Жамият | 18:30 / 18.07.2021
64166
16 дақиқада ўқилади

Хорижга кетиш тарихи. Нега айнан Америка?

UzbekLife рукнининг галдаги қаҳрамони — собиқ спорт журналисти, айни пайтда АҚШда ўз логистик компаниясига асос солган ватандошимиз Аброр Қодиров. У ўз ҳикоясида Америкага қандай йўл олгани ва  "сеҳрли диёр" ҳақидаги таассуротлари хусусида сўз юритади. 

Мен АҚШга кетиш ҳақида доим ўйлаб юриб, бунга қаттиқ интилган эмасман. Университет (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари)да бирга ўқиган жуда кўп курсдошларим ҳали ўқиш вақтидаёқ турли визаларга, грантларга ҳаракат қилишарди, кетиш йўлларини ўрганиб чиқишарди. Улардан баъзилари ҳозир Америкада яшайди. Мен эса талабалик йилларимни ўзим қизиққан футбол журналистикасини ўрганиш, турли нашрларда ишлаб тажриба тўплаб, турли лойиҳалар қилиб ўтказганман.

Ўқишни битириш арафасида Тошкентнинг “Локомотив” футбол клубига матбуот котиби сифатида ишга чақиришган, у ерда бир йил ишладим. Кейин Ўзбекистон футбол федерациясининг матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаев ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимга ишга таклиф қилган. Хуллас, ўзим қизиққан йўналишда фаолиятимни қуриб, ўзига яраша кичик қадамларни тез-тез босиб ўтаётган пайтлар эди.

Ҳозир эсласам, олдимга қўйган мақсадларимга эришаётганимга қарамай, иқтисодий ҳолатим яхшиланмаётгани ҳақида ўйлай бошлаган, ниманидир ўзгартириш кераклиги ҳақида бош қотириб юрган эканман.

Ўзгариш қилишдаги вариантларимдан энг охирида “грин кард” аризасини тўлдириш турарди. Уни тўлдириб қўйганман-у, унутганман, чунки лотереяга умид қилиб режа тузиш – тентаклик. Лекин ариза тўлдираётганимда, виза чиқса кетишимга ишонардим.

Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам инглиз тилини биламиз. Фарзандимиз жуда ёш, ҳали тили ҳам чиқмаганди. Иқтисодий аҳволни ўша ерда туриб яхшилай олганимизда ҳам, биз таъсир ўтказолмайдиган бошқа ижтимоий-маиший муаммолар етарлича... Оила ва яқинларнинг бугуни, фарзандлар келажаги учун – кетиш, қолишдан кўра яхшироқ йўл деб билганмиз.

Хуллас, “грин кард” чиққан ва “сеҳрли диёр”га йўл олганмиз.

Биз дуч келган илк муаммолар

Биринчи муаммо – АҚШга кетаётганимда у ерда ёрдам бериши мумкин бўлган танишларим деярли йўқ эди. АҚШ – катта мамлакат, қаерга бораман, нима қиламан? Биргина илинж бор эди: синфдошим Флорида штатининг Орландо шаҳрида яшаётгани ва борсам кутиб олиши мумкинлигини айтган. У бизни кутиб олиб, аввалдан гаплашиб қўйган бир уйга олиб борди, бошпана масаласи вақтинча шундай ҳал қилинган.

АҚШга катта маблағ билан кетмагандим, қолаверса, оилам ҳам бирга экани сабабли иш топиш муаммоси пайдо бўлган. Грин-карта ва бошқа ҳужжатлар АҚШга кириб келганимиздан кейин 30-40 кун ичида почта орқали етиб келишини ҳисобга олсак, иш вариантлари каррасига камайиб кетганди. Бир ой ишламай кутишни ҳамён кўтармасди.

