Греция олов ичида. Россия ва АҚШда ҳам даҳшатли ўрмон ёнғинлари. Барчаси бемисл иссиқ туфайли
Греция, Шарқий Сибир ва АҚШнинг Тинч океани соҳилларида ҳалокатли ўрмон ёнғинлари авж олмоқда. Минглаб кишиларни эвакуация қилишга тўғри келган, катта моддий зарар етказилган. Бундай мусибатнинг сабаби аномал даражадаги юқори ҳароратдир.
«Қўрқинчли фильм»
Грецияда бир неча кундан буён кучли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Бу аномал иссиқ фонида рўй берди - айрим регионларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 47 даражагача кўтарилган.
Грециялик ўт ўчирувчилар мамлакат шимолидаги, туристлар орасида машҳур бўлган Эвбея оролида Элида ва Аттика регионлари, Каматриадес ва Галатсадес қишлоқларига ёпирилган олов билан курашмоқда. Эвбея - Эгей денгизи ҳудудида, Афинадан шимоли-шарқда жойлашган, мамлакатнинг Критдан кейинги энг йирик иккинчи оролидир.
Греция ўт ўчириш хизмати вакили ANA ахборот агентлигига берган интервьюсида агар олов қалин ўрмонларгача етиб борса, уни тўхтатиб қолиш имконсиз ишга айланишини айтиб ўтган.
Дам олиш кунларида Эвбейдан маҳаллий аҳоли вакиллари ва туристлардан иборат икки мингдан ортиқ киши мамлакатнинг материкдаги қисмига кўчирилган. Оролни қуюқ тутун чулғаб олган, у ерда юзлаб уйлар ёнмоқда ва электр таъминоти тизими жабр кўрган.
Ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб ўрмон ҳудудига киришга тақиқ ўрнатган, бу тақиқни бузганлар 1000 евро миқдорида жаримага тортилади. Август ойи бошидан буён Грецияда жами 150дан ортиқ фаол ёнғин ўчоқлари қайд этилган. Бир неча киши қасддан ўт ёқишда гумонланиб қўлга олинган.
Европа ўрмон ёнғинлари ҳақида маълумот тизимига кўра, 29 июлдан 7 августга қадар Грецияда олов 56655 гектар майдонни қамраган. 2008 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткичнинг ўртача миқдори 1700 гектарни ташкил этарди.
Грецияда ёнғинлар оқибатида камида икки кишининг ўлими тасдиқланган, ўнлаб кишилар жароҳатланган. Туркияда эса саккиз қурбон ва ўнлаб кишилар шифохонага ётқизилган.
Греция, унга қўшни бўлган Туркия, Албания, Болгария ва Шимолий Македониядаги ёнғинлар икки ҳафтадан буён давом этмоқда. Ёнғинлар Грециянинг материкдаги қисмига ҳам ёпирилмоқда, аммо энг апокалиптик манзаралар Эвбейда кузатилмоқда.
«Бу қўрқинчли фильмларни эслатади», дея ҳикоя қилади Reuters агентлиги корреспондентига паром орқали эвакуация қилинган, ўзини Мина деб таништирган ҳомиладор аёл.
Ёнғин билан курашда юзлаб ўт ўчирувчилардан (Эвбейнинг ўзида 650 киши) ташқари армия ва маҳаллий кўнгиллилар, шунингдек, 11 самолёт ва олти вертолёт иштирок этмоқда. Грецияга Германия, Франция, Британия, Испания, Швейцария, Сербия, Руминия, Исроил, Миср ва Кипр ўз қутқарувчиларини юборган.
Греция аҳолиси муҳофазаси вазири ўринбосари Никос Хардалиос «олдинда оғир кечалар ва оқшомлар кутаётгани» ҳақида гапирганди, душанба куни эса у яхши янгиликни маълум қилди: Афина атрофидаги ва бутун Пелопоннес яриморолидаги ёнғинлар секинлаша бошлаган.
Шу билан бирга, сувли цистерналарга эга самолётлар қўлланиши ҳудудларда қуюқ тутун ҳосил қилиб, кўришни қийинлаштираётганини қўшимча қилган.
Хардалиос қуруқ шамоллар туфайли пойтахт атрофидаги ёнғинлар қайта бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ўтган ҳафтада олов Афинага яқинлашиб келганди: шаҳар кўчаларига кул ёғилган, ўнлаб уйларга ўт кетганди. Ҳафта охирида ҳукумат пойтахтнинг шимолий ҳудудларида яшовчи аҳолини ёппасига эвакуация қилишга киришганди.
