Дубайдаги ўзбек врачи — БАА тиббиёти, шифокор визаси ва лицензиясини олиш ҳақида
Kun.uz'нинг UzbekLife лойиҳаси хориждаги ватандош шифокорлар билан туркум суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги қаҳрамонимиз – Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги клиникада оилавий шифокор сифатида фаолият юритаётган Бобомурод Келдиёров.
“БААда яшаш қиммат, лекин агар яхши мутахассис бўлсангиз, бу муаммо туғдирмайди”
— БАА шифохоналардаги юқори стандартлар бўйича нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунёда энг олди ўринларда туради. Қолаверса, исломий муҳит ва касбий карьерани ривожлантиришнинг улкан имкониятларига эгалиги мамлакатга мигрантлар оқимини оширган. Мен ҳам улкан орзулар оғушида 2016 йилда бир ҳамкасбим билан БААга келишга қарор қилгандим. Ўшандан бери шу ердаман.
Турмуш тарзи ҳақида гапирадиган бўлсам, бу мамлакат яшаш ва ишлаш учун қулай. Бу ерда дунё эришган барча ютуқлар мужассам десам хато бўлмайди. Шу билан бирга, ислом маданияти ҳам борки, ҳеч бир жиҳат бир-бирининг ривожига салбий таъсир этмайди. Бир сўз билан айтганда, Шарқ-у Ғарб уйғунлашган.
Бу ерда исталган соҳада кучли, лекин соғлом рақобатга дуч келасиз. Ишлаш учун шароитлар анча яхши. Тўғри, БАА – яшаш энг қиммат мамлакатлар қаторида туради. Якка ёки оила билан яшаш катта сарф-харажатларни талаб қилади. Нафақат яшаш, балки болаларни ўқитиш, таълим соҳасида дунёда қимматлиги билан машҳур. Шундай бўлса-да, агар сиз соҳангизнинг етук мутахассиси бўлсангиз, яхши маош ва яхши шароитда ҳаёт кечира оласиз.
“Шифокорлик лицензиясини олиш анча қийин”
— Ҳар бир соҳада бўлгани каби, тиббиёт соҳасида ҳам сиздан катта масъулият ва тажриба талаб қилинади. Кўплаб ҳамкасбларимиз Дубайда қандай ишлаш мумкин, деб сўраб қолишади. Уларга айтадиган биринчи жавобим – инглиз тилини пухта билиш.
Тиббиёт ходимлари бу ерда фаолият юритиш учун БАА Соғлиқни сақлаш вазирлигидан лицензия олиш керак. Рости, ўта қийин иш. Чунки соҳа бўйича инглиз тилида имтиҳон топшириш лозим. Бу эса осон эмас.
Бошқа мамлакатлар, хусусан МДҲ мамлакатларига солиштирсак, бу ерда иш топиш бирмунча қийин. Исталган соҳада юқори, максимум – АҚШ, Канада ёки Европада қандай стандартлар бўлса, ўшандай стандартларга жавоб берадиган мутахассисгина қабул қилинади. Биздаги бакалавр дипломининг ўзи кифоя қилмайди. Бу ерда дипломдан кейинги талаб бу – тажриба, айниқса, халқаро тажрибага жуда катта эътибор қаратишади.
Масалан, тиббиётнинг тор соҳаларида (хирург, терапевт, травматолог ва ҳ.к.) Британия, Италия, Германия, Франция каби мамлакатларда ишлаган мутахассислар фаолият юритишади.
Дубай соғлиқни сақлаш тизимида врачлар уч категорияга бўлинади:
1. Умумий амалиёт шифокорлари;
2. Тор соҳадаги мутахассислар;
3. Консультантлар.
Булар фақат юқори рейтингга эга мамлакатда ишлаган ва ўқиган бўлишига эътибор қаратилади. Камида Британия ССВ тан олган диплом ва АҚШ, Канада ва Европа дипломларига эга бўлганлар ишлашади. Айнан менинг ҳам шу ерда ишлашимга асосий сабаб – Англиядан олган магистр дипломим бўлган.
Бу ерда аксар врачлар – мигрантлар. Умуман, Дубай асосан мигрантлар мамлакати эканини билсангиз керак. Шаҳарнинг туб аҳолиси 13-15 фоизнигина ташкил этади холос.
“Клиникалар даражаси ва мавқейини нуфузли аккредитациялар тасдиқлайди”
— Бу мамлакатга келишни мақсад қилар эканман, албатта, биринчи ўринда халқаро тажрибага эга бўлишим лозим эди, чунки сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида янгиликлар жуда кўп, буларни ўзлаштириш ва фарзандларим учун ҳам уларни халқаро стандартлардаги мактабларда ўқитишни ният қилгандим.
Тиббиёт соҳасида БАА қисқа вақт ичида жуда катта ютуқларга эришди. Бу ерда юқори нуфузга ва тажрибага эга шифохоналар очилди, фаолият юритяпти. Мен ишлайдиган Kanadian Special Hospital халқаро сертификатга эга. Joint Commision International (JCI) аккредитациясига эга клиникалар қаторида жойлашган.
Бу аккредитация нима? Бу – АҚШда жойлашган марказнинг аккредитацияси. Бу дунёдаги энг юқори стандартларга эга марказ ҳисобланади. Бу аккредитацияни олиш ҳар бир клиника учун ўта машаққат бўлиб, уни ўзлари учун обрў санашади. Буни олиш учун АҚШдаги мутахассислар клиникани текширувдан ўтказади. Ҳар 3 йилда текшириб туришади. Яъни сиз доимо юқори стандартга жавоб беришингиз, ишингизда пасайиш бўлмаслиги лозим.
Бу аккредитацияни олиш учун мингдан зиёд элементлар текширилади. Фақат врачнинг малакасинигина текширишмайди, балки бош-оёқ, тирноққача текширилади. Врачлар, ҳамширалар, администрация, шароит, дорилар, қўлланмалар, операциялар ва ҳоказо.
Ҳозирги кунда Ҳиндистонда тиббиёт ва тиббиёт туризмининг ривожланишига сабаб – JCI нуфузли аккредитацияга эга ҳоспиталларнинг кўпайиши. Тасаввур қилинг, айнан шундай марказлар БААда 200 дан зиёд. Клиникалар, диагностик марказлар ва ҳоказо.
Ўзбекистонда, билишимча, биргина шифохона шу аккредитацияни қўлга киритган. Бундай шифохоналар катта обрўга эга бўлади. Мижоз ва бемор танлов вақтида айнан шу жиҳатга эьтибор қаратади. Беморлар ўз соғлиги ва ҳаётини айнан шу каби клиникаларга ишонади.
Бизга дунёнинг турли нуқталаридан беморлар келишади. Европалик етакчи врачлар айнан шундай аккредитацияси бор клиникаларда ишлашга қизиқишади.
“Қандли диабет – БААда анча долзарб муаммо”
— БАА – катта иқтисодий ресурсларга эга, географик қулай жойда жойлашган мамлакат. Бу ерга исталган янгиликлар келиши жуда ҳам тез, уларни ҳаётга татбиқ қилиш эса жуда осон ва шундай тизимлаштирилган. Шунингдек, тинимсиз конференция, семинар, тажриба алмашишлар ўтказиб турилади. Бунда ҳар бир соҳанинг етук мутахассислари тажрибалари билан ўртоқлашишади, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасида том маънода жуда катта қувватловни сезиб турасиз.
Шу билан бирга, бир қанча муаммолар ҳам юзага чиққан, масалан, аҳолининг бойиши ва ғарбнинг таъсири, ғарб таомлари кириб келиши оқибатида семизлик ва қанд касаллиги авжига чиқди. Ҳозирда аҳолининг қарийб 20 фоизи қанд касаллигига чалинган. ССВ буни ўз вақтида бартараф этиш ва камайтириш учун ишлар олиб бормоқда. Қандли диабетни даволаш борасида мутахассислар тайёрлаш бошланди. Мен ҳам шу йўналишда ўқияпман. Дунёнинг етук ўнлигига кирадиган Варвик университети ёрдамида 1 йиллик ўқиш ташкил қилинган.
“Беморни хусусий тартибда уйда даволаш – ноқонуний, лицензиядан маҳрум қилишлари мумкин”
— Коронавирус пандемияси бутун дунёда ёмон асоратларга олиб келди, шу жумладан, Дубайда ҳам. Касаллик кириб келган қиш-баҳор мавсумлари туризмнинг чўққига чиққан вақтлари эди. Бу мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир қилди.
Юқорида айтганимдек, БААда тиббиёт жуда қиммат. Туристларда тиббий суғурта бўлмаса, янада қиммат. Пандемия вақтида кўп туристлар қийин аҳволда қолишди.
Дубайда Ўзбекистон консуллиги ватандошларимизга катта ёрдам берди. Кўплаб ўзбекистонликлар қийин аҳволда эди. Бу ерда оддийроқ касал бўлсангиз ҳам, оддийгина дорини ҳам рецептсиз ололмайсиз. Карантин даврида сурункали касалликлари бор беморлар дорисиз, пулсиз, врач кўригисиз қолишди. Консуллик томонидан ўз вақтида ковид штаби ташкил қилинди. Мен ҳам имкон қадар ватандошларга ёрдам бердим.
Ўзбекистонда ҳамшираларни чақириб, уйда укол олишингиз мумкин, дори олишингиз осон. Лекин бундай процедуралар БААда ноқонуний ҳисобланади. Касал бўлсангиз, шифохонага бориб муолажа олишингиз шарт. Бизга ҳам, табиийки, беморларнинг уйига бориб уларни даволаш мумкин эмас. Қонунни четлаб ўтиб, кимнидир даволайдиган бўлсам, тезда лицензиямдан айриламан.
Мисол учун, Фарғонадан келган юртдошимиз бел чурраси оғриғи билан имконсиз қолиб кетди, шунда биз имкон қадар унга ёрдам бердик. Тиббий консультациялар, муолажалар қилишимизга тўғри келди барибир.
“Шифокорларга 10 йиллик виза берилади”
— БААда резидент виза олиш учун ишингиз бўлиши лозим. Иш жойингиз билан берилган шартнома асосида сизга виза берилади ва у виза 2 йил муддатга амал қилади. Шифокорларга эса алоҳида қонун чиқарилган: яқиндан бошлаб соҳамиз вакилларига 10 йиллик голден виза бериладиган бўлди. Бу виза жуда яхши қарор, барча шифокорлар жуда хурсанд бўлди. Энди 10 йил давомида шифокор оиласи виза борасида муаммосиз яшай олади.
Ковид даврида врачларнинг ўрни ниҳоятда сезилди ва ҳукумат уларга миннатдорлик сифатида шу ишга қўл урди.
“Ҳамширага қўл кўтарган бемор 6 йилга қамалди”
— Шу ўринда бир гап. Ўзбекистонда врачларни таҳқирлаш, камситиш, ҳатто жисмоний тазйиқлар ўтказиш учраб туради. БААда бу масалага жуда жиддий қарашади. Ўтган ҳафта бир воқеа содир бўлди ва бутун амирликларга шов-шув бўлиб кетди. Бир бемор аччиқ устида ҳамширага шапалоқ уриб юборган. Ишонасизми, ўша одам 6 йилга қамалди.
Афсуски, Ўзбекистонда ҳамкасбларимизга нисбатан бўлаётган муомала ва муносабатдан хафа бўлиб кетаман. Истардимки, шифокорларга муносабат ўзгарса. БАА бу соҳа вакилларини жуда қадрлайди: нафақат сўзда, балки қонунда ҳам буни акс эттириб қўйган.
Хорижликларга муносабат
— Мамлакатда резидент ва норезидентлар орасида унча фарқ сезилмайди, сиз ўзингизни камситилгандек ҳис қилмайсиз. Чунки 200 дан зиёд миллат яшайди ва ишлайди. Қонунни барча ҳурмат қилади, амал қилади. Ҳамма бир-бирига яхши муносабатда бўлади.
БАА бу масалада жуда қаттиқ назорат ўрнатган. Толерантлик жуда юқори даражада. Чунки бу ернинг иқтисодиёти ва мамлакатнинг бошқа жиҳатлари бўйича ривожи айнан четдан келганлар ҳисобига ўсиб боради. Айниқса, мутахассислар бу ерда жуда эъзозда.
Шифокорлар оиласи
— Оилам билан бирга яшаймиз. Аёлим – умумий амалиёт шифокори. 3 нафар фарзандим бор, катта ўғлим 19 ёшда. Тиббиёт институтида ўқияпти. 2-курс. Икки қизим шу ердаги мактабларда ўқишяпти.
Келажагим борасида бирор аниқ нарса деёлмайман, ҳаммасини вақт кўрсатади. Кун келиб ватанга қайтиб, шу соҳада ишлаш ниятим ҳам бор.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
***
Ушбу рукндаги бошқа суҳбатлар:
Мавзуга оид
15:24 / 23.12.2024
“Вертолётда келиб, кўзимизни боғлаб олиб кетишди” — БААда ҳибсга олинган ўзбекистонлик
14:32 / 10.12.2024
БАА Ўзбекистондан ем-хашак импорт қилишга қизиқиш билдирди
15:32 / 09.12.2024
Ўзбекистондан БААга ишлаш учун мутахассисларни жалб этиш бўйича келишувга эришилди
15:44 / 06.12.2024