Синфдошим пиццерияда ишлайдиган таниши орқали пицца етказиб берувчиликка иш гаплашиб берди. Эртасига бор пулимнинг ярмига эскироқ автомобил сотиб олиб, Ўзбекистонда олинган ҳайдовчилик гувоҳномасини рўйхатдан ўтказиб, суғурта олиб, италянча пиццахонага, ўша йигит ёнига бориб, иш ўргандим. Кейинги кундан мустақил ишлай бошладим. АҚШга келганимга уч кун бўлганди ўшанда. Биринчи ишим шу бўлган. Кейинроқ ажойиб тасодиф туфайли логистика йўналишида иш топдим. Аниқроғи, иш мени топган. Кейин шу соҳани яхшилаб ўзлаштирганман.

Дарвоқе, инглиз тилини билганим билан, тил масаласида барибир муаммоларим бўлган. Биринчидан, бу ерга келгунча доимий мулоқотга эҳтиёж бўлмаганидан, эҳтиёж туғилганда ҳам инглиз тилини худди биздек хорижий тил сифатида ишлатадиганлар билан гаплашилгани боис, америкаликларни тушунишда етарлича қийинчиликлар бор эди. “Илтимос, секинроқ гапиринг...” деб юрардим ўша пайтлар.

Америка ҳайратлари

Дастлабки йилларда узоқ вақт маданий шок ҳолатида юрганман ва ҳар куни ҳайратланиш учун янги сабаб топилаверган.

Ўлчов бирликлари. Америкача эмпирик ўлчов бирликлари – ғирт жиннилик. Масалан, оғирлик фунтда ўлчанади. Инглизчада pounds. Қисқартмаси – LB. Қисқартмадаги ҳарфлар сўзнинг ўзида йўқ. Майли. Бир фунт – 45 грамм атрофида. Хўп, фунт нимадан ташкил топган? Унциялардан. Бир фунт неча унция бўлади шунда? 10ми? 100ми? Йўқ – 16! ЎН ОЛТИ. Мантиқ? Билмадим. Бу биргина оғирлик ўлчови. Мил, фут, дюйм, ярд, галлонлар ҳақида сўрамай ҳам қўя қолинг. Яхшиси телефонга махсус дастур ўрнатволинг ва кўниккунча шундан фойдаланинг.

Табассумлар. Ҳа, америкаликлар жуда сертабассум. Ҳеч қачон кўрмаган ва яна кўриб қолиш эҳтимоли кам бўлган етти-ёт бегонага ҳам табассум қилиб ўтиб кетади. Аввалига ғайритабиий, ҳатто ўнғайсиз ҳолат бўлди. Кўпинча ҳайрон бўлиб юрганимдан жавоб тариқасида кулиб қўйиш ҳам эсимдан чиқиб кетарди. Ҳозир беихтиёр бу ишни қилишга ўрганиб қолдим. Ҳатто биринчи бўлиб табассум қилишим ҳам мумкин!

Америкаликлар деярли чой ичмайди. Чой – эстатлар, ҳипстерлар ва иммигрантлар учун. Ҳамма кофе шайдоси. Дўконларда пакетли чойлар сотилади. Лекин яхши баргли чой топиш учун дўконларни бироз айланиш, қидириш керак.

Small talk. Навбатда ёки лифтда ўз хаёлларингиз билан турган бўлсангиз, мутлақо бегона инсон бирдан: “Ишлар қалай? Ҳавони ажойиблигини қаранг!” дея гап ташлаб қолиши мумкин. “Small talk”лар америкаликлар ўртасида жуда кенг тарқалган ва бу одатий ҳол ҳисобланади. Бирор актуалроқ мавзу ҳақида луқма ташлаб қўйиши ёки кийимингизга “комплимент” қилиб кетиши мумкин. Одатга кўра, ўша навбат тугагунча, лифтда этажингиз келгунча суҳбатни қувватлаб туришингиз лозим. Бу ҳам мени ҳайратлантирган ўзига хосликлардан бири.

Америкада маиший масалалар: мактаб, боғча, иш, уй, ижара, автомобил, турли коммунал тўловлар...

Автомобил. Саноқли шаҳарларни ҳисобга олмаса, АҚШда автомобилсиз яшаш жуда қийин. Инфратузилма ҳам деярли ҳаммада автомобил бўлишини назарда тутади. Керакли жойлар оралиғида масофалар узоқ, жамоат транспорти жуда камқатнов ва секин.

