Ўзбекистон | 20:37 / 05.08.2021
8169
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида тест синовларининг биринчи куни ўтказилди

Бугун, 5 август куни Самарқанд вилоятидаги 14 та олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари бошланди.

Самарқанддаги тест синовлари вилоятдаги 5 та спорт майдонларида ўтказилмоқда. Самарқанд шаҳри Депо кўчасидаги «Локомотив» футбол майдонида 1200та, Сартепо 2-БЎСМ футбол майдонида 1080та, Кимёгарлар қўрғони «Нурафшон» футбол майдонида 960та, Самарқанд туманидаги БЎСМ футбол майдонида 960 та, Жомбой туманидаги БЎСМ футбол майдонида 1200та — жами 5400та ўрин ҳозирланган.

Kun.uz Самарқанд шаҳридаги «Локомотив» футбол майдонида бўлиб, тест жараёнларини кузатди.

Давлат тест маркази масъул ходими Нурхон Бекниёзов 1-сменада 160 нафарга яқин абитуриент тест синовларида қатнашмаганини маълум қилди. Бекниёзовга кўра, тест синовларига кирмаган абитуриентлар ичида кимдир маълум сабаб билан, масалан, коронавирусга чалинган бўлса, даволанаётганини асословчи ҳужжатларни тақдим қилган тақдирда яна бир марта тест топшириш учун имконият берилади. Шунингдек, имтиҳонга киришдан аввал ҳарорати юқори бўлган абитуриентлар ҳам майдонга киритилмаган.

Биринчи сменада «Локомотив» майдонида бир нафар, вилоят бўйича етти нафар абитуриент тақиқланган ҳаракатлар қилгани ёки турли қурилмалар олиб киришга урингани учун имтиҳондан четлатилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Самарқанд вилоятидаги 14 та олий таълим муассасалари учун 12450 та квота ажратилган.

Давлат тест маркази масъулларининг маълум қилишича, 5–14 август кунлари Самарқанд шаҳрида абитуриентларни манзилга етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилинган. Ушбу йўналишларда махсус автобуслар эрталабки 4:30 дан 6:00 гача, куннинг иккинчи ярмида кеч соат 21:00 дан 22:00 гача (имтиҳон бўлиб ўтадиган ҳудуддан биринчи манзилгача) ҳаракатланади.

Ушбу махсус автобуслар Иштихон, Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё туманларидан имтиҳон топширувчи абитуриентлар учун Ибн Сино ва Даҳбед кўчаси чорраҳасида;

Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон (туман ва шаҳар), Нуробод ва Паст Дарғом туманидан келувчи абитуриентлар учун «Ҳазора» автобошбекатида;

Ургут, Тойлоқ, Самарқанд туманларидан имтиҳон топширувчилар учун Сиёб (Кафтархона) автобошбекатида;

Булунғур, Жомбой туманларидан келувчи абитуриентлар учун Сиёб деҳқон бозорида (Йўл ўтказгич тагида) ташкиллаштирилган.

Ҳар бир махсус автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида йўл кўрсаткичига эга. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид