Жамият | 17:21 / 19.07.2021
1947
2 дақиқада ўқилади

Жиззахлик ота фарзандларининг алименти учун иккита уй берди

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи ота иккита уйини икки нафар фарзандининг алименти учун собиқ рафиқасининг номига ўтказиб берган.

Мажбурий ижро бюросининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2016 йилдан бери турмуш ўртоғи билан яшамайдиган жиззахлик эркакнинг биринчи никоҳидан икки нафар қизи бўлса-да, у шу пайтгача фарзандларининг таъминоти учун алимент тўловини тўламай келган. Натижада қизларнинг онаси 2021 йилда судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг қарорига асосан, 2 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти отага юклатилган. Ота алимент тўлови бекор қилиниши эвазига Мирзачўл тумани Дўстлик маҳалласидан бир хонали ҳамда Ғалаба маҳалласидан 3 хонали уйларни қизларининг таъминоти учун собиқ рафиқасининг номига ўтказиб берган.

Аввалроқ хорижга чиқишига тақиқ қўйилган конимехлик эркак 32,4 миллион сўм, шаҳрисабзлик ота 3 нафар фарзанди учун 100 миллион сўм, икки нафар фарзандининг алиментини тўламай келаётган каттақўрғонлик эркак 260 миллион сўм, алимент тўлаб берган, қонуний мажбуриятидан бўйин товлаб келган шаҳрихонлик, хўжаободлик, сирдарёлик, яккабоғлик оталар қамалганди.

Бундан ташқари, Хоразм ва Самарқандда фарзандларининг алименти учун уй, Қўқонда алимент тўлови ўрнига «Spark», Бухорода эса уй ва «Nexia-2» калитлари топширилган эди.

 

Мавзуга оид