Ўзбекистон | 12:26 / 28.10.2021
2894
2 дақиқада ўқилади

Урганчда биринчи ўзбек фотосуратчиси ва кинооператори кўргазмаси очилди

Урганч шаҳридаги Ўзбекистон замонавий санъати музейида «Худойберган Девонов архивидан» номли фотокўргазма ўз ишини бошлади.

Фото: Хоразм вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси

Фотокўргазма экспозициясида биринчи ўзбек фотосуратчиси ва кинооператори, хоразмлик  Худойберган Девоновнинг архивидан жой олган 50 га яқин фотоасарлар намойиш этилмоқда. Улар Хива хонлигининг бир аср олдинги тарихи ҳақида қимматли маълумотларни беради.

Кўргазма Хоразм вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси томонидан Хоразм вилояти телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда Хоразм вилояти телевидениесининг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.

Фотокўргазма иши 31 октябрь кунига қадар давом этади. 

Маълумот ўрнида, Худойберган Девонов 1879 йилда туғилган. 1908 йилда Санкт-Петербургга саёҳат қилиб, 2 ой давомида фотосуратчилик ишини ўрганган. Хивага қайтгач, хонлик ҳаёти, маданияти, тарихий обидалари ҳақида кўплаб фото ва фильмларни суратга олган. Унинг серқирра ижоди туфайли дунё аҳли Хоразмнинг қадимий ва ўзига хос маданияти билан танишган. 

Девонов 1938 йилда советлар томонидан ҳибсга олиниб, хоинликда айбланиб, Янгийўлдаги сисёсий маҳкумлар лагерига юборилган. 1940 йилда ўша лагерда вафот этган. 1958 йилда айбсиз экани тан олиниб, реабилитация қилинган.    

Девоновнинг фотосурат ва фильмлардан иборат жуда бой коллекциясининг кўп қисми советлар томонидан йўқ қилинган.

Мавзуга оид