Спорт | 14:02 / 03.11.2021
21448
19 дақиқада ўқилади

Роналду яна қутқарди, Мессининг вориси «Барса»га ғалаба келтирди. ЕЧЛда кун ўйинлари

Сешанба куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 4-тур учрашувлари ўтказилди ва плей-оффнинг дастлабки иштирокчилари маълум бўлди.

Фото: MATTHEW PETERS/GETTY IMAGES

«МЮ» — триллер бўйича биринчи

F гуруҳи
«Аталанта» — «Манчестер Юнайтед» — 2:2
(Иличич, 12. Сапата, 56 — Криштиану Роналду, 45+1, 90+2)

Олдинга муаммолардан тоғ ясаб, кейин ундан қаҳрамонлик қилиб ўтиш — «қизил иблислар»нинг севимли одатига айланди. Улар еврокубок ўйинида гол ўтказиб юбориши — деярли аксиома. Сўнгги ўн беш ўйинда фақат ўтган йили «Лейпциг»нинг тор-мор этилиши (5:0) истисно бўлган. Оле Гуннар Сульшернинг бахтига, унда навбати билан қаҳрамонликлар кўрсатувчи Супермен бор.

29 сентябрь, «Олд Траффорд». Криштиану Роналду қўшиб берилган бешинчи дақиқада «МЮ»га «Виляьрреал» устидан иродали ғалаба келтирди (2:1).

20 октябрь, воқеа жойи ўша. Португалиялик футболчи ўйин охирини ҳақиқий триллерга айлантирди, «Аталанта»га қарши 0:2 ҳисобида ютқазаётган жамоа 3:2 ҳисобида ғалаба қилиб кетди.

2 ноябрь, Бергамо, яна бир концерт. Иличичнинг биринчи бўлимдаги голига меҳмонлар фантастик даражада чиройли комбинация билан жавоб қайтаришди - бу ҳужум охирида Бруну Фернандеш товони билан ортга пас ташлаб берди ва Криштиану тўпни дарвозага михлади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди. Иккинчи бўлимда арбитр видеотакрордан кейин Сапатанинг голини ҳисобга олди, демак Роналду яна Суперменга айланиши талаб этиларди. Бу эса унинг учун оддий иш, қўшиб берилган дақиқаларда футбол қўлланмаларига киритса бўладиган зарбаси билан жамоасини яна бир бор қутқарди.

Бу чиндан ҳам ақл бовар қилмас ҳодиса. «Олтин тўп»нинг беш карра соҳиби жамоа Сульшерни қўллаб-қувватлаши керак эканини айтганди ва буни ўзи уддаламоқда. Норвегиялик мутахассис ундан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди, Бергамодаги ўйинда Криштиану «МЮ» сафидаги голлари сони бўйича уни қувиб ўтиб, голлари сонини 127тага етказган бўлса ҳам (норвегиялик мутахассис жами 366 ўйинда бу натижага эришган, португалияликка уни ортда қолдириш учун 303 ўйин етарли бўлди).

Роналдунинг бу ўйиндаги бошқа натижалари:

  • «МЮ» сафида ЕЧЛда 2+ гол урган энг ёши катта футболчига айланди — 36 ёш 270 кун. Умуман, турнир тарихида эса фақат Филиппо Индзаги ундан олдинда — 2010 йил, 37 ёш 86 кунлигида.
  • «МЮ»даги голларини 127тага етказиб, Сульшерни (126) ортда қолдирди. 
  • Бу мавсумда 15та баҳсда 15та тўп киритди. 
  • Манкунианликлар тарихида 2003 йилдан сўнг ЕЧЛда кетма-кет 4 ўйин гол урган биринчи футболчига айланди. Охирги бор ван Нистелроой бунга эришган (қаторасига 9 баҳсда тўп киритган). 
  • Турнирдаги голларини 139тага етказиб, ўз рекордини янгилашда давом этмоқда.

Бу натижадан кейин италияликлар турнир жадвалида «Вильярреал»ни олдинга ўтказиб юборишди.

«Вильярреал» — «Янг Бойз» — 2:0 (Капуэ, 36. Гроневелд, 89)

Сўнгги кунларда Унаи Эмери ҳақида кўп гапиришди, аммо бу гаплар унинг ҳозирги жамоаси ҳақида эмас, янги мураббий излашда давом этаётган «Ньюкасл» ҳақидадир. Британ нашрлари версиясига кўра ушбу баск — «қарғалар»нинг номзодлар рўйхатида биринчи ўринда қайд этилган, афтидан бу миш-мишлар «сариқ субмариналар»га халал бермоқда. «Вильярреал» Ла Лиганинг сўнгги уч ўйинида бир очко олди ва «Валенсия»га қарши дербини бой берди, аммо Европада барчаси жойига тушди.

