Иқтисодиёт | 16:43 / 31.08.2021
19347
10 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси”: сўнгги йиллардаги ютуқлар ва режалар

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш борасида салмоқли ютуқларга эришди. Жумладан, иқтисодиётнинг муҳим ва ажралмас бўғини ҳисобланган биржа механизми ҳам сифат жиҳатдан янада такомиллаштирилиб, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди.

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” раиси Зиёвиддин Бадриддинов «Янги Ўзбекистон» нашрига берган интервьюсида иқтисодий тараққий этган мамлакатларда нима сабабдан биржа савдолари кенг қўлланилади деган саволга атрофлича жавоб бериб биржа томонидан эришилган натижалар ҳақида сўзлаб берди.

Қисқа қилиб айтганда, биржа шаффоф бозор инфратузилмаси ҳисобланади. У ўз ичига талаб ва таклиф, соф рақобат, котировкалар каби тушунчаларни қамраб олади. Биржа савдоларини ташкиллаштириш ва иштирок этишдан ҳар томон манфаатдор бўлади.

Бу жараёнда бир томондан тадбиркорлар ҳеч қандай тўсиқларсиз, эркин иштирок этиб, зарур товар ресурсларини харид қилишади. Иккинчи томондан эса, сотувчи корхоналар биржада ўтказиладиган аукционлар ҳисобига қўшимча даромад олишлари мумкин. Учинчидан, биржада тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатланади ва бу томонларнинг шартномавий интизомини мустаҳкамлайди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг мамлакатимизда 13 та ҳудудий филиали, мингдан ортиқ брокерлик идоралари, 300 дан зиёд маҳаллий ва 19 та хорижий савдо майдончалари мавжуд. Биржада самарали фаолият юритаётган 3000 нафардан ортиқ трейдерлар 800 мингдан зиёд мижозларга хизмат кўрсатади.

Сўнгги 5 йил мобайнида биржамизнинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 4,5 маротаба ошиб, 2020 йилда 53,6 триллион сўмни ёки 5,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизига тўғри келади.

Ўсиш ҳолатлари барча савдо платформаларида кузатилди. Хусусан, 2016-2020 йилларда биржа савдоларининг ҳажми 5 баробарга, кўргазма-ярмарка савдолари – 1,6 ва давлат харидлари эса – 4 маротабага ўсди. 2017 йилда ишга туширилган avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида сотилган “чиройли” авторақамларнинг умумий қиймати 9 маротабага ортиб, ўтган йили 246,6 миллиард сўмга етди.

Жорий йилда ҳам UZEX биржасида сезиларли даражада ўсиш кўрсаткичларини намоён этишни давом эттирмоқда. Бунга 2021 йил 17 мартда қабул қилинган Президентимизнинг "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори катта туртки берди.

Унга мувофиқ, очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган товарларнинг рўйхати кенгайтирилди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан фойдаланиш имконияти ошди, соғлом рақобат кучайди ва реал бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда, товарларга нарх белгилашнинг замонавий механизми жорий этилди. Шу билан бирга, биржа ўз мижозлари учун янги хизматларни тақдим этиб боряпти, бизнес жараёнларига инновацион ечимларни фаол равишда жорий этишни давом эттиряпти.

Бунинг натижасида 2021 йилнинг 7 ойлик якунларига кўра 797,3 минг декалитр этил спирти, 12,6 минг тонна поливинилхлорид, 1225 тонна формалин ва 224 килограмм кумуш каби янги маҳсулотлар очиқ биржа савдолари орқали сотилди.

Умуман олганда, ўтган даврда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 46,7 фоизга ўсиб, қарийб 46  триллион сўмни ташкил қилди. Тузилган битимлар ҳажмининг 87 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товар ресурслари учун нархларнинг барқарорлигини импорт ҳисобига таъминлаш ва сақлаш, маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида биржа ўзининг хорижий савдо майдончалари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқда.

Маълумки, ҳозирги пайтгача бундай майдончалар Беларусь, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Украинада очилган эди.

Жорий йилда эса хорижий ҳамкорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида Европада илк бор, хусусан Латвиянинг Рига шаҳрида биржанинг яна бир савдо майдончаси ишга туширилди. Бу маҳаллий тадбиркорларимизга кўҳна қитъа бозорларига эркин чиқиш, хорижий компаниялар учун эса Ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилишда самарали савдо усулларидан фойдаланиш имконини тақдим этади.

