Жамият | 16:14 / 19.08.2021
16232
18 дақиқада ўқилади

Уч инвестор иши: Калаванинг учи қаерда?

Kun.uz ўзбек тадбиркори ва уни айблаётган уч нафар хорижлик инвестор иши бўйича суриштирувининг якуний 3-қисмини тақдим этмоқда.

Суриштирувнинг 2-қисмида Бош прокуратура «Orient Ceramic» МЧЖ вакилларини қабул қилмаётгани айтилганди. Корхона директори Нодир Обидов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар уларнинг шикоятига эътибор бермаётгани ҳақида сўзлаганди. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг телефон суҳбатидаги сўзлари ҳам буни қисман тасдиқлайди.

Светлана Ортиқова: Эшитаман..

Улуғбек Расулов: Светлана опа, мен тадбиркор Расулов Улуғбекман.

Светлана Ортиқова: Хўш, хўш..

Улуғбек Расулов: Бир оғиз мени ҳам изоҳимни олсангиз, бир марта мени қабул қилинг қабулингизга...

Светлана Ортиқова: Сизнинг қўлингизда, туман прокурори, вилоят прокурори ёки шаҳар прокурори имзоси билан жавоб борми?

Улуғбек Расулов: Бор-ку..

Светлана Ортиқова: Шаҳар прокурори имзоси билан жавоб борми? Нега мен сизни қабул қилишим керак экан?! Қандай ботиниб сиз менга қўнғироқ қиляпсиз, жаноб Расулов?

Улуғбек Расулов: Бир марта мени ҳам эшитинг, сиз бир тарафни эшитиб хулоса қиляпсиз-да, ўшанга...мен ҳам тадбиркорман, 700 одамни иш билан таъминлайман деб...

Светлана Ортиқова: (ўшқириб) Яхши, ишланг, қонун доирасида ишланг.

Улуғбек Расулов: Қонун доирасида ишлаяпман.

Светлана Ортиқова: Йўқ-йўқ, мен сизни қабул қилмайман. Менга бошқа қўнғироқ қилманг. Мен сиздақа одамларни танимайман. Танимайман, қаерга бориб, мени устимдан мурожаат қилсангиз ҳам майли.

Улуғбек Расулов: Раҳмат опа

Светлана Ортиқова: Хунобимни чиқариб юбордингиз-ку.

Улуғбек Расулов: Чет элликларни эшитяпсиз-да, мени қабул қилмаяпсиз-ку, ўшанга сизга мурожаат қиляпман, илтимос, мени қабул қилинг.

Светлана Ортиқова: Яна бир бор сизга ўзбек тилида гапиряпман, чет эллик ўзини пулини сарфлаяпти, сиз банкдан кредит олиб сарфлаяпсиз.

Улуғбек Расулов: Менам ўзимни...

Светлана Ортиқова: Тўхтанг, сиз банкдан кредит олсангиз, бировни пулини сарфлаяпсиз, қайтаряпсизми-йўқми ўша пулларни, Худо билади, қўйсангиз-чи!

Улуғбек Расулов: Э, Аллоҳ асрасин, унақа нарсаларни гапирманг, билмасдан туриб.

Светлана Ортиқова: Қўйсангиз-чи, нима, мен билмайманми?

Светлана Ортиқова

Биз мазкур суҳбат мазмунини изоҳлашни сўраб, С.Ортиқовага мурожаат қилдик.

Бош прокурор ўринбосари бу масалада журналист билан учрашишга розилик билдирган бўлса-да, видео ёки аудио интервю бермаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, Расуловдан олдин унга «нуфузли» кишилардан бири (кимлиги таҳририятга маълум) ярим тунда қўнғироқ қилиб, ҳодисалар ривожига таъсир ўтказишга уриниб кўрган. Шу боис, Ортиқова Улуғбек Расуловни умуман қабул қилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Уч хорижлик тадбиркорни эса улар хориждан сармоя келтиргани учун ҳам тинглаганман”, – деди у.

Ортиқова Kun.uz'нинг: “Қандай қилиб учрашмаган, гаплашиб кўрмаган одам ҳақида бошқаларнинг, аниқроғи, шикоятчиларнинг сўзлари билан хулоса қилиш мумкин?” деган саволига: “Мен биламан”, деб жавоб қайтарди.

Журналист, ўзларини хорижий инвесторлар деб айтаётганлар ўтган даврлар мобайнида солиқ ва бошқа қонун талабларини бузиб фаолият юритганига доир маълумотлар борлигини билдирганида, бу маълумотлар прокуратурага тақдим этилса, кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.