Лекин омаднинг ҳам ўрни йўқ эмас. Масалан, ҳисоб 1:0 эканида арбитр «Янг Бойз»нинг голини бекор қилди. Кейин дарвозабон Рульи жуда олдинга чиқиб кетганида Рауль Альбиоль тўпни деярли дарвоза чизиғида тўхтатиб қолди. Испанлар фақат Гроневелднинг голидан кейин енгил тин олишди, унга ўйинда ҳисобни очган Капуэ ассистентлик қилди.

23 ноябрь. «Вильярреал» — «Манчестер Юнайтед», «Янг Бойз» — «Аталанта».

Нагельсманнинг қайтишига яна 5та гол

Фото: UEFA

Е гуруҳи
«Бавария» — «Бенфика» — 5:2
(Левандовски, 26, 61, 84. Гнабри, 32. Сане, 49 — Морато, 38. Нуньес, 74)

Юлиан Нагельсманн ниҳоят коронавирусдан тузалди ва мураббийлик ўриндиғига қайтди. Бу «Бавария» учун кун воқеаси бўлиши ҳам мумкин эди, аммо шу куни Левандовскининг юбилейига тўғри келди - польшалик форвард Чемпионлар лигасида 100-ўйинини ўтказди. Унгача Анри, Ибраҳимович, Криштиану Роналду, Пирло ва Кроос шундай юбилейларни нишонлаган.

Польшалик мерган Команнинг пасидан кейин деярли дарвоза чизиғи устида турган ҳолда боши билан дарвозани ишғол этиб, бу ўйин ҳам португаллар учун қийин кечишига ишора берди. Бир неча дақиқа ўтиб унинг пасидан кейин Гнабри товони билан тўпни дарвоза тўри сари юмалатиб юбориб, ҳисобдаги фарқни оширди. Ўйин воқеалари Лиссабондаги сценарий бўйича кеча бошлади. 

Лекин бу ўйинда «бургутлар» барибир Нойер дарвозасини ишғол этишнинг уддасидан чиқишди, Левандовски эса бўлим охирида пенальтидан Влаходимосни алдай олмади. У Чемпионлар лигасида илк марта 11-метрдан гол уролмади, бунгача 14 зарбасида дарвозабонларга имкон қолдирилмаганди. Лекин «Бенфика» посбони Левандовскининг ЕЧЛдаги 80 ва 81-голлари урилишини бироз кечиктира олди, холос. Леви — ҳақиқий машина, унинг ЕЧЛдаги самарадорлик кўрсаткичига тенг келадигани йўқ. Ҳар ўйинда ўртача 0,81 гол — бу Месси ва Роналдунинг кўрсаткичларидан яхшироқ!

«Бавария» биринчилардан бўлиб 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилди.

Кўк-анорранглилар — Е гуруҳида иккинчи ўринда

Фото Reuters

«Динамо» К — «Барселона» — 0:1 (Ансу Фати, 70)

«Динамо К»: Бушчан, Караваев, Кендзера (Тымчик, 77), Сирота, Забарний, Гармаш (Витинью, 71), Сидорчук, Буяльский (Шепелев, 81), Шапаренко (Леднев, 81), де Пена (Вербич, 77), Циганков.
«Барселона»: тер Штеген, Жорди Альба, Лангле (Араухо, 79), Гарсия, Мингеса, Бускетс, Ф.де Йонг, Гави (Дембеле, 65), Гонсалес, Депай, Фати (Бальде, 87).
Огоҳлантиришлар: Гарсия, 20. Гармаш, 41. Буяльский, 45. Гави, 46. Лангле, 50.
Ҳакам: Ҳацеган (Руминия).
2 ноябрь. Киев. «НСК Олимпийский» стадиони.

Мавсумда муаммолар гирдобига ботиб қолган «Барселона»нинг Киевга сафари икки ҳафта олдинги ўзаро ўйиндагидан ҳам ёмонроқ эди. Каталонияликлар бош мураббий Рональд Куманни истеъфога чиқаришган, аввалги ўйиндаги ягона гол муаллифи Жерар Пике тиззасидаги жароҳат туфайли сафдан чиққанди. Янада ёмонроғи Серхио Агуэро билан боғлиқ. Мавсум стартини жароҳат туфайли ўтказиб юборган аргентиналик ҳужумчи шанба куни Испания чемпионатида «Алавес»га қарши ўйинда (1:1) юрагида оғриқ пайдо бўлгач, майдонни тарк этганди. Текширувларнинг кўрсатишича, 33 ёшли футболчида аритмия бор ва у яна камида уч ойга сафдан чиқди.