АҚШ – автомобиллар мамлакати. 330 миллионга яқин аҳолиси бор АҚШда рўйхатдан ўтган автомобиллар сони 300 миллионга яқин. Кўп оилалар вояга етган оила аъзолари сони билан тенг автомобилга эгалик қилишади. Автомобилда ҳамма ишингизни ҳал қилсангиз бўлади. Банкка борсангиз ҳам, ресторандан егулик олсангиз ҳам, дўкондан бозорлик қилсангиз, машинадан тушиш шартмас. Ҳамма бино катта автотураргоҳи билан қурилади.

Шунга яраша, автомобил олиш ҳам осон. Автомобиллар бозорида рақобат ўта кучли бўлгани сабабли мижозлар учун енгиллик яратадиган турли акцияларни топса бўлади. Ойлик маошдан келиб чиқиб 5-6 йил бўлиб тўлашми, банклардан қарз олиш дейсизми – бари осон. Эскироқ машиналарнинг нархи анча арзон. Чунки янгисини ўртачадан камроқ ойлик оладиган инсон ҳам сотиб олишга қурби етади.

Ижара ва уй. Американинг деярли 45 фоиз аҳолиси ижара уйларда яшайди. Уйни ижарага олиш ёки харид қилиш – жуда катта ва доимий муҳокамалар мавзуси. Ҳар икки томон фикрини қўллайдиган аргументлар етарлича.

Одатда қурувчи компаниялар ер сотиб олиб, махсус, ижарага беришга мўлжалланган уйлардан иборат мажмуалар қуришади. Ҳар бир комплексда унинг ижараси, уйларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган махсус офислар қилинади. Ижарачиларнинг жуда катта қисми шундай комплексларда яшашади. Жумладан, мен ҳам. Тўлайдиган ижара пулингиз эвазига сизнинг уйингизда пайдо бўладиган қандайдир носозликларни таъмирлаш, уйингиз олдидаги майсаларни текислаб ўриб туриш, дарахтларга қараш каби ишларнинг барчасини маъмурият ўз зиммасига олади. Комплексдаги бассейн, спорт залларидан қўшимча ҳақ тўламай фойдаланиш мумкин.

Америкаликлар жуда кўп кўчадиган, мобил халқ. Иш тақозоси, об-ҳаво ёки бошқа жойда барчасини янгидан бошлаш каби сабаблар билан жуда кўп кўчишади. Уй хариди эса сизни ўша жойга боғлаб қўяди. Шунинг учун ҳам уй хариди катта қарор ҳисобланади. Агар узоқ муддат бир жойда яшашингизга амин бўлсангиз, харид қилган яхши, албатта. Чунки 5-10 йиллик ижара тўловни ўз уйингиз учун тўлайдиган бўлсангиз, анча қисмини “ёпиб қўясиз”.

АҚШга келганимизга 4 йил бўлган бўлса, шундан икки ярим йилини Флорида штатининг Орландо шаҳрида яшадик, бир ярим йилдан бери Оҳайо штатининг Колумбус шаҳрида истиқомат қиляпмиз.

Боғча ва мактаб. Америкага кўчиб келган вақтимиз қизим Самира бир ярим ёш эди. Ҳали икки ёшга тўлмасдан боғчага берганмиз. Бу ерда ҳатто туғилганига 3-4 ой бўлган чақалоқлар учун ҳам махсус гуруҳлар бўлишини кўриб, ҳайрон қолгандим.

Самира мактабга чиққунича уч хил боғчага борди. Боғчаларнинг менга ёққан тарафи – электрон почтага кун давомида болангиз нималар қилгани, қандай машғулотларда қатнашгани, қанча ухлагани, қайси китобларни ўқигани, қайси таомдан қанча тановул қилгани, қайси вақтларда ҳожатга боргани каби ўта кичик деталларгача келтирилган ҳисобот юбориларди. Ҳар бир бола учун махсус. Ундан ташқари, мобил илова орқали кун давомида ҳам бу ҳисоботларни, машғулотлардан расмларни томоша қилиб турса бўларди.

