Ўзбекистон | 11:13 / 03.09.2021
18920
6 дақиқада ўқилади

Кенжа шаҳарнинг “ташриф қоғози” – Ғозғон мармарининг довруғи қайтмоқда

Ғозғон ташкил этилиши жиҳатдан Ўзбекистоннинг энг кенжа шаҳри ҳисобланади. Яқин вақтгача Навоий вилояти Нурота туманининг бир қисми бўлиб келган Ғозғон шаҳарчаси 2019 йилда вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилганди. Kun.uz мухбири ўз мармарлари билан ном қозонган ҳудудда бўлиб, амалга оширилаётган ўзгаришлар билан танишди.

Аслида Ғозғон шаҳрининг довруғи азалдан дунёга кетган. Бу ердаги конлардан қазиб олинган, 35 хил рангни ўзида акс эттирган мармар маҳсулотлари дунёнинг кўпгина давлатларида муҳташам биноларга зеб бериб турибди.

Эрон, Туркия, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон каби давлатларнинг тарихий обидаларини реставрация қилишда, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги метро бекатлари, вокзаллар, Останкино телеминораси, Киевдаги “Украина” саройи, Бакудаги 26-Баку комиссари ёдгорлиги, Новосибирскдаги цирк биноси, Бишкекдаги драма театри, Москвадаги Третьяков галереяси қурилишида Ғозғон мармари ишлатилган.

Мамлакатимиздаги музейлар, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Ўзбекистон меҳмонхонаси, кўплаб меҳмонхоналар, сарой, музей ва бошқа объектларнинг безак ишларида Ғозғон мармаридан фойдаланилган. 

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, дунёда тузилиши жиҳатдан хилма-хил мармарнинг бир ҳудудда учраши фақатгина Ғозғон шаҳрида кузатилади. Айни вақтда ҳудудда 2 та йирик мармар кони ҳамда “Пашот I” ва “Галерян” каби гранит конлари бор. Ушбу конларнинг умумий ҳажми мармар бўйича 36 миллион м3ни, гранит бўйича 108,3 миллион м3ни ташкил этади. Бу мармар захираси Навоий шаҳри майдонидан қарийб 10 баробар, Ғозғон шаҳрининг ўз майдонидан эса қарийб 52 баробар катта дегани. Бундан ташқари, ҳудудда ҳали ўрганилмаган ва геология қидирув ишлари ўтказилмаган конлар ҳам кўп. 

Алоҳида шаҳар мақомини олгач, Ғозғонда аста секинлик билан ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Айни дамда турли ташкилот ва бошқарув органларининг шаҳар бўлимлари учун маъмурий бинолари қурилмоқда, ички йўллар кенгайтирилиб, турли хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиляпти. Энг муҳими, ҳудудда шаҳарнинг “ташриф қоғози”га айланган “Мармаробод” табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш кластери иш бошлади.

“Мармаробод” МЧЖ бош муҳандиси Ўткир Бўроновнинг таъкидлашича, Президент таклифи асосида амалга оширилган ушбу корхонага Хитойдан технология келтирилган. Янги ташкил этилаётган корхонада эса Италия технологияси ўрнатилади.

Президентимиз Ғозғонга ташрифи чоғида бу ердаги мармар ва гранит конлари ҳақида тўҳталиб, уларни қайта ишлаш бўйича саноат корхоналарини қуриш таклифини берган эди. Шу таклиф асосида “Мармаробод” кластер лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида конлардан мармар ва гранит қазиб олиб, шу ернинг ўзида қайта ишлаган ҳолда экспортга чиқариш асосий вазифа этиб белгиланган. Корхонанинг ишлаб чиқариш суръати йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда корхона фаолияти янада кенгайтирилиб, қўшни давлатлар билан қўшимча шартномалар тузиляпти ҳамда кластер таркибида янги заводлар қуриляпти. “Мармаробод” МЧЖда 300 нафарга яқин ишчилар фаолият кўрсатмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизга Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Озарбайжон ва Европа давлатлари қизиқиш билдирмоқда”, — дейди Ўткир Бўронов.

Ўткир Бўронов

Корхонада конлардан ташиб келинган мармар ва гранит тошлар бир неча босқичда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот кўринишига келтирилади.

Ғозғонимиз шаҳар бўлди. Мана, энди шаҳарга мос катта корхоналар қуриляпти. “Мармаробод” МЧЖ ташкил этилганидан бери шу ерда ишлайман. Ишимиз яхши, рўзғоримиз шунинг кетидан. Янги технологиялар кўп, янги ишга келган ходимларга ўргатиб боряпмиз. Ўзи бизнинг ҳудудда тошга тушунмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Шунинг учун бу корхонада иш бошлаш унчалик қийин бўлмади бизга”, — дея таъкидлайди орхонада смена устаси бўлиб ишловчи Отабек Рўзиев.

Отабек Рўзиев

2022 йилда ҳам Ғозғонда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, мармар ва гранит плиталар ишлаб чиқариш ҳисобига “Edifice Aaspire” МЧЖ томонидан қарийб 2,6 миллион АҚШ доллари ҳамда “Navoiy Procces Stone Company” МЧЖ томонидан 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган. 

Ғозғон шаҳрининг мармардан кам бўлмаган яна бир маҳсулоти ҳудуддаги хотин-қизлар томонидан тайёрланаётган каштадир. Бугун ҳудудда ҳунармандчиликни, хусусан, каштачиликни ривожлантириш эвазига хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Негаки, бу ерда тайёрланаётган кашталар гули ва ранг-баранглиги билан ҳамиша харидоргир бўлган.

 Мохичеҳра Норбоева ушбу фаолият билан шуғулланиб, 50 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган ҳунармандлардан бири. Ҳозирда у ҳунармандлар мактабини очиш ниятида.

Момоларимиздан қолган миллий каштачиликни ривожлантириш мақсадида иш олиб боряпмиз. Ҳозирда тайёрлаган маҳсулотларимизни Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларига олиб бориб топширяпмиз. Биздан олганлар эса чет элларга экспорт қиляпти. Энди ўзимиз тўғридан-тўғри экспорт қилишни режалаштиряпмиз. Ип ва материалларни Наманган вилоятидан келтирамиз. Кашталаримиз қўл меҳнати билан бир ҳафта, ўн кун мобайнида тайёрланади. Кўпроқ бодом ва анор гулларидан фойдаланамиз, уларнинг ҳар бири ўз рамзий маъносига эга”, — дейди Мохичеҳра Норбоева.

Мохичеҳра Норбоева

 Ҳудудда ичимлик суви, сервис ва хизмат кўрсатиш, бозор , бандлик масалаларида муаммолар ҳам йўқ эмас. Ушбу муаммолар ҳам ўз навбати билан бартараф этилса, Ғозғон шаҳри аҳолиси ҳаётдан рози ва ўзгаришлардан мамнун бўлади.

Руслан Сабуров,Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид