Жаҳон | 18:08 / 01.09.2021
36180
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Панжшер аҳолисига мурожаат билан чиқди 

Амир Хон Муттақий толиблар Панжшерга ҳоким ва бошқа масъул шахсларни тайинлаганини маълум қилди.

Фото: newsfa.ru

“Толибон” ҳаракати аъзоси Амир Хон Муттақий Панжшер вилояти етакчилари билан музокаралар натижасиз якунлангани ва вилоятни куч билан олиш режалаштирилганини маълум қилди.

“Музокаралар натижа бермагач, мужоҳидлар Панжшерни тўрт тарафдан қуршаб олди. Қаршилик кўрсатаётганларга урушни бас қилинг деб айтишингиз керак. Улар на Кобулда, на бошқа жойда НАТО ёрдами билан ҳам ҳеч нарса қила олмади. Кичкина ҳудудда қандай қаршилик кўрсатиш мумкин?” – деди толиблар вакили Панжшер аҳолисига қилган аудиомурожаатида. 

Амир Хон Муттақий толиблар Панжшерга ҳоким ва бошқа масъул шахсларни тайинлаганини маълум қилди.

“Биз тайинлаган олим ҳокимингиз бўлишининг нимаси ёмон? Буни ўйлаб кўринг ҳамда Ислом амирлигига қўшилинг ва урушнинг олдини олинг”, – дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ “Толибон” Панжшердаги учта муҳим туман ва довонни қўлга киритганини маълум қилганди. Аммо қаршилик кучлари бу маълумотни рад этди.

Интерфакс агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, ўтган тунда толиблар Ҳавак довони орқали Панжшер вилоятига киришга уринган.

“Ўтган тундаги тўқнашувларда толиблар 350 нафар аскаридан ажралди, 40 дан ортиқ киши асирга олинди. Жангчиларимиз кўплаб Америка транспорт воситалари, қурол ва ўқ-дориларни қўлга киритди”, — деб хабар берган агентлик манбаси Ҳавакдаги бўлинма командири Муниб Амирийга таяниб.

Ҳозирда Панжшер толиблар назоратига ўтмаган ягона вилоят бўлиб турибди.

Мавзуга оид