Ўзбекистон | 10:08 / 27.11.2021
7679
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси”: биржанинг бензин бозори барқарорлашди

Фото: ЎзРТХБ

Ноябрь ойининг охирларига келиб биржанинг бензин бозорида талаб ва таклифнинг мутаносиблиги тикланиши ва нархларнинг барқарорлашуви кузатилмоқда.

Маълумки, 1-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 690,6 минг сўмдан 10 129,4 минг сўмгача, яъни 17% га ўсган эди.

Нархлар барқарорлашувини таъминлаш мақсадида биржанинг бензин бозорида таклиф даражасини ошириш, биржа савдоларига кичик лотлар (1 тонналик)ни қўйиш ва харидорлар учун максимал ҳажмлар (лимит)ни ўрнатиш чоралари кўрилди.

Буларнинг натижасида 15-26 ноябрь кунлари АИ-80 маркали бензиннинг биржа савдоларига қўйиш даражаси 3,6 маротабага ўсди. Бунда биржа савдоларига қўйилган бензин ҳажмида 1 тонналик лотларнинг улуши 6% дан 57% гача оширилди. Савдоларда иштирок этган ва бензинни сотиб олган харидорларнинг сони эса 32 тадан 367 тагача, яъни 11,4 баробарга ошди. 

Мазкур даврда бензиннинг биржада шаклланган ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 129,4 минг сўмдан 8 101,2 минг сўмгача, яъни 20% га пасайди. Бензиннинг бир тоннаси учун сотилиш нархи 15 ноябрга нисбатан 2 028,2 минг сўмга, 1 ноябрга нисбатан эса 589,4 минг сўмга арзонлашди.

Ўз навбатида, биржа бозорида бензин нархларининг барқарорлашуви чакана бозорларда, яъни автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)нинг нархларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензиннинг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими Ⓣ

Мавзуга оид