Светлана Ортиқова бу тадбиркорнинг ортида “нуфузли инсон” турганини айтаркан, у кимлиги ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

Қолаверса, бизга маълум бўлишича, мазкур 3 нафар хорижлик тадбиркор иши билан бевосита шуғулланган Бош прокуратура ходими Тошкентдаги қаҳвахоналардан бирида Ҳади Кало ва шериги билан учрашган. Буни Ҳади Калонинг ўзи ҳам Kun.uz'га берган интервюсида тасдиқлади.

“Мен Bon кафеда эдим. У тўсатдан келиб қолди. Мени уни яхши танийман, чунки олдин ҳам бизга ёрдам берган. Аввал айтганимдек, бизнинг “Кварц” заводида ҳам сармоямиз бор эди. Ушбу компания билан муаммомиз ҳақида, 4 йилдирки, Бош прокуратура ва Президент девонига ёзиб келамиз.

Бунда, прокуратуранинг ушбу ходими жаноб Азизбек Эшбеков билан 4 йилдан бери, 2017 йилдан буён ишлаймиз.

Ўша куни кечқурун дўстим билан қаҳва ичиб ўтирганимизда у келиб қолди ва 1-2 дақиқа қолди-да кетди. У бу ишга жалб этилмаган ва биз у билан ҳеч нарсани муҳокама қилмадик.

Мен Бош прокурор ўринбосари Ортиқова билан учрашганимда тилни билгани учун Эшбековни чақиришди. Биз уни тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланишини биламиз”, - деди Ҳади Кало.

Бош прокуратура ходими ўзи шуғулланаётган ишдаги тарафлар билан ишдан ташқарида, қандайдир қаҳвахонада учрашиши прокуратура ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларига қанчалик мос келади?

Светлана Ортиқовага шу савол билан ҳам юзландик. Бош прокурор ўринбосари бу масала бўйича хизмат текшируви ўтказилгани, ҳеч қандай камчилик топилмаганини билдирди. Бу сўзларини исботловчи бирорта ҳужжат тақдим этиш бўйича сўровимиз эса рад этилди.

Ҳади Кало Kun.uz журналистига берган интервюсида «Orient Ceramic» МЧЖ директори Нодир Обидовга айнан қандай консалтинг хизмати кўрсатганига ҳам ойдинлик киритмади ва умумий қилиб жуда кўп хизматлар кўрсатганини айтди.

Биздаги видеолардан бирида Ҳади Кало пулни хизмат кўрсатиш учун деб ўтказишни сўраганини кўриш мумкин. Нодир Обидов 500 минг АҚШ доллари ўтказилиши арафасида “payment for invoice” деб ёзилган ҳолда пул ўтказилишини билдирган. Бунга жавобан, Ҳади Кало бундай ҳолатда банк қандай товар учунлигига қизиқиб, “накладная” сўрашини айтиб, шунинг учун “услуга” (хизмат) деб кўрсатилса яхши бўлишини таъкидлаган.

Яна бир гап. «Стройсервис» «Orient Ceramic» билан шартномага шундай нормани киритганки, унда мабодо бирламчи келишув амалга ошмаса, бажарилган ишлар учун компенсация тўланмайди ва олдиндан берилган пуллар қайтарилмайди.

Шу нуқтаи назардан ёндашганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар барча эҳтимолларни ўрганиш чоғида, «Стройсервис» томони «Orient Ceramic» МЧЖни қасддан бирламчи келишувни бекор қилишга олиб бораётган ёки шартнома шартлари муддатида амалга ошмаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилаётганига доир эҳтимолни нима учун кўриб чиқмаяпти?

Ахир, «Стройсервис» МЧЖ шундоқ ҳам ютуқда экан, у улушини сотмасликка ёки бошқа бирор харидорга сотишга қарор қилган бўлиши ҳам мумкин-ку.

Келинг, шу ерда «Стройсервис» МЧЖга доир қўшимча маълумотларни тақдим этсак.

1994 йил 30 март куни 1011-сон билан давлат рўйхатидан ўтган корхонада давлат улуши 21 фоизни ташкил этади ва бу улушни Давлат активларини бошқариш агентлиги назорат қилади.