Ҳозирча Серхи Бархуан қўли остида шуғулланаётган «Барса» ўйин бошидан тўпни назорат қилишга киришди. Меҳмонлар биринчи бўлимда майдон эгалари ҳимоясини ёриб ўтишга ҳам муваффақ бўлишганди, аммо сўнгги лаҳзада марказий ҳимоячи Илья Забарний Мемфис Депайнинг хавфли позициядан туриб берган зарбасини тўсиб қолди.

Аммо кўп ўтмай «Динамо» тўпни ўз дарвозаси атрофидан узоқлаштира бошлади. Украинлар мезбонларга хос тарзда ўйин кўрсатишга киришди, энди «Барселона» жарима майдонига қамалишга мажбур бўлди. Биргина Николай Шапаренконинг ўзи иккита голли вазиятни йўққа чиқарди. 

Биринчи бўлим давомида каталонияликлар рақиб дарвозаси сари бирор марта аниқ зарба йўллай олишмади. Танаффусга қадар Клеман Лангленинг зарбаси дарвоза устунига тегди, аммо бу вазиятда у офсайдда эди, шунингдек, Нико Гонсалеснинг уриниши ҳимоячилар томонидан бартараф этилди.

Иккинчи бўлим бошида «Барса» яна ташаббусни ўз қўлига олди. 63-дақиқада Ансу Фати «Динамо» жарима майдонида ўз оёғини ўзи тепиб олди. Эпизоддан узоқроқда бўлган Ҳацеган нуқтани кўрсатди, аммо видеотакрордан кейин у қарорини бекор қилди.

Аммо ёш ҳужумчи барибир ўз голини уришга эришди. Оскар Мингеса ўнг қанотдан жарима майдони ичида турган Усмон Дембелени мўлжаллаб пас узатди, аммо тўп ҳимоячига тегиб йўналишини ўзгартирди ва Фатининг оёғига борди. Эндиликда Лео Месси ўрнига 10-рақамда тўп сураётган ва «Барселона»нинг асосий активи бўлиб қолган испаниялик бундай совғадан фойдаланди ва Георгий Бушчан қўриқлаётган дарвозанинг устуни остига тўпни йўллади.

Лекин ҳозирги «Барселона» бундай ўйинларни хотиржамлик билан якунлаб қўйиш ҳолатида эмас. Сўнгги дақиқаларга қадар каталонияликларнинг мухлислари юракларини ҳовучлаб ўтиришди. Марк-Андре тер Штеген бир неча марта ўз маҳоратини ишга солишига тўғри келди. «Барселона» сўнгги дақиқаларда тўпни ўз жарима майдони атрофидан узоқлаштириш билан банд бўлди.

Аммо асосийси — уч очко қўлга киритилди, Куманнинг истеъфосидан кейинги илк ғалаба жамоани Е гуруҳида иккинчи ўринга олиб чиқди. Киевликлар эса Чемпионлар лигаси плей-оффига чиқиш имкониятини йўқотишди, аммо улар ҳали Европа Лигасига ўтиш учун курашиши мумкин.

23 ноябрь. «Динамо» К — «Бавария», «Барселона» — «Бенфика».

«Севилья» чўкмоқда

G гуруҳи
«Вольфсбург» — «Зальцбург» — 2:1
(Баку, 3. Нмеча, 60 — Вебер, 30)

Ҳозирча «Зальцбург»нинг янгиланган версияси ҳам турнир гуруҳ босқичининг энг ёрқин жамоаларидан бири бўлмоқда. Бакунинг тезкор голи ҳам австрияликларни гангитиб қўя қолмади ва улар биринчи бўлим давомида Вебернинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси орқали ҳисобни тенглаштиришди, ушбу ҳимоячи асосий еврокубокда илк бор ўз номини таблога ёздирди. Лекин иккинчи бўлимда ушбу ҳимоячи ўйин тақдирини ҳал қилган хатога ҳам йўл қўйди. Аввалига рақибни офсайдда ушлашда тўғри позиция танлай олмади, кейин Нмечега зарба беришига халақит беролмади.

«Бўрилар» Марк ван Боммелнинг истеъфосидан кейин яна ғалаба қозона бошлади, нидерландиялик мутахассис Германия клубида иш бошлагач, жамоани бундеслига етакчилари сафига қайтариб, ЕЧЛга чиққанди, аммо жорий мавсумда саккиз ўйинлик ғалабасиз сериядан кейин унга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Флориан Кофельдт билан «Вольфсбург» илк ўйинда сафарда «Байер»ни мағлуб этганди, энди сўнгги беш йилликда еврокубоклардаги илк ғалаба нишонланди.

«Севилья» — «Лилль» — 1:2 (Окампос, 15 — Дэвид, 43, пенальти. Иконе, 51)

Андалусияликлар қаторасига уч дурангдан кейин ўз уйида мағлубиятга учрашди, ҳолбуки мезбонлар ўйинни жуда яхши бошлашганди. Агар аввалги уч турда Хулен Лопетеги жамоаси доимий равишда ҳисоб ортидан қувган бўлса, сешанба куни улар илк марта ўйинда ҳисобни очишди. ЕЧЛда охирги марта «Монако» сафида 2014 йилда гол урган Окампос дарвозабондан қайтган зарбани тўрга жойлаб қўйди, аммо шундан кейин жамоаси учун кўзга кўринарли иш қилиб бера олмади. Биринчи бўлим охирида Дилэйнининг аҳмоқона фоли учун пенальти белгиланганиши ўйиннинг бурилиш нуқтасига айланди, иккинчи бўлим бошида Иконенинг зарбаси дарвоза устунига тегиб тўрдан жой олиши меҳмонларга сенсацион ғалаба келтирди.

23 ноябрь. «Лилль» — «Зальцбург», «Севилья» — «Вольфсбург».

Тухелда яна «қуруқ» ғалаба

Н гуруҳи
«Мальмё» — «Челси» — 0:1 (Зиёш, 56)

Дастлабки 45 дақиқаликда шведлар жамоаси нафақат «Челси»га қарши туриш, балки тенгма-тенг кураш олиб бориш мумкинлигини намойиш этди. Қолаверса, Скандинавияга сафар олдидан рақиб бу жамоанинг дастлабки уч турдаги йирик мағлубиятини бир чеккага суриб, ўйинга жиддий ёндашиши кераклиги, Томас Тухелнинг шведларнинг агрессив ўйин услуби ҳақидаги гаплари — шунчаки рақибни ҳурмат қилиш учун айтилмагани исботини топди. Мезбонларнинг ҳужумдаги хавфли ҳаракатлари Менди ўз ҳимоячиларига дакки беришига сабаб бўлди.

Аммо класс ўз сўзини айтди. Сенегаллик дарвозабон Чемпионлар лигасида 12-марта дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди,  «Мальмё» футболчилари унга гол уриш мақсадида очилишга мажбур бўлишди, ҳимояда юзага келган кичик бўшлиқдан «Челси» ўз вақтида фойдаланди. Иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида ўнг қанотда Ҳаверцдан тўпни қабул қилиб олган Ҳадсон-Одои кесик пас билан рақиб жарима майдонига кириб келган Зиёшни тўп билан таъминлади ва у тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Жорий мавсумда август ойида Европа Суперкубоги учун ўтган баҳсдан буён гол урмаган яримҳимоячи учун бу ЕЧЛдаги саккизинчи голдир, энди у ЕЧЛдаги сермаҳсул марокашликлар орасида етакчиликни Марван Шамаҳ билан бўлишиб турибди. Ўйиндаги яна бир ёдда қоларли воқеа икки ярим ойдан бери жароҳатини даволашда бўлган Пулишичнинг майдонга қайтиши бўлди.

«Ювентус» — «Зенит» — 4:2 (Дибала, 11, 58, пенальтидан. Кьеза, 73. Мората, 82 — Бонуччи, 26, автогол. Азмун, 90+2).

Автогол муаллифи Бонуччи дубль муаллифи Дибалани қучмоқда Фото AFP

«Зенит» 2008 йил сентябрида ҳам Туринда «Ювентус»га қарши ўйнаган, ўшанда итальянлар гранди сафида Буффон, Трезеге, Недвед, Каморанези, Дель Пьеро кабилар тўп сурарди... Ўйиндаги ягона гол Малафеевнинг хатосидан кейин урилган, «Кекса синьора» 1:0 ҳисобида ғолиб бўлган, аммо петербургликларни ҳеч ким бунинг учун айбламаганди, чунки бу уларнинг ЕЧЛдаги дебюти эди.

13 йил ўтиб «Зенит»га муносабат ўзгарди — бу турнирнинг доимий иштирокчиси, Россия премьер-лигасининг амалдаги ғолиби ва ҳозирги етакчиси. Аммо «Юве»га қарши бу сафар учрашув олдидан ҳам ҳеч ким улардан ғалаба кутмаётганди ва ҳеч ким уларга мағлубият учун тош отмасди. Қолаверса, бу ўйин бошланишига ярим соат вақт қолганида «Челси» «Мальмё»дан уч очко олди, бу эса «Зенит» ғалаба қозонган тақдирда ҳам иккинчи ўринга кўтарила олмаслигини англатарди.