Дам олиш кунларида Иония денгизида жойлашган Закинтос оролида ўт ўчирувчилар самолёти қулаб тушди. Ҳодисадан ҳеч ким жабр кўрмаган.
Грекларнинг бир қисми ҳукуматнинг чоралари етарли эмас деган фикрда.
«Биз Худонинг қўлидамиз. Давлат йўқ. Агар биз кетсак, уйимиз ёниб кетиши аниқ», деган «Франс пресс» мухбирига эвбейлик 26 ёшли Эвия Яннис Селимис.
Бир ҳафтадан ошиқ вақт давомида 40 даража иссиқ
Грециядаги ҳозирги офат бир ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиши оқибатида содир бўлди. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилган. Ҳозирда термометр устуни 40 даражадан пастга тушган, аммо мамлакатда 30 йилдан буён бундай иссиқ кузатилмаганди.
Глобал иқлим ўзгариши туфайли бундай табиий офатлар янада кўп ва вайронкорроқ бўлиб бормоқда. Греция бош вазири Кириакос Мицотакис бу йилги ёз бутун дунёдаги скептикларга аргумент бўлиши кераклигини айтиб ўтган.
Ёқутистондаги ёнғинлар
Россия шарқидаги Ёқутистон республикасида ўрмон ёнғинлари, расмий маълумотларга кўра, 6 млн гектар ҳудудни қамраб олган - бу Бельгия ҳудудидан икки баробар катта.
Айни вақтга келиб 150дан ортиқ ёнғин ўчоқлари ўчирилган, ёнғинга қарши курашга минглаб ўт ўчирувчилар ва юзлаб махсус техникалар жалб этилган.
Шанба куни Ёқутистоннинг марказий қисмидаги Бяс-Кюель қишлоғида 30 уй ёниб кетди, қишлоқ аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган. Якшанба куни ҳукумат Кальвици ва Хариялах қишлоқлари аҳолисини ҳам эвакуация қилди.
Даҳшатли «Дикси»
13 июль куни Калифорния шимолида бошланган ва «Дикси» номини олган кенг кўламли ёнғинлар - штат тарихидаги иккинчи энг йирик ёнғиндир. Калифорнияда яна 10дан ортиқ ёнғин ўчоғи қайд этилган.
Плумас округида уч киши бедарак йўқолган, минглаб кишилар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Уч ўт ўчирувчи жароҳатланган, 400дан ортиқ уй ёниб кетган. Ёнғин ҳудуди осмонини қуюқ тутун қоплаган.
Якшанба кунигача ёнғин 198 минг гектар ерни қамраб олди - бу Лос-Анжелеснинг умумий майдонидан кўпроқ.
«Бу худди ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги каби ҳолат. Мен севган ва қайғурган барча нарса йўқ бўлди», дейди «Франс пресс» мухбирига тарихий Гринвилл шаҳрида яшаган Тами Куглер, у ҳозирда эвакуация қилинганлар учун лагер палаткасида яшамоқда.
Ҳукуматнинг огоҳлантиришларига қарамай, аҳолининг бир қисми уйларини ташлаб кетишни истамаяпти ва ўз кучи билан оловга қарши курашмоқчи.
Ёнғинга қарши курашга 5 мингдан ортиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган. Экспертларнинг баҳолашича, «Дикси»ни буткул бартараф этиш учун яна камида икки ҳафта керак бўлади.
Калифорнияда ҳарорат сўнгги кунларда Цельсий бўйича +38 даражага етди. Прогнозларга кўра ҳарорат пасайиши ва ҳаво намлиги ортиши кутилмоқда, бу эса оловнинг шиддатини пасайтиради.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, «Дикси»нинг бошланишига Pacific Gas & Company компаниясига тегишли юқори вольтли линия устига дарахт қулаши сабаб бўлган. 2018 йилда бу компания 86 кишининг ўлимига сабаб бўлган «Кемп» ёнғини учун айбдор деб топилганди.
Калифорния тарихидаги барча энг йирик етти ёнғин 2017 йилдан кейин рўй берган. Бу йилги ёнғинлар кўлами ўтган йилгиси билан таққослаганда 3,5 баробар каттароқ.
Мавзуга оид
12:54 / 23.12.2024
Тоза ҳаво ва саломатлик учун – Калифорния штати 2035 йилдан фақат электромобиллар сотувига рухсат беради
00:41 / 06.12.2024
АҚШда 7 магнитудали зилзила содир бўлди
22:10 / 28.11.2024
Калифорнияда 540 миллиард долларлик «оқ олтин» захираси топилди
15:31 / 14.10.2024