Жаҳон | 23:43 / 13.09.2021
35878
2 дақиқада ўқилади

“Дельта-штамм”га қарши энг самарали вакцина маълум қилинди 

Америкалик олимлар Moderna, Pfizer ва Johnson&Johnson компанияларининг коронавирусга қарши вакциналарининг самарадорлигини таққослашди.

Фото: EPA

АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш марказлари (CDC)нинг VISION тармоғи тадқиқотчилари 2021 йилнинг ёз ойлари АҚШнинг вирус “дельта-штамм”и энг кенг тарқалган 9 та штатидаги 32 мингдан кўпроқ тиббий мурожаатни таҳлил қилиб чиқишган. Олинган натижаларга кўра, Moderna вакцинаси қолган иккита вакцинага нисбатан “дельта-штамм”га қарши энг самарали экани аниқланган. Шу билан бирга, барча учта вакцина касалликнинг оғир кечиши олдини олишда самарали экани маълум бўлган.

Тадқиқотчилар коронавирусга қарши эмланмаган одамлар эмланганларга нисбатан 5-7 марта кўпроқ шошилинч ёрдам ва шифохонага ётқизишга муҳтож эканликларини аниқлашган.

Улар вакциналарнинг 18 ёшдан катталарга таъсирини ўрганиб чиқишган.

Аниқланишича, Moderna вакцинаси касалланганларни шифохонага ётқизиш ҳолатларининг олдини олишда 95 фоизга, Pfizer вакцинаси 80 фоизга, Johnson & Johnson вакцинаси эса 60 фоизга самарали экан.

Шунингдек, Moderna вакцинаси шошилинч тиббий ёрдам ҳолатларининг олдини олишда 92 фоиз, Pfizer вакцинаси 77 фоиз ва Johnson & Johnson вакцинаси 65 фоиз самарадор экани аниқланган.

Тадқиқот вакциналар таъсири кучи 75 ёшдан катталар учун пасайишини кўрсатган.

“Вакциналарнинг самарадорлигидаги тавофутларга қарамасдан, улар эмланганларда эмланмаганларга қараганда кўпроқ ҳимояни таъминлайди. Эмлангандан кейин ҳам касалликка чалиниш ҳолатлари учраса-да, маълумотлар бунда касаллик аломатлари камроқ даражада жиддий бўлишини кўрсатмоқда. Коронавирус оқибатида шифохонага тушиш ва ўлим ҳолатларидан аксарияти ҳамон эмланмаганлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Коронавирусга қарши вакциналар пандемияга қарши курашда кучли воситалар ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган тадқиқот муаллифи Шон Граннис.

Мавзуга оид