Ўзбекистон | 19:11 / 18.07.2021
33057
3 дақиқада ўқилади

Эмланганларда қанча вақтда коронавирусга қарши турғун иммун тизими шаклланиши бўйича изоҳ берилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, ишлаб чиқарувчиларнинг тавсиясига кўра, ўзбекистонликлар «Спутник V» ва AstraZeneca вакциналари билан икки маротаба, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан уч маротаба эмланмоқда.

«Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, кўпчилик бир марта эмланганидан сўнг кичик ножўя таъсир аломатлари намоён бўлса, дейлик, озгина ҳарорати кўтарилса, ҳолсизланса ёки эмланган жойида оғриқ пайдо бўлса, кейинги эмлашни олмайман, деган фикрларга ҳам боряпти. Ўзи эмлаш нима учун икки-уч марта амалга оширилади? Бундан мақсад – организмдаги иммунитет даражасини юқорироқ даражага чиқариш, қолаверса, иммунитет таранглигини турғун ҳолатга келтириш.

Демак, ҳар битта вакцинани ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг таклифига биноан, эмлаш амалиёти икки ёки уч босқичда ўтказилмоқда. Ўзбекистонда қўлланаётган «Спутник V» вакцинаси билан 21 кун оралатиб икки марта, AstraZeneca вакцинаси билан 28 кун оралатиб икки марта, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорликда ишлаб чиқараётган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан 30 кун оралатиб, уч марта эмлаш татбиқ этилган.

Кўпчиликда савол туғилмоқда: Нима учун ўзбек-хитой вакцинаси билан уч марта эмланяпмиз? Бу вакцинанинг клиник синов жараёнларида Ўзбекистон Республикаси олимлари ҳам, кўнгилли равишда фуқароларимиз ҳам иштирок этишган. Ўша пайтда изланишлар шуни кўрсатдики, иккинчи марта эмлангандан кейин ҳосил бўлган иммунитет даражаси уч марта эмланган пайтда яна олти фоизга яхшиланди. Демак, аҳолининг иммунитети яна олти фоизга яхшиланганини эътиборга олиб, ушбу касалликка қарши уч марта эмлаш жорий қилинди», деган Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари эмланган фуқароларда қанча вақтдан сўнг коронавирусга қарши турғун иммун тизими шаклланишига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳозир ушбу вакцина билан Хитой давлатида ҳам эмлаш тадбирлари амалга ошириляпти. Хитой халқ республикасида мазкур вакцина билан фавқулодда ҳолатларда эмлашга рухсат берилган. Ҳозирнинг ўзида Хитойнинг 100 миллиондан кўпроқ аҳолиси ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланган.

Биз икки ё уч доза олиб бўлганимиздан сўнггина тўлиқ эмланган ҳисобланамиз. Тўлиқ эмланганимиздан кейин бир ярим икки, баъзан тўрт ойдан сўнг ҳақиқий турғун иммунитет шаклланади. Энди у иммунитетни ўрганиб бориш баробарида унинг нечоғлик турғун эканига баҳо беришимиз мумкин бўлади», дейди Нурмат Отабеков.

17 июль куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони 1 миллиондан ошди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, айни кунгача мамлакатда жами 5,6 млн доза вакцинадан фойдаланилди.

Мавзуга оид