«Стройсервис» қўшма корхонаси 2016 йил якуни бўйича 396 млн сўм, 2017 йилда 1,4 млрд сўм, 2018 йилда 4,2 млрд сўм, 2019 йилда эса 2,3 млрд соф фойда олган. Умумий йиғилишда давлат улуши бўйича 21 фоизга дивиденд ҳисоблаш масаласи кун тартибига қўйилган. 100 фоиз маъқулланмагани, яъни корхонанинг бошқа иштирокчи томони қарши бўлгани сабабли дивиденд ҳисобланмаган.

Давлат улуши мавжуд корхонанинг 2018-2019 йил якунлари бўйича олган соф фойдаси корхонани ривожлантиришга қолдирилган, давлатга бир тийин ҳам дивиденд ҳисобланмаган. 2019-2020 йилларда ҳам корхона давлатга дивиденд тўламаган.

2020 йил 1 январ ҳолатига кўра, «Стройсервис» зиммасида жами 2 млрд 731 млн 100 минг сўм, шундан 2 млрд 714 минг сўм бюджет олдида ва 17,1 минг сўм давлат мақсадли жамғармаларидан қарздорликлари бор.

Энди эса, Ҳади Кало ва «Стройсервис»нинг ҳиндистонлик ходимлари уқтирганидек, «Orient Ceramic» МЧЖ ҳақиқатан ҳам ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари қилганми, деган саволга имкон қадар жавоб топишга ҳаракат қилсак. Бизга тақдим этилган видеолардан барчасини англаб олиш мумкин.

Биринчи видео риэлтор томонидан олинган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган. Диққат қилинса, унда томонлар «Стройсервис» майдонининг қайси жойларида қандай қурилиш қилиниши, у нима асосда амалга оширилиши ҳақида боради. Ҳади Кало бирор идорадан келиб бош қотирмасликлари учун ижара шартнома қилиб қўйиш кераклиги, пулнинг қолган қисми қачон тўланиши ҳақида сўз юритади. Улуғбек Расулов пулни узоғи билан кузгача тўлашини, аммо вақт йўқотмаслик учун ҳозирдан қурилиш ишларини бошлаб юбориши зарурлигини айтади.

Ғишт заводнинг конвейери кўчирилаётган вақтда эса, ҳинд ходим кўзга ташланмоқда. Бу эса уларнинг барчасидан хабардор эканликларига ишора қилади.

«Стройсервис»нинг молиявий директори Гуптанинг «Orient Ceramic» МЧЖ директори Нодир Обидов билан Telegram ёзишмаларида кўриш мумкинки, улар июл-август ва октябр ойида ҳам ғишт етказиб бериш ва унинг учун тўловни нақд кўринишда амалга ошириш масаласини муҳокама қилишган. Бу ҳам «Стройсервис» бир неча ой мобайнида «Orient Ceramic» МЧЖ билан биргаликда бир жойда ишлаганини ва ишлаб чиқариш тўхтатилмаганини англатади.

«Стройсервис»нинг молиявий директори Гупта

Навбатдаги видеода Найни Кумарнинг имзоси сохталаштирилганига доир фикрлари юзасидан «Orient Ceramic» МЧЖ директори тақдим этган далил акс этган. Унда Ҳади Кало ва Нодир Обидов улуш ва мулкни гаровга қўйиш масаласида қонунчилик талабларини муҳокама қилишган. Видеонинг сўнгги сонияларида «Стройсервис» номидан тайёрланган хатнинг 2 намунадаги нусхаси Нодир Обидов томонидан Ҳади Калога юборилгани кўринади. Албатта, ушбу далил бу ҳолатдан ҳам Ҳади Калонинг хабари бўлганини исботлайди.

Хитойлик Ван Син Мин шикояти бўйича Динг Фенг Пинг сўзларига бир нарсани қўшимча қилиш мумкин. Ван Син Мин ва шериги Гуо Ли Ҳонг томонидан ИИВ Тергов департаментига қилинган барча мурожаатлар ўрганилиб, терговчилар жиноий иш очиш сўровини рад этиш бўйича қарор қабул қилган.

Сўзимиз навбати Эроннинг Ehsan Maybod Manufacturing Group корхонаси фаолияти ҳақида. Биз Абулфазл Мобарра тақдим этган маълумотлар ҳаққонийлигини суриштирдик.