Ана шундай ютуқлар самараси ўлароқ, жорий йилда биржа орқали 58,4 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу эса 2020 йилнинг 7 ойлик кўрсаткичидан 5,6 фоиз ортиқлигини кўрсатади.

Илғор IT-технологияларнинг биржа савдоларида кенг қўлланилиши мамлакатимизда электрон тижоратнинг B2B (бизнес ва бизнес) ва B2C (бизнес ва фуқаро) моделлари жадал ривожланиши учун муҳим замин яратиб бермоқда.

Электрон тижоратнинг В2В моделини акс этувчи кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми жорий йилда 1,2 триллион сўмга етди. Эътиборли жиҳати, ўтган йилдан бошлаб мазкур савдо тизимида биржанинг ҳисоб-китоб палатаси орқали тузилган битимларнинг бажарилишини кафолатлаш механизми амал қилмоқда.

Интернет савдоларнинг B2C сегментида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври давомида биржанинг avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида онлайн-аукционлар орқали 168,7 миллиард сўмлик 83,2 мингдан зиёд авторақамлар сотилди. Бунинг натижасида уларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,4 баробарга, ҳажми бўйича – 42 фоизга ўсди. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қимматининг қиймати эса 441,5 миллион сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2 миллион сўмга тенг бўлди.

UZEX биржаси фаолиятининг яна бир муҳим йўналишларидан бири бу – электрон давлат харидлари тизими ҳисобланади. Жаҳон тажрибасининг  кўрсатишича, давлат харидларининг самарадорлиги биринчи навбатда унинг шаффофлиги билан белгиланади.

Айни вақтда Ўзбекистонда давлат харидларининг шаффофлиги махсус ахборот портали орқали таъминланмоқда, Биржамиз  эса ушбу порталнинг операторларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилда тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг бу борадаги иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги портали ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларининг барча турлари бирлаштирилди.

Шу йилнинг биринчи ярмида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,4 баробарга ошиб, 4,7 триллион сўмга тенг бўлди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши икки маротабага ўсди ва 840,6 миллиард сўмга етди.

Давлатимиз раҳбарининг “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Унинг тўлиқ ишга туширилиши юк ташувчилар бозорида рақобат муҳитини шакллантиради ва ушбу соҳада шаффофликни таъминлайди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўлади. Улар учун электрон навбатнинг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.

Порталга, шунингдек, юклар ҳаракатланишини реал вақт режимида кузатиш, диспетчерлик ва юк ташувчи компаниялар хизматини баҳолаш функциялари ҳам киритилади.

“Йўл харитаси”да биржа савдоларида товар деривативалари, жумладан фьючерс шартномалари жорий этилиши ҳам белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад нархларнинг ўзгарувчанлигидан ҳимояланиш (хежерлаш), товар бозорларида талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, товарга бозор нархини шакллантириш, иқтисодиётга бўш маблағлар ва хорижий инвесторларни жалб қилишдан иборатдир.

Шу мақсадда жорий йилнинг июнь ойида биржа вакиллари АҚШнинг Нью-Йорк, Вашингтон ва Чикаго шаҳарларига ташриф буюришди. Ташриф чоғида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси АҚШ биржалари, давлат назорат органлари, брокерлик идоралари, софтвер ва IT компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, АҚШнинг Товар фьючерс савдолари бўйича комиссияси (CFTC) ва “Connomara systems LLC” компаниясининг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

АҚШ фьючерс бозорининг назорат комиссияси вакиллари билан Ўзбекистонда фьючерс бозорларини назорат қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, соҳа экспертларини жалб қилиш, фьючерс савдоларини Ўзбекистон бозорида амалиётда татбиқ қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олинди.

АҚШнинг “Connomara systems LLC” компанияси билан эса ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, томонлар Ўзбекистон биржаси учун фьючерс савдолари бўйича дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва замонавий IT технологияларини жорий қилиш йўналишида ҳамкорлик қилади.

Шу тариқа, сўнгги йиллар биржа савдоларини шиддатли ривожлантириш ва эркинлаштириш, электрон тижоратни оммалаштириш ва биржа амалиётига инновацион ечимларни жорий қилишда муҳим давр бўлди. Шу билан бирга, UZEX биржаси очиқ-ойдинлик, шаффофлик, тузилган битимларнинг бажарилишини кафолатлаш, талаб ва таклиф, соф рақобат каби анъанавий биржа тамойилларига риоя қилган ҳолда, товар сегментларида замонавий савдо усулларини жорий этишни давом эттиради.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими Ⓣ

Мавзуга оид