«Ювентус» учун эса бу ўйиннинг аҳамияти юқори эди. Аллегри ҳам ўйиндан олдинги матбуот анжуманида бу ҳақда гапирди. Мураббий ғалаба «Юве»га плей-офф йўлланмасини тақдим этиши, бу эса бор эътиборини А Серия ўйинларига қаратишига имкон беришини таъкидлади. Ҳозирда туринликларнинг ички чемпионатдаги ишлари чатоқ. «Юве» сўнгги икки ўйинда ютқазди ва 9-ўринга тушиб кетди, шундай экан жамоа мухлислар кўз олдида ҳам ўзини оқлаб олиши керак эди.

Аллегри «Верона»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин жамоанинг барча футболчиларини клуб базасида олиб қолди ва бу афтидан «Ювентус»га фойда берган. «Зенит» илк дақиқаларданоқ кучли босим остида қолди, дастлабки 20 дақиқаликда мезбонлар ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди. Дибаланинг зарбаси устунга тегди, Бернардески ва Мората қулай имкониятларни йўққа чиқарди. Лекин мезбонлар барибир ҳисобни очишди — Дибала кейинги уринишида Крицюкка имкон қолдирмади.

Мезбонлар ўйинга ҳаддан ташқари эҳтирос билан берилиб кетишди ва 26-дақиқада Бонуччи ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Жавоб голидан кейин «Ювентус»нинг шашти пасайди ва танаффусга қадар ҳисоб ўзгармай қолди.

Биринчи бўлимдан кейин меҳмонларда умид пайдо бўлганди, аммо танаффусдан қайтиб «Ювентус» уни совуққонлик билан ўлдирди. Иккинчи бўлим бошида испаниялик ҳакамлар бригадаси пенальти белгилади, Дибала биринчи уринишда зарбани аниқ ижро этолмади. Аммо рефери зарба берилишидан олдин питерликлар жарима майдони ичига кириб кетганини қайд этди ва аргентиналик ҳужумчи иккинчи уринишда аниқ ҳаракат қилди.

Умуман олганда, иккинчи бўлим биринчисига ўхшаш кечди — «Ювентус» 15-20 дақиқа давомида меҳмонларга тинчлик бермади. Лекин биринчи бўлимдагидан фарқли ўлароқ питерликлар муносиб жавоб қайтара олишмади. Натижада Кьеза ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. Кейин ҳисоб йирик кўринишга келтирди — Мората ҳимоячиларни ҳам, Крицюкни ҳам ортда қолдириб, тўртинчи голни урди.

Семак ўйинни қутқаришга уринди. Сўнгги 15 дақиқаликда ҳужум чизиғида футболчилар сони ошиб кетди - Азмун ҳам, Дзюба ҳам, Ерохин ҳам майдонда эди. Ўйин охирида ҳатто ёш Кузнецов ҳам майдонга ташланди. Натижада қўшимча дақиқаларда Азмун бир жавоб голини урди - 4:2. Энди россияликлар Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига чиқиши даргумон, лекин уларда Европа Лигасида ўйнаш учун имкониятлар яхши. «Мальмё»га қарши кейинги учрашув — ҳал қилувчи бўлади.

23 ноябрь. «Челси» — «Ювентус», «Мальмё» — «Зенит».

Кун статистикаси
20 ёшдан катта бўлмаган 3 футболчи — Гави, Ансу Фати ва Нико Гонсалес — «Барселона» сафида Киевдаги ўйинда бошланғич таркибда майдонга чиқди. Бу испан клублари орасида Чемпионлар лигасида қайд этилган шу каби илк ҳолатдир.

Дибала «Ювентус»нинг ЕЧЛ гуруҳ ўйинларида 18 гол уришга улгурди. Аргентиналик футболчи бу борада Филиппо Индзагини ортда қолдирди ва ушбу кўрсаткич бўйича учинчи ўринга чиқди, 42 бор гол урган Дель Пьеро анча илгарилаб кетган.

22 ёшу 102 кунлик — «Зальцбург» таркибидаги футболчиларнинг ўртача ёши (захирадан тушганлар ҳисобга олинганда). Бу турнир тарихидаги «Арсенал»дан кейинги энг ёш жамоа — 2009 (21 ёшу 127 кунлик).

Мавзуга оид