Дастлаб корхона ҳақида қисқача. 2009 йилда ташкил этилган фирма 2019 йилгача тайинли ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаганини алоҳида қайд этиш керак. Бош прокуратуранинг 2020 йил 28 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига йўллаган хатида бунга бошқа важлар келтирилган бўлса-да, хатда ушбу корхона олдин ҳам Халқ банкидан олинган кредитларни қайтара олмагани боис, сотувга қўйилгани ҳақида лом-мим дейилмайди. Asia Alliance Bank айнан ушбу корхонанинг Халқ банкидан қарзини сотиб олгач, Ehsan Maybod Manufacturing Group устидаги “қора булутлар” вақтинча тарқаган, банкротлик бўйича суд иши тўхтатилган.

Бош прокуратуранинг 2020 йил 28 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасига киритган хатида Ehsan Maybod Manufacturing Group 11 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритгани қайд этилади. Қолаверса, корхона пандемия йилида ҳам 100 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспорт қилгани таъкидланади. Биз айни рақамларни исботловчи бирор ҳужжат тақдим этишни сўраб, Абулфазл Мобаррага Telegram орқали мурожаат қилдик.

Аммо, бизга қарийб 10 млн долларга яқин инвестиция киритилганини тасдиқловчи далил эмас, компания номидан ёзиб берилган маълумотнома тақдим этилди. Айнан шунча маблағ олиб кирилганини исботловчи ҳужжат берилмади.

Бош прокуратуранинг Вазирлар Маҳкамасига йўллаган хатида таъкидланганидек, корхонанинг пандемия йилидаги экспортига доир қуйидаги рақамлар эътиборимизни тортди ва уни фактчекинг қилдик.

Биз бу корхонанинг 2019 йилдаги экспорт маълумотларини Божхона қўмитасидан олишга муваффақ бўлдик. Давлат божхона қўмитасига кўра, “Ehsan Maybod Manufacturing Group” МЧЖнинг хорижга кафел экспорт қилганига доир маълумотлари ҳақиқатга мос келмайди. 2019 йилда 6та экспорт амалиётини амалга оширган бўлиб, унинг жами суммаси 129 минг 840 долларни ташкил этган. 2020 йилда эса, умуман экспорт қилмаган. Бош прокурор имзоси қўйилган хатда эса, пандемия йилида ҳам 100 минг АҚШ долларилик кафел маҳсулотлари экспорт қилгани таъкидланади. Ўзбекистонда пандемия 2020 йил 16 мартдан бошланганини билмайдиган одам бўлмаса керак.

Kun.uz журналисти суҳбатлашган солиқ ва божхона идораларидаги масъул мулозимларнинг маълум қилишича, корхона 10 млн доллар хорижий сармояни бевосита пул кўринишида киритмаган, балки тайёр маҳсулот сифатида олиб кирган. Буни корхонанинг экспорт-импорт амалиётлари тарихидан ҳам бемалол кўриш мумкин.

Бундан ташқари, биз тақдим этилган маълумотларни текшириш мақсадида, бош вазирнинг 2020 йил 2 октябрдаги топшириғига мувофиқ ташкил этилган Таҳлилий гуруҳ таркибидан ўрин олган мутасаддиларнинг бир қанчаси билан бевосита ва телефон орқали суҳбатлашдик. Бу суҳбатларнинг аудиоёзувлари мавжуд.

Умумий тарзда шуни айтиш мумкинки, гуруҳ аъзолари аксариятининг фикрича, Ўзбекистон томони эронлик тадбиркорни қўллаб-қувватлаш учун барча чорани кўрган, ҳатто имкони йўқ даражада кўмак берган. Кредитларни сўндириш муддати бир неча марта чўзиб берилган, ҳисобланган пенялардан воз кечилган, табиий газ ва электр энергиясидан қарздорликларни реструктуризация қилишга кўрсатмалар берилган. Айланма маблағ учун кредит устига кредит бериш топшириғи ҳам бор. Буларнинг барчаси Таҳлилий гуруҳ йиғилиши баёнида қайд этилган.

Asia Alliance Bank масъулларининг таъкидлашича, корхона ушбу банк мижозига айланиб, ишлаб чиқаришни бошлагандан сўнг, бир муддат олди-сотди амалиётлари корхонанинг ҳисоб рақамида кўринган, кейинчалик унда умуман бирор амалиёт қайд этилмаган. Банкнинг товар олди-сотдиси корхона ҳисоб рақамида кўринишига, шу билан унинг шаффоф амалиётини таъминлашга доир биргина талаби ҳам қондирилмаган. Бош прокуратура эса нима учундир ушбу корхонанинг молиявий амалиётларини синчковлик билан ўрганмаган.

Ўрганишларимиз якунида ўз мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз. Айтайлик, сиз ўз бизнесингизни очмоқчисиз. Бунинг учун 1 сотих ер кифоя қилади. Сиз ер сўраб, ҳокимиятга борсангиз, аукциондан сотиб олишни айтади. Ерни бир амаллаб олгач, айланма маблағ учун банкка борсангиз, ерни гаровга ололмаслигини, балки бирор кўчмас мулк бўлиши кераклигини айтади. Сиз уни ҳам амаллаб топасиз, кредитни олдингиз, аммо тўлов кунидан бир кун кечиктириб кўринг-чи? Шу кундаёқ банк ходими қўнғироқ қилади, пеня ундирилиши билан огоҳлантиради, керак бўлса шартномани бекор қилиб, гаровдаги мулкингизни тортиб олишга ҳам ҳақли.

Биз ҳикоя қилган масалада эса, 2009 йилда келиб ишлаб чиқаришни жўяли йўлга қўя олмаган, аммо Светлана Ортиқова таъбири билан айтганда, “ўзининг пулини олиб келган” эронлик тадбиркорга эса, давлат улуши 100 фоизлик ўзбек банки 33 млрд сўмдан ортиқ кредитини сўндириш муддатини бир эмас, бир неча марта узайтириб берса, яна табиий газ, электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловлар 2,5–5 млрд сўмни ташкил этса-ю, у ҳам Бош прокуратура талаби билан музлатилса... Нақ 19 гектар суғориладиган ер майдони бўлса-ю, унда йиллар давомида қурилган корхонадан 10 йил давомида самарали фойдаланмаса...

Чет элдан “ўзининг пулини олиб келган”, яна банкротлик ёқасидан 2 марта қайтарилган хорижлик инвесторнинг аҳволи шуми?

Бири дивиденд тўламаса, иккинчиси, ўз ватандоши айтганидек, фирибгар бўлиб чиқса, учинчиси эса ўзбек солиқ тўловчилари маблағи ҳисобига шакллантирилган ўзбек банкидан олган кредитларни қайтармаса-ю, устига яна кредит олса, энергоресурслардан қарздорликлар “чет эл тадбиркори” деб вақтинча музлатиб қўйилаверса, сизнингча, “хорижлик тадбиркор, инвестор” дейиш қанчалик тўғри бўлади?

Бош прокуратура бош вазирга ёзган хати билан, қўштирноқ ичидаги 3 хорижлик инвесторни қабул қилиш билан кимни ҳимоя қилмоқда?

Тасаввур қилинг, биргина тадбиркорга берилган бир неча миллион долларлик сармоя ва салоҳият, маҳаллий кичик тадбиркорларга тақдим этилганида бир неча баробар фойдаси билан қайтиши мумкин эмасмиди?

Агар,50-100 минг доллардан берилганида ҳам камида 40-60 кичик тадбиркорни айланма маблағи ёки ишлаб чиқаришини йўлга қўйиши учун маблағ билан таъминлаш мумкин эди. Қолгани занжир реакциясини ишга туширар эди.

Хуллас, назаримизда, хорижлик инвесторман, Ўзбекистонга пул тикмоқчиман деган хорижликни кўзга тўтиё қилавериш эмас, уларга ҳам аниқ шартлар қўйиш, молиявий ҳисоботларини яхшилаб ўргангач, Ўзбекистонда фаолият юритишига имкон бериш керак.

Ахир, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Туркиянинг Демир компанияси раҳбарига “Чорсу” меҳмонхонаси берилмаганини изоҳлар экан, Аҳмад Демир меҳмонхонани ўзбек банкига гаровга қўйиб кредит олмоқчи бўлганини, ҳеч қандай сармоя киритиш ниятида бўлмаганини рўйирост айтганида, ҳеч ким эътироз билдирмади ҳам, хорижлик “инвестор”ни кимдир ҳимоя қилмади ҳам.

Шундай экан, нега энди бошқа ҳолатларда Ўзбекистонга кириб келаётган хорижлик тадбиркорларнинг бундай йўл тутишига кўз юмиш керак? Нима учун икки хил стандартдаги ўйинлар бўлиши лозим?

Сўзимиз сўнгида «Orient Ceramic» МЧЖ томонидан тақдим этилган қуйидаги маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Унда корхонанинг 2019, 2020 ва 2021 йилларда тўлаган солиқлари ҳамда экспортига доир ахборот акс этган. 3 қисмдан иборат суриштирувларни ўргандингиз, хулоса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид