга тушмай қолгани ҳам ажабланарли — уни «ўйиндан ташқари» ҳолатдан бир неча сантиметр ажратиб қолган.

Мавзуга оид