Спорт | 19:53 / 30.08.2021
39304
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон паралимпиячилари кун давомида 3та медал олишди

Токио шаҳри мезбонлигидаги ёзги Паралимпия ўйинларининг навбатдаги кунида ўзбекистонлик саккиз нафар спортчи иштирок этди. Кун давомида битта олтин ва иккита бронза медал қўлга киритилди.

Дастлаб пара-енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бобуржон Омонов 14,06 метр натижа қайд этган ҳолда чемпионликка эришиб, Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

У бу натижа билан паралимпия рекордини янгилади. Бу борада жаҳон рекорди ҳам Омоновга тегишли. У БААда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 14.31 метр натижа билан дунё рекордини ўрнатганди.

Пара-енгил атлетика бўйича F55 классида ядро улоқтириш бўйича кечган баҳсда Нурхон Қурбонова 7,77 метр натижа қайд этиб, бронза медалига эга бўлди.

Пара-сузувчи Шоҳсанам Тошпўлатова ҳам Паралимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритди.

Тошпўлатова 200 метр масофага кечган комплекс сузиш дастурида учинчи ўринни эгаллади. У финалда масофани 2:27.92 дақиқада сузиб ўтишга муваффақ бўлди.

Шоҳсанам Тошпўлатова мазкур Паралимпия ўйинларида бунгача 3та йўналиш финалида қатнашиб, икки марта 4 ва бир марта 5-поғонани эгаллаганди.

Маълумот учун, Шоҳсанам Тошпўлатова Рио Паралимпиадасидан 2та бронза медали билан қайтганди.

Сузиш баҳсларида қатнашган Фирдавс Мусабеков (S13) ва Нигорахон Мирзоҳидова (S13), узунликка сакрашда қатнашган Дониёр Солиев (T12) ва Иззат Турғунов (T36) ҳамда пара-пауэрлифтингчи Нуриддин Давлатов эса муваффақиятсизликка учради.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 15 тага етди — 5 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза. Жамоа умумий рейтингда 13-ўринда жойлашган.

Мавзуга оид