Жамият | 13:51 / 25.08.2021
8276
2 дақиқада ўқилади

Президент сайловини ўтказиш бўйича 10 мингдан ортиқ сайлов участкаси тузилди

Ўзбекистонда президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг қарорларига асосан республика бўйича жами 10760та сайлов участкаси тузилди. Бу ҳақда бугун, 25 август куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 10 мингдан ортиқ сайлов участкаларининг асосий қисми таълим муассасаларининг биноларида жойлашади. Хусусан, сайлов участкаларининг:

  • 7346таси - таълим муассасаларида;
  • 573таси - маҳаллалар биноларида;
  • 452таси - тиббиёт муассасаларида;
  • 322таси - маданият ва спорт марказларида;
  • 206таси - ишлаб чиқариш корхоналарида;
  • 93таси - давлат хизматлари агентлиги биноларида;
  • 33таси - санаторийларда;
  • 16таси - савдо марказларида;
  • 145таси - ҳарбий қисмларда;
  • 20таси - озодликдан маҳрум этиш ва қамоқда сақлаш жойларида;
  • 414таси бошқа турдаги корхона, ташкилот ва муассасалар биноларида жойлашиши белгиланди.

Шунингдек, Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддалари ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 54та сайлов участкалари тузилади.

Бундан ташқари, йиғилишда Марказий сайлов комиссияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича Йўриқномани ҳам тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сайловолди кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Ҳозирга қадар бешта партия ўз номзодларини тақдим қилди ва имзо йиғиш жараёнлари бошланди. Президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид