Жамият | 15:13 / 12.07.2021
7251
11 дақиқада ўқилади

Жанубий Осиё биз учун йирик бозор — мутахассис минтақадаги ўзгаришлар ва янги имкониятлар ҳақида

Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев «Марказий ва Жанубий Осиё: ҳамкорликнинг янги босқичи» номли мақоласида Ўзбекистон ташқи сиёсатида рўй бераётган туб ўзгаришлар хусусида фикр юритиб, минтақа давлатлари билан яқин алоқалар мамлакатлар иқтисодиёти ривожида ҳам ўз самарасини бераётганини қайд этди.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йилда минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 253 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига келиб, пандемия бўлишига қарамай, бу кўрсаткич 300 миллиард долларга етди. Минтақа давлатларининг хорижий мамлакатлар билан савдо айланмаси ҳам 2020 йилда 168 миллиард долларга етиб, 56 фоизга ошди.

Юртимизда ва минтақамизда эришилаётган бундай муҳим натижалар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани қувонарлидир. Қолаверса, ташқи сиёсат соҳасидаги дадил қадамлар туфайли Ўзбекистонга халқаро ҳамжамиятнинг ҳурмат-эътибори ошди. Шу билан бирга, Марказий Осиё якдил минтақа сифатида баҳоланишига эришилди.

Тарихга назар
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгандан сўнг минтақада турли интеграция лойиҳалари яратилган. Улар сирасига Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиё иттифоқи ташкил этилишини киритиш мумкин. Бир қатор омиллар сабаб уларнинг фаолияти узоқ давом этмади. Аммо минтақавий ҳамкорликка тўсқинлик қилувчи ушбу сабаб­лар вақтинчалик эди. Зеро, минтақа халқларининг тарихий илдизлари, маданияти, дин ва тил уйғунлиги, шунинг­дек, умуминсоний қадриятларга содиқлик пайдо бўлаётган муаммоларга биргаликда жавоб бериш, уларга самарали ечим топиш йўлларини излаш ва тараққиёт йўлида биргаликда интилиш учун замин яратмоқда.

Гарчи, бугунги кунда ҳар бир давлат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ҳамда турли ташқи сиёсий ва иқтисодий устувор йўналишларни мустақил равишда танлаган бўлса-да, минтақа давлатларининг барчасини кўп асрлик савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт ва энергетика коммуникацияларининг ривожланаётган тармоғи, шунингдек, хавфсизликка таҳдид ва хатарларни бартараф этишга интилиш истаги бирлаштиради. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида янада қулай ва самарали ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароит мавжуд.

Минтақавий ҳамкорликка кўмаклашувчи асосий омиллар
Жаҳон савдо йўллари чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё қадимдан маданиятлар ва цивилизация­ларнинг ўзаро таъсири жараёнида муҳим ўринга эга бўлган. Буюк ипак йўли (милоддан аввалги II аср — милодий XV аср) халқаро транспорт алоқа йўли сифатида нафақат Осиё ва Европа савдо йўналишлари, балки қитъалар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ахборот-цивилизация мулоқотини ҳам таъминлаган, янги технологиялар ва янгиликлар тарқалишида ўзига хос чорраҳа вазифасини ўтаб, қишлоқ хўжалиги экинлари, агротехнологиялар, цивилизациялараро ва технологик алмашинув, шунингдек, маданий қадриятлар учун ҳам қулай шароитларни юзага келтирган.

Транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларни жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим вазифалардан биридир. Уни ҳал этиш минтақадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш зарурати билан белгиланади.

Марказий Осиё давлатларини замонавий хатар ва таҳдидларга қарши туриш зарурлиги ва буни фақат минтақада жойлашган барча давлатларнинг фаол иштироки ёрдамида амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги умумий тушунча бирлаштириб туради. Буларнинг барчаси минтақавий ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни «ҳамкорлик ва тараққиёт минтақаси»га айлантириш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Янги сиёсат — янги умидлар
Президент ташаббуси билан юритилаётган ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши минтақа мамлакатларининг ана шундай салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу мақсад йўлида олиб борилаётган изчил сиёсат туфайли Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимида одатий иштирокчидан фаол, ташаббускор давлатга айланди. Буни минтақавий ва нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилаётган таклиф-ташаббус­лар ва уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани мисолида кўриш мумкин.

Бу борада эришилаётган ютуқларга тўхталсак. Марказий Осиёда, энг аввало, сиёсий мулоқот, ўзаро ишонч муҳити юксак даражага кўтарилди. Бунинг аниқ натижаси сифатида ­Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари ташкил этилгани бўлди. Мазкур учрашув доимий мулоқот майдонига асос солди, минтақада хавфсизлик, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-­сотиқ ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. 2020 йил якунига кўра, минтақага киритилган жами хорижий сармоялар қиймати 37 миллиард долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошди. Бу рақамлар қисқа муддатда қанчалик ўсишга эришилганини яққол ифода этади.

Маданий гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Биргина туризм соҳасини олайлик. Бугунги кунда бу йўналишда илгари деярли фойдаланилмаган имкониятлар очил­япти. 2017 йилда минтақанинг беш давлатига 9,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, пандемия даврига қадар бу кўрсаткич икки баробар ошган.

Минтақадаги бундай ўзгаришлар трансминтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам қулай шароит яратмоқда. Яъни Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Марказий ва Жанубий Осиё — ягона макон, янги имкониятлар
Айтиш керакки, мамлакатимиз ташқи сиёсатида Жанубий Осиё ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келмоқда. Аммо яқин-яқингача биз Жанубий Осиёга нисбатан асосан Афғонистон омили орқали, яъни хавфсизлик нуқтайи назаридан ёндашиб келганмиз. Бунинг натижасида икки томонлама муносабатлар етарли даражада йўлга қўйилмади, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмади. Буни рақамлар билан ифодалайдиган бўлсак, 2017 йил Ўзбекистоннинг ­Жанубий Осиёнинг етакчи давлатлари — Покистон билан савдо айланмаси атиги 36,5 миллион долларни, Ҳиндистон билан 323 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йил мос равишда 123 миллион доллар ва 442 миллион долларга етди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда халқаро муносабатлар соҳасида мазкур давлатлар билан ҳам муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик кучайди.

Айтиш керакки, Жанубий Осиё биз учун йирик бозор, аҳолиси 2 миллиарддан ортиқ. Ялпи ички маҳсулоти 3,4 триллион доллар. Жанубий Осиё мамлакатларининг ўртача йиллик ўсиши 6-7 фоиз. Бу шуни ифодалайдики, ёнгинамизда шундай катта иқтисодий макон бор. Ундан унумли фойдаланиш икки томонга ҳам катта манфаат келтиради. Буни бой тарихимиз яққол исботлайди.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари азалдан ягона макон сифатида уйғун ривожланиб келган, барча соҳаларда яқин ҳамкорлик қилган. Буюк мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарлари ва бошқа тарихий манбалар бу яқин ришталарнинг яққол далилидир. Бугунги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсади ана шу тарихий алоқаларни тиклаш, халқларимиз ўртасида дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, пировардида мамлакатлар тараққиётини янги босқичга кўтаришдир. Шу мақсадда Ўзбекистон сўнгги йилларда Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни тобора ривож­лантирмоқда.

Марказий Осиё республикалари денгиз йўлига чиқиш учун бир давлатни, фақат Ўзбекистон икки давлат ҳудудини кесиб ўтиши керак. Бу иқтисодий ўсишга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Мисол учун, Марказий Осиё давлатларидан Шанхайга битта контейнер етказиш Туркия ва Польша давлатларига нисбатан 5 баробар қиммат. Яна бир маълумот, денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар экспорт даромадларининг 18 фоизини транспорт харажатларига ишлатади. Бу кўрсаткич денгизга чиқиш имкониятига эга давлатларда 9 фоизни ташкил этади.

Президент томонидан илгари сурилаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган «Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши минтақаларимизнинг иқтисодий ривожланишини тубдан ўзгартириши шубҳасиз. Иқтисодий таҳлилчилар маълумотига кўра, янги йўл ишга тушиши билан Марказий ­Осиёдан Жанубий Осиёга битта контейнерни етказиш нархи 900 доллардан 286 долларга арзонлашади. Бундан ташқари, юк ташишга сарфланадиган вақт 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради. Шу билан бирга, экспорт салоҳияти ҳам кескин ошади.

Ўз навбатида, хавфсизлик масалаларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, Афғонистондаги нотинчлик, террорчи гуруҳлар фаолияти бу борадаги эзгу мақсадларимизга тўғаноқ бўлиши табиий. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан доимо манфаатдор ва бу юртда тинчликни мустаҳкамлаш, турли тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилиб келяпти.

Ўзаро боғлиқлик концепцияси яратилмоқда
Икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш учун сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасида икки томонлама муносабатлар ва бир қатор халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама фаол ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Юқори даражадаги учрашувлар ташкил этиляпти. Бундан ташқари, трансминтақавий лойиҳалар ҳам ривож­ланмоқда. Уларни амалга ошириш жараёнида эришилаётган натижалар баробарида ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Бунга давлатларнинг ёндашувларидаги тафовутлар сабаб бўляпти. Унинг ечими эса, минтақаларни бирлаштиришнинг асосини ташкил этувчи муҳим йўналишлар бўйича ягона ёндашувга эга бўлишда. Шу маънода, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган икки минтақа ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга қаратилган ишлар келгусида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлик концепциясига асос солишга замин яратмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Энди 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» номли халқаро конференция хусусида тўхталиб ўтсак. Президентимиз ташаббуси асосида ташкил этилаётган тадбирда дунёнинг қатор мамлакатларидан етук давлат ва сиёсат арбоблари, етакчи олимлар ва экспертлар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

Тадбир дастуридан минтақаларимиз ўртасида транспорт-транзит ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар ўрин олган. Ушбу нуфузли халқаро анжуман минтақаларимиз ўртасида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш, тинчлик ва тараққиёт йўлидан дадил одимлашимизда ўз самараларини беради.

Мавзуга оид