Ўзбекистон | 11:19 / 21.09.2021
3980
4 дақиқада ўқилади

ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгашининг XVII йиғилиши якунларига кўра раислик Ўзбекистон миллий банкига ўтди

2021 йил 16 сентябрь куни Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикасининг «Амонатбонк» давлат жамғарма банки раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Банклараро бирлашмаси (ШҲТ ББ) кенгашининг XVII йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг Биринчи ўринбосари Д.Саид, Тожикистон Миллий банкининг раиси Х.Холикзода, ШҲТнинг бош котиби В.Норов ва ТР «Амонатбонк» ДЖБ Бошқарувининг раиси йиғилганларга табрик сўзи билан мурожаат қилди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар ривожланиш банкларининг раҳбарлари ҳам иштирок этиб, бунда ШҲТ маконида ва Осиё минтақасида фаолият юритувчи халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, Банклараро бирлашмага аъзо банклар билан кадрларни тайёрлаш ва тажриба алмашиш соҳасида инвестициявий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилиш иштирокчилари учрашув доирасида қабул қилинган янги таҳрирдаги ШҲТ ББни ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясини (2022-2026 йй.) амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Зеро, ушбу ҳужжат ББ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари бўйича хатти-ҳаракатларни бирлаштириш ва нуқтаи назарларни мувофиқлаштиришнинг муҳим воситаси сифатида кўриб чиқилади.

Қабул қилинган стратегия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш, инклюзив иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни яратиш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, кейинги 5 йилга ББга аъзо давлатлар ҳамкорлигини йўналтириш чоралари мажмуасини кўзда тутади.

ШҲТнинг бош котиби В.И.Норов томонидан етакчи жамоат институти сифатида ББ томонидан ШҲТ доирасида ўзаро банк-молия ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, ШҲТ минтақасида молия, юқори технологиялар, транспорт-коммуникация инфратузилмалари, энергетика ва инвестициялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси таъкидланди.

2021-2023 йилларда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш бўйича «Йўл харитаси»да, шунингдек 2020 йилда ШҲТ ББда «ВЭБ.РФ» давлат корпорацияси раислигида қабул қилинган «ШҲТ маконида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтиришга биргаликда ёндашувлар»да белгиланган ва ББга аъзо банклар томонидан амалда жорий йилдан бошлаб юритилаётган фаолиятининг самарадорлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Миллий банки Бошқаруви раиси маърузасида йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаш модерлари, ББнинг инвестициявий-молиявий фаолиятини ривожлантириш, шунингдек пандемия шароитида инновацион банк хизматларини жорий қилиш масалалари таъкидланди. Айни пайтда ШҲТ ББни ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясининг муҳим роли қайд этилди. Айни пайтда Стратегиянинг асосий бандларини амалга ошириш бўйича тегишли Йўл харитасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Йиғилиш якунида ББга аъзо банкларнинг раҳбарлари томонидан пандемия давом этаётган шароитда ТР «Амонатбонк» ДСБнинг ШҲТ ББ майдончасидаги раислиги муваффақиятли бўлганлиги таъкидланди.

Тадбир якунларига кўра, ШҲТ ББда 2021-2022 йиллар давридаги раислик Ўзбекистон томонига – «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки»га ўтди.

Маълумот учун: ШҲТ ББ 2005 йил 26 октябрда ШҲТ доирасидаги банклараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил қилинган. ШҲТ томонидан амалга оширилаётган ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган инвестициявий лойиҳаларни молиялаш ва уларга банк хизматларини кўрсатиш бўйича механизм бўлиб хизмат қилади.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид