Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ТИВ раҳбарлари билан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференция тадбирларида иштирок этаётган Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди давлатимиз раҳбарига Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий кооперация лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартибидаги масалалар ҳамда август ойининг бошида Туркманистонда ўтказиладиган навбатдаги Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди.
Президент Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.
Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Жорий йилнинг 6 август куни “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.
Афғонистонда қарор топаётган мураккаб вазият юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев халқаро конференция дастури доирасида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.
Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташрифнинг самарали натижалари юқори баҳоланди, улар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаб, аниқ мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг биродарлик саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда қабул қилинган “йўл харитаси” асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги устувор лойиҳаларни ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар – Афғонистондаги вазият ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференцияда Қирғизистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровни ҳам қабул қилди.
Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ақилбек Жапаров Ўзбекистон етакчисига Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Жорий йил март ойида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммитида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги устувор кооперация лойиҳаларини тез фурсатда амалга ошириш, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини ташкил этиш муҳим экани таъкидланди.
Мавзуга оид
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024