Ўтган йили августдан (ўқув йили шу ойдан бошланади) қизим биздаги нолинчи синфга тўғри келадиган босқичда мактабга қатнай бошлади. Уни мактабга жойлаштириш мобайнида ўзимиз учун мактаблар уч хил турга бўлинишини кашф қилдик: давлат мактаблари (public school), хусусий мактаблар (private school) ва чартер мактаблар.

Чартер мактаблар худди давлат мактаблари сингари бепул, аммо хусусий мактаблардек мустақил. Дастурни ўзлари тузишади, ўз ички қоидалари бўйича фаолият юритишади. Чартер мактаблар қисман давлат ва қисман ҳомийлар томонидан молиялаштирилади. Самира худди шундай чартер мактаблардан бирида бошланғич босқични тамомлаб, юқори баллар билан биринчи синфга муваффақиятли ўтди. Пандемия сабаб дарслари онлайн тарзда ўтказилди. Биринчи синфни эса мактабнинг ўзида, офлайн бошлайдиган бўлди.

“Келганига йиллар ўтган бўлса-да, бирор сўз ўрганмаганлар бор”

АҚШда “ўзиники” бўлиб кетиш учун бу ер энди уй эканини англаш керак. Уйи қаерда бўлса, ўйи ўша ерда. Умрининг асосий қисми бу ерда ўтса-да, унга ишхона ёки вақтинча деб қараса, ўзиники бўлмайди. Бунинг ҳам ёмон тарафи йўқ. Ҳамма ўз мақсадлари билан келади. Жуда кўпчиликни биламан, АҚШга келганига йиллар ўтган бўлса-да, инглиз тилини ўрганишга қунт қилмаган. Атрофи – ўзининг тилида гапирадиганлар. Ишни ҳам кўп гапириш керак бўлмаганидан топади. Ўзбек каналларини кўради, ўзбекча контент истеъмол қилади. Атрофида бўлаётган воқеалардан бехабар бўлса-да, ўзбек эстрадаси, шов-шувлардан хабардор. Чунки унга шу қулай. Унга бу ерда “ўзиники” бўлиб кетишнинг кераги йўқ. Қайтиш фикри билан яшайди, қачон қайтиши номаълум бўлса ҳам.

Шу жамиятнинг бир қисми бўлишни истаган ва интилган одам ижтимоийлашиб кета олади. Тил ўрганади, танишади, мулоқот қилади, ўқийди, таҳлил қилади, муносабат билдиради. Лекин ҳамма ҳам ўзида бунга эҳтиёж сезмаслиги мумкин.

“Ҳар қандай камситиш – ирқий ёки миллий – кескин қораланади”

Инсоннинг бирор белгиси (ирқи, миллати, жинси, жузъий камчилиги) учун камситиш – энг қалтис ва нозик масала бўлса керак. Бу масалада ҳатто ҳазил қилиш ҳам ўта хавфли. Жуда кўп машҳур стендап комиклар монологларида шу мавзуда бирор нарса деб юборгани учун ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали ҳужумларга учрайдиган ҳолатлар тез-тез бўлиб туради.

Мен бунга шу қадар кўникиб кетганимдан, Telegram-гуруҳлари ёки бошқа тармоқларда ўзбекистонлик танишларим “н” ҳарфи билан бошланувчи сўзни бемалол ишлатишса, сесканиб кетаман.

Штатлар, шаҳарлар, қишлоқлар – ўзингизга мосини танланг!

АҚШга нима мақсадда, неча ёшда, қандай оилавий ҳолатда келишга қараб, турли штат ва шаҳарлар мос келиши мумкин. АҚШ ҳаддан ташқари катта. У алоҳида 50 мамлакатдан иборат деса ҳам бўлади. Қайсидир бири сизга кўпроқ, қайсидири камроқ мос келиши табиий. Ҳамма учун мана бу шаҳар энг зўри деб айта олмайман.

Масалан, сиз талаба ёки ўқишни энди битирган ёки кучли билимга эга бўлсангиз, қандайдир лойиҳалар қилиш ва дунёни ўзгартириш мақсадида келсангиз, Калифорния энг мос келадигани бўлса керак. Гигант компанияларга ишга киришингиз, лойиҳангизга тезроқ инвестор топишингиз мумкин.

Тилни билмасангиз ва ҳали нима иш қилишни ўзингиз учун аниқлаб олмаган бўлсангиз, Нью-Йоркда мослашишингиз осонроқ кечиши мумкин. Бу ерда ўзбек диаспораси каттароқ. Йўл-йўриқ кўрсатиб, қўллаб юборишлари мумкин.

Сиз юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишламоқчи бўлсангиз, сизга кўпроқ Оҳайо, Кентукки, Иллинойс тарафлар мос келиши мумкин. Логистик компаниялар ҳам кўп, шу йўналишда ташишга юклар ҳам кўп, бемалол катта машинангиз билан кириб-чиқиш осонроқ.

Совуқроқ ҳаво маъқул бўлса Висконсин, Мичиган тарафлар; иссиқ иқлим ёқса, Флорида, Техас, Аризона тарафлар мос келар... Танлов кўп. Жуда ҳам.

Биз қандай қилиб Флоридага келиб қолганимизни юқорида айтиб ўтдим. Ўша ерда логистика соҳасини ўргандим. Тажриба тўпладим. Оҳайога келиб, ўз компаниям – “Leo Logistics” логистик компаниясига шу ерда асос солдик. Иссиқ иқлим ва денгизни яхши кўрганим учун Флорида менга жуда ёқди. Янги имкониятлар эшиги очилгани ва тўрт фасллик иқлими Ўзбекистонникига ўхшаб кетгани учун Оҳайога ҳам меҳрим тушди.

“Масжидларда турли диний ва дунёвий тўгараклар бор”

АҚШ номусулмон давлат бўлиши мумкин, лекин мусулмонларга қарши мамлакат ҳам эмас. Катта-катта мусулмон жамиятлари бор ва улар эмин-эркин, мусулмонча ҳаёт тарзини кечириб юришибди. Масалан, биз яшайдиган Колумбус шаҳрида 20га яқин масжид, 10га яқин исломий мактаблар бор.

Кўп масжидларда одам сиғмаганидан жума намозлари икки марта ўқилади. Соат 13:00да ва 14:00да. Биринчисига улгурмай қолсангиз, кейингисига кираверасиз. Масжидларда турли диний ва дунёвий тўгараклар бор. Болалар мактабдан кейинги вақтини масжидда имкон қадар кўпроқ ўтказиши учун турли спорт тўгараклар, ўйин майдончалари ташкил қилинган.

Ишхоналар, мактаблар, университетлар ҳамманинг ўз диний қонун-қоидаларига кўра кийинишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Агар шунда ҳам фарзанди динни унутиб юборишидан қўрқуви бўлса, унда ота-онанинг ўзи масъулиятдан қочаётган бўлади. Жамият ўзи хоҳлаганидек ҳаёт тарзини қуришига имкон яратиб берган, унинг тарбиясини бўйнига олмаган.

Хулоса

Интервью давомида АҚШга келувчиларга иложи борича маслаҳат ва тавсиялар беришдан қочдим. Чунки бу юртга келадиганларга тавсиялар интернетда ҳам, ОАВда ҳам, таниш-билишлар орасида ҳам тўлиб ётибди. Тил ўрганинг, мобил ва тиришқоқ бўлинг, хушмуомала бўлинг, кўпроқ ўқинг каби сийқаси чиққан ва доим такрорланувчи тавсияларни бергим келмади. Ҳа, бу тавсиялар муҳим, мен айтмасам ҳам ҳамма билади. Қолаверса, бу ерга келувчи ҳар бир одамнинг тарихи, қисмати ўзгача ва ёндашув ҳам турфа.

Бир нарса аниқ – АҚШ астойдил яшаш ва ишлашни истаган одам учун катта имкониятлар мамлакати. Таваккал қилинг.

Аброр Қодиров

Мавзуга оид