Ўзбекистон | 14:52 / 17.07.2021
11442
1 дақиқада ўқилади

Лицейларга қабул имтиҳонлари сентябрга қолдирилди

Коронавирус билан боғлиқ вазият сабабли академик лицейларга кириш имтиҳонлари август ойидан сентябр ойига кўчирилди. ОТМларга қабул имтиҳонлари эса белгиланганидек августда ўтказилиши маълум қилинди.

Республика махсус комиссияси қарори билан оммавий тадбирлар ўтказилиши тўхтатилгани боис академик лицейларга дастлабки саралаш ва асосий имтиҳонларни ўтказиш вақти кўчирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан маълум қилишларича, эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда академик лицейларга саралаш имтиҳонларининг ўтказилиши жорий йил сентябрь ойининг биринчи ярмида режалаштирилмоқда. Имтиҳонларнинг аниқ санаси кейинроқ эълон қилинади.

Айни пайтда, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳам ўтган йилда бўлгани каби бу йил ҳам сентябр ойида ўтказилиши ҳақида тармоқда тарқалган хабарларни Давлат тест маркази рад этди.

“Бу бўйича шуни маълум қиламизки, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари сентябрь ойига сурилгани йўқ ва имтиҳонларни амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра август ойида ўтказиш режалаштирилган”, – дейилади ДТМ ахборотида.

Мавзуга оид