Ўзбекистон | 11:46 / 25.10.2021
30488
3 дақиқада ўқилади

Euronews Ўзбекистондаги сайлов натижаси ҳақида хабар беришга шошилди. МСК ҳали натижаларни эълон қилмаган

Фото: Gazeta.uz

«Евроньюс» 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президентлиги сайловида Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайлангани ҳақида хабар эълон қилди. Аммо бу хабар фактларга асосланмаган.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайланди. Якшанба куни бўлиб ўтган, сайловчиларнинг 80 фоизи иштирок этган сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, у 90 фоиз овоз тўплаган. Овоз беришнинг расмий натижалари ой охиригача эълон қилиниши керак.

...Ўзбекистоннинг энг нуфузли Либерал-демократик партиясидан ташқари, мамлакатда расман фаолият юритаётган яна тўртта сиёсий куч мавжуд бўлиб, ушбу партиялар томонидан илгари сурилган номзодлар ҳам президентлик лавозимига даъвогарлик қилган. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, сайлов жараёнларида мухолиф партияларнинг иштирокига рухсат берилмаган ва Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмаган», дейилади хабарда.

Аммо сайлов натижалари ҳали расман эълон қилинмаган ва натижалар ой охиригача куттирмайди ҳам.

Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов ҳам Kun.uz сўровига жавобан ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганлиги ҳақида хабар тарқатилмоқда. Бу хабар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Президент сайловининг дастлабки натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 16:00да Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев томонидан эълон қилинишини яна бир карра эслатиб ўтамиз», деди МСК вакили.

Ўзбекистонда олтинчи президентлик сайлови 24 октябрь куни соат 08:00дан соат 20:00га қадар бўлиб ўтди, МСК маълумотларига кўра, сайловда давомат 80,8 фоизни ташкил этган (16 036 914 нафар сайловчи).

Сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган. Сайлов кодексининг 97-моддасига кўра, президент сайловининг якуний натижаси ҳақидаги Марказий сайлов комиссияси қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади ва МСК расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

Сайловда кураш «Миллий тикланиш»дан партия етакчиси Алишер Қодиров, ЎзЛиДеПдан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, «Адолат» СДПдан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов, Экопартиядан партия раиси Нарзулло Обломуродов ва ХДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова ўртасида кечди.

Агар номзодлардан бирортаси сайловда 50 фоиздан кўпроқ овоз йиға олмаса, сайловларнинг 2-босқичи ўтказилиши кўзда тутилган. Унда 1-босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод курашни давом эттиради.

Ўзбекистонда президент сайловлари ҳар 5 йилда ўтказилади. 2016 йилда ўтказилган охирги президент сайловларида Шавкат Мирзиёев 88 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонганди.

Мавзуга оид