Жамият | 17:02 / 08.10.2021
9569
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Абдуҳалимов уй-жойлар нархини кескин камайтириш ҳақида гапирди

Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўзининг сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш ва уй-жойларнинг нархини кескин камайтиришини маълум қилди.

"Адолат" партияси номзоди анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган сиёсатни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бундан ташқари, номзод ўз сайловолди дастурига киритилган ижтимоий сиёсатнинг асосий режаларини санаб ўтган:

  • меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришиш ва ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин кураш олиб борилади;
  • мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўриш ҳамда «иш ҳақи минимуми», «яшаш минимуми» каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратилади;
  • мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берилади, уларнинг меҳнати қадрланиши ва муҳофаза қилиниши, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олиши, меҳнат стажига қўшилиши ва келажакда муносиб пенсия олиши кафолатланади;
  • ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланиши, таълим олиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлиши керак;
  • пенсиядаги юқори чекловлар бекор қилинади ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминоти йўлга қўйилади.

Шунингдек, Баҳром Абдуҳалимов ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли эканлигини таъкидлаган.

«Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир. Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз.

«Ислоҳот – инсон учун хизмат қилиши» тамойилини янада кенгроқ қарор топтириш мақсадида давлат ва бизнес манфаатлари уйғунлигини таъминлаш орқали ижтимоий адолатга эришиш чораларини кўрамиз», – дейилади номзоднинг сайловолди дастурида.

Ўзбекистон президентлигига сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Айни кунларда сайловда иштирок этадиган бешта сиёсий партия етакчилари аҳоли орасида ўз тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Мавзуга оид