Ўзбекистон | 16:00 / 03.04.2023
24365
4 дақиқада ўқилади

Испаниянинг “Максам” компанияси Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга берди

“Максам-Чирчиқ” заводининг 49 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Испаниянинг “Максам” компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан шартномани бузиб келганлик учун товон тўлашни талаб қилмоқда. “Ўзкимёсаноат” Kun.uz сўровига жавобан тез орада расмий маълумот берилишини маълум қилди.

Фото: Максам-Чирчиқ заводи

Испаниянинг “Максам” компанияси Ўзбекистон томони билан низони ҳал қилиш учун Лондондаги халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

“Eurasianet” хабарига кўра, келишмовчилик “Максам” компанияси ва “Ўзкимёсаноат” давлат компанияси 49/51 нисбатда эгалик қиладиган “Максам-Чирчиқ” кимё корхонасига оид.

Қайд этилишича, “Максам” Ўзбекистон ҳукуматини ўртадаги шартнома шартларини доимий равишда бузиш айбловлари ортидан етказилган зарарни ундириш учун даъво қилаётган бўлиши мумкин. “Максам” компаниясининг матбуот котиби гап айнан нима ҳақида кетаётганини нашрга очиқламаган.

“Максам” Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар орқали муросага келишдан умидвор эди, чунки мамлакатга каттагина сармоя киритганди. Лекин вазият шундай даражага келдики, улар муаммоларини мулоқот ва музокаралар йўли билан ҳал қила олмади. Халқаро арбитраж судига даъво аризасини бериш уларнинг охирги чорасидир”, – деган низоли ҳолатдан хабардор манба.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот котиби Рустамбек Эшбековга боғланди. У компания мазкур вазиятдан хабардорлигини ва бу масала юзасидан аниқ, асосланган маълумотлар тайёрланаётганини маълум қилди.

“Бу юридик жиҳатдан аниқ асосланиши лозим бўлган халқаро даражадаги масала. Шунинг учун бироз вақт талаб қилади”, – деди “Ўзкимёсаноат” расмий вакили.

“Максам-Чирчиқ” ҳақида

2007 йилда Чирчиқ азотли ўғитлар заводининг 49 фоиз улуши Испаниянинг “Максам” компаниясига ўтган. Шундан кейин “Ўзкимёсаноат” ва “Максам”га тегишли “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти ташкил этилган.

Ҳозирда “Максам Чирчиқ” АЖнинг 51 фоиз улуши “Ўзкимёсаноат” АЖ давлат компанияси, 49 фоизи эса Испаниянинг “Maxamcorp International S.L” компаниясига қарашли.

“Максам-Чирчиқ” АЖ – 40 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон кимё саноатидаги йирик корхоналардан биридир. У “А” маркали карбамид ишлаб чиқариш бўйича мамлакатдаги табиий монополист ҳисобланади.

“Максам” компанияси ҳақида

“Максам” компанияси тарихи Нобел мукофори асосчиси Алфред Нобел 1872 йилда Испанияда динамит кукунларини ишлаб чиқарувчи “Sociedad Anónima Española de la Pólvora Dinamítica” компанияга асос солган вақтдан бошланган. Кейинчалик унинг эгалари ва тузилмаси ўзгарган.

Компания кимёвий энергетика материаллари (портловчи моддалар ва бошқалар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва тоғ-кон саноати, қурилиш муҳандислиги ва қурол-яроғлар бўйича дунё етакчиларидан бири ҳисобланади. “Максам” дунёнинг 40 дан зиёд давлатларида фаолият юритади.

Испан нашрларининг ёзишича, “Максам” бош офиси Мадридда жойлашган, аммо 2020 йилдан бери АҚШнинг “Rhone Capital” фондига тегишли.

2022 йил апрел ойида Украина президенти Володимир Зеленский “Максам” ва яна икки испан компаниясини ҳамон Россиядан чиқиб кетмагани учун танқид қилганди. Шундан кейин компания ОАВ эътиборига тушган. Компания Россияда заводларни очиқ сақлаш мажбуриятига бўйсунгани учун қолганини тушунтирган.

Мавзуга оид