Ўзбекистон | 11:15 / 12.07.2021
2360
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда кучли таъсир қилувчи дориларни сотаётган шахслар ушланди

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритаётган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сайхунобод туман бўлими, Сирдарё вилояти ДХХ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Қ. харидор Ф.га 150 дона кучли таъсир қилувчи «Тропикамид» дори воситасини 12 миллион сўмга сотган вақтда ушланган.

Қайд этилишича, унинг кўрсатмаларига асосан давом эттирилган тадбирда, М.Қ.га дори воситаларини етказиб берувчи шериги А.Х. 600 дона «Тропикамид» дори воситасини 30 миллион сўмга ўтказиш учун олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид