Ўзбекистон | 19:07 / 06.11.2021
11306
12 дақиқада ўқилади

«Бу – дунё билан ёвлашиш». Жамоатчилик фаоллари ижтимоий тармоқларни блоклашга асос бўлган қонунни қайта кўришга чақирмоқда

3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Теlegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Оdnoklassniki каби ижтимоий тармоқлар бир неча соат давомида блокланди. Бунга қадар эса июль ойида TikTok, Тwitter, Skype, ВКонтактенинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланганди.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳаракатлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 271-моддаси доирасида Facebook, Google, Теlegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш шартларини бажармагани учун амалга оширилган.

Оммавий мулоқот тармоқларининг Ўзбекистон ҳудудида чеклаб қўйилиши ва бунга асос бўлган қонунчилик норозиликларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz мухбири бу борада жамоатчилик фаоллари фикрларини келтиради.

«Бу масалада Россияга эргашиш дунё билан ёвлашиш дегани» — Карим Баҳриев

Карим Баҳриев

Таниқли журналист ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блоклаб қўйилиши ҳақида гапирар экан, буни мамлакат жозибадорлигига қаттиқ зарба ва шунингдек, дунё билан ёвлашиш сиёсати, дея таърифлади.

«Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ва унга асос бўлаётган қонунчилик биринчи навбатда Ўзбекистоннинг жозибадорлигига жиддий зарар келтирмоқда. Ваҳоланки, биз шусиз ҳам интернет эркинлиги бўйича дунё давлатлари орасида фахрланарли ўринда эмасмиз.

Ижтимоий тармоқлар гарчи бир неча соатларга блокланган бўлса-да, у жаҳондаги барча индикаторларда қайд этиб бўлинди. Бу эса халқаро ташкилотларнинг биз ҳақимизда бир йилдан кейин берадиган ҳисоботларида албатта қайд этилади.

Иккинчидан, бу ҳолат давлат бюджетига ҳам катта зарар келтиргани аниқ.

Ижтимоий тармоқлар блокланишидан нафақат турли компаниялар ва тадбиркорлар, шунингдек, халқимиз ҳам зарар кўрди. Чунки улар кўплаб VPN дастурларини юклаб олди. Бу эса маълум тўловлар эвазига бўлади.

Бу ҳолат яна шуни ҳам кўрсатадики, тармоқларни блоклаш билан халқни ахборотдан сиқиб қўйишнинг иложи йўқ. Одамлар турли қурилмалар билан барибир тармоқлардан фойