Жамият | 12:36 / 21.10.2021
12639
5 дақиқада ўқилади

“Фарзанд асраб олиш жараёни қийинлиги одамларни бола сотиб олишга мажбур қилмоқда” – Рустам Жўраев

Сенатнинг XX ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал майор Рустам Жўраев талабгорларнинг фарзандликка олувчилар рўйхатида йиллаб навбатда туришлари, амалдаги тартибнинг қийинлиги одамларни ноқонуний йўллар билан бола сотиб олишга мажбур қилаётганини таъкидлади.

Рустам Жўраев / Фото: Сенат ахборот хизмати

«Президент фармон ва қарорлари асосида Миллий гвардияга республикадаги меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари ва уйлари бириктирилгани, “SOS” болалар маҳаллалари билан ҳамкорлик қилиш вазифаси юклатилганидан сўнг ўтказилган ўрганишларимиз даврида болани фарзандликка олиш истагида юрган ота-оналар сони ҳаддан ташқари кўплиги аниқланган. Жумладан, республикада фаолият юритаётган 13 та болалар уйларида жами 504 нафар бола тарбияланаётган бўлса, уларни фарзандликка олиш учун ҳозирги кунда навбатда 5792 нафар фуқаро турганини кўришимиз мумкин.

Фуқаролар йиллар давомида фарзандликка олувчилар рўйхатида навбатда туришлари улар томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнини четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан бола сотиб олиш даражасига етиб бормоқда. 2017−2021 йиллар мобайнида бола савдоси бўйича 206 та жиноий ҳолат аниқланган. “Zo‘rTV” телеканали билан биргаликда “Фарзандим жигарбандим” кўрсатуви намойиш этилгандан сўнг, фуқароларнинг мурожаатлари кескин ошди. Шу сабабли Миллий гвардияда Call-center ташкил этишга мажбур бўлдик.

Ҳозир болани фарзандликка олиш масаласида кунига ўртача 53 тадан ортиқ мурожаат бўлмоқда. 20 кун ичида жами 1057 нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларга маслаҳат бериб, тўғридан тўғри муассасалар билан боғлаяпмиз ва назоратга оляпмиз. Ҳозирги кунда mehribonlik.uz сайтини ташкил этиш жараёнидамиз ва яқин кунларда тест режимида ишга туширамиз”, дея Рустам Жўраевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Миллий гвардия қўмондони август ойидан буён меҳрибонлик уйларидаги болалар сони 670 нафарга камайганини маълум қилди.

«Жорий йилнинг августида етим болалар тарбияланаётган муассасаларда икки ярим мингдан ортиқ бола бўлган бўлса, ҳамкорликда олиб борилган ишларимиз натижасида уларнинг сони 670 нафарга камайди. Шундан 69 нафари ўз ота-онасига қайтарилди, 28 нафари яқин қариндошларига васийлик белгиланиб, тарбияга берилди, 88 нафари эса бола олишга хоҳиш билдирган фуқаролар томонидан асраб олинди, 229 нафари янги ташкил этилган 37 та болалар уйларига берилди. Ҳозирда муассасаларда 1851 нафар бола сақланмоқда ва тарбияланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ривожланган давлатлар амалиётида интернат типидаги муассасалар фаолияти анча йиллар олдин бутунлай тугатилган бўлиб, давлат ва масъул ташкилотлар томонидан етим болаларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш ҳамда жуда қисқа муддатларда уларга янги оила топиш чоралари кўрилади. Бу тизим орқали битирувчилар кейинги шахсий, оилавий ҳаётида ва меҳнат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган турли муаммолар борасида тутинган ота-оналардан яқиндан ёрдам сўраш, маслаҳатлар олиш билан бирга, ўрталаридаги оилавий муносабатларни умрининг охиригача сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, оиладаги анъаналар ва урф-одатларнинг давом этишига замин яратилади», – дейди Рустам Жўраев.

Аввалроқ Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабрдаги йиғилишида Танзила Норбоева қонуний тартибда фарзанд асраб олиш жараёнидаги бюрократия ва бошқа тўсиқлар чақалоқ савдосининг авж олаётганига сабаб бўлаётгани, ҳозирги ҳолатда фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишига тўғри келишини айтганди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 200 нафар бола фарзандликка берилмоқда, фарзанд асраб олиш учун 2018–2019 йилларда 1,9 минг, 2020 йилда эса 1,5 минг киши васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган.

Охирги 5 йилда республикамизда одам савдоси жиноятлари 6 бараварга камайгани ҳолда чақалоқ ва болалар савдоси салмоғи ҳар йили сурункали равишда ошиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 28 фоизни, 2019 йилда 44 фоизни ташкил этган, чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбатларда бола асраб олишдаги мураккабликлар туфайли бу ишга қўл уришганини айтишган.

2017 йилда 4 минг нафар бола суд тартибида фарзандликка олинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 4,1 мингтани, 2019 йилда эса 4,3 мингтани ташкил этган.

Мавзуга оид