Жаҳон | 21:55 / 13.07.2021
11639
3 дақиқада ўқилади

Жеки Чан Хитой коммунистик партиясига аъзо бўлмоқчилигини маълум қилди

Фото: Reuters

Машҳур актёр ва продюсер Жеки Чан Хитой коммунистик партияси аъзосига айланишни истаётганини маълум қилди. Бу ҳақда актёрнинг Хитой кино уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган симпозиумдаги баёнотига таяниб South China Morning Post нашри хабар қилди.

Тадбир Хитой раиси Си Цзиньпиннинг компартиянинг 100 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқига бағишланган бўлган.

Актёр анжумандаги нутқида “хитойлик бўлишдан фахрланишини” ва барча ваъдаларини сўзсиз бажарадиган партиянинг “буюклигини” айтган.

“Мен бу ерда тўпланганлар коммунистик партия аъзолари эканига ҳавас қиламан. Мен Хитой коммунистик партиясини ажойиб деб ҳисоблайман, чунки унинг раҳбарияти берган барча ваъдалар албатта бажарилади. Мен компартия аъзосига айланишни истардим”, деб айтган актёр ўз баёнотида.

1997 йилгача Британия бошқаруви остида бўлган Ҳонгконгда дунёга келган 67 ёшли актёр 2013 йилдан бери Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши аъзоси ҳисобланади. Унинг ота-онаси хитойлик қочқинлар бўлган. Чан ёшлигида Хитойнинг сиёсатини маъқулламаган. Жумладан, у 1989 йилда Тяньаньмэн майдонидаги норозилик намойишлари қўллаб-қувватлови учун ўтган концертда иштирок этган.

Бироқ Ҳонгконг Хитой таркибига қайтарилгандан кейин актёр секин-аста Пекин сиёсатини қўллаб-қувватлай бошлаган. Жумладан, у Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари ҳисобланувчи Ҳонгконг ва Тайванни уларнинг сиёсий моделлари “ҳаддан ташқари эркинлик бериши” учун танқид қилган. 

2009 йилда актёр ўз нутқларидан бирида “охирги маҳал хитойликларни назорат қилиш зарурлиги, йўқса улар хоҳлаган ишларини қилишлари мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлаганини” айтган.

Жеки Чан Ҳонгконгда Хитой сиёсатига қарши ўтказиб келинадиган норозилик намойишларини анчадан бери қоралаб келади. 2012 йилда Ҳонгконг аҳолиси Пекиннинг таълим ислоҳотига қарши чиққанда, актёр намойишларга нисбатан қонунчиликни кучайтириш зарурлигини айтган.

Хитой коммунистик партияси 1 июлда ташкил топганининг 100 йиллик юбилейини нишонлади. Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда партияга 95 млн киши аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид