Жаҳон | 21:08 / 06.09.2021
24270
3 дақиқада ўқилади

Француз актёри Жан-Поль Бельмондо вафот этди

Машҳур француз актёри Жан-Поль Бельмондо 6 сентябрда 89 ёшида вафот этди. Актёрнинг ўлимини унинг адвокати тасдиқлаган.

Фото: AFP VIA GETTY IMAGES

Актёрнинг ўлими сабаби ҳозирча маълум қилинмаган. У Париждаги уйида ҳаётдан кўз юмган.

Франция президенти Эмманюэль Макрон актёрнинг ўлими муносабати билан таъзия билдирган. “У доим ажойиб бўлиб қолади. Жан-Поль Бельмондо миллий бойлигимиз эди. У ҳамиша қувноқ, баланд овоз ва абжир танага эга бўлган. Олийжаноб қаҳрамон ва таниш чеҳра, серғайрат довюрак ва сўз сеҳргари. Биз унинг сиймосида ўзимизни кўрардик”, деб ёзган Макрон твиттерда.

Бельмондо 1933 йилда Сена департаментида дунёга келган. Ёшлик кезларида профессионал спортчи ёки актёрлик фаолиятидан бирини танлашига тўғри келган ва у охир-оқибат актёрликни танлаган. Бельмондо драма санъати миллий консерваториясини тамомлагач, 1957 йилда кинодаги фаолиятини бошлаган. Унга машҳурлик келтирган фильм Жан-Люк Годарнинг 1960 йилларда экранларга чиққан “Охирги нафасда” фильми бўлган.  

Актёр ўз фаолияти давомида кўплаб, жумладан, “Профессионал”, “Телба Пьеро”, “Борсалино” каби фильмларда роллар ижро этган.

Бельмондонинг энг машҳур ролларидан бири – "Профессионал" триллеридаги махфий агент Жосслен Бомон (1981 йил)
GAMMA-RAPHO VIA GETTY IMAGES

1980-йилларда ўз кинокомпаниясига асос солган. 2001 йилда актёр Корсикада дам олаётганда инсультни бошдан ўтказган. 2008 йилда соғлиғини тиклаш учун олган узоқ танаффусдан кейин яна кинога қайтган. Бельмондо 2015 йилда актёрлик фаолиятини якунлаган, бироқ кейинроқ яхши таклифлар тушса, бу ҳақида ўйлаб кўришга ваъда берган.

Бельмондо ва Софи Лорен итальянларнинг "Чочара" фильмида (1960 йил)
Советлар давридаги киноихлосмандлар учун Бельмондо биринчи навбатда саргузашт жанридаги фильмлар орқали ёдда қолган. Бу суратда – 1969 йилда гангстерлар ҳақидаги "Борсалино" картинасини суратга олиш жараёни. Унда Бельмондо билан бирга яна бир машҳур француз актёри – Ален Делон ҳам рол ижро этган.
CORBIS VIA GETTY IMAGES
Бельмондонинг романтик томони – унинг "Миссисипидан Сирена" фильмидаги Катрин Денёв билан дуэти (1969 йил).
UNITED ARCHIVES VIA GETTY IMAGES

Актёр фаолияти давомида кўплаб нуфузли киномукофотлар, жумладан, “Сезар”, Канн кинофестивалининг “Олтин пальма шохи”га сазовор бўлган. Бельмондо 2016 йилда жаҳон кинематографига қўшган ҳиссаси учун “Олтин шер” мукофоти билан тақдирланган.

Мавзуга оид