“Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли шерикдир” — президент
Президент Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатлари қаршисида Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турганини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлаш жараёнларида Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида сўз юритди.
«Бизнинг бугунги анжуманимиз янги Ўзбекистоннинг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ муҳим тарихий даврда бўлиб ўтмоқда.
Биз жамиятимизнинг барча соҳаларида тизимли ва туб демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз.
Бу ўзгаришлар кенг кўламли ва ортга қайтмайдиган муқаррар тус олди. Бу – халқимизнинг принципиал танловидир.
Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамизда ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳига асосланган мутлақо янги муҳит шаклланди.
Биз ривожланиш драйверлари ҳамда «янги ўсиш нуқталари»ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратдик. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини август ойи бошида Туркманистонда ўтказишни режалаштирганмиз.
Шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли ва барқарор, қатъий позицияга эга шерикдир», деди президент.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқлар ва мамлакатларнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этиш учун мустаҳкам замин яратиши таъкидлаб ўтилган.
«Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди.
Биз фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ривожланиш истиқболлари бўйича яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим.
Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди», деган президент.
Мавзуга оид
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024
Мирзиёев ва Путин икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди
15:25 / 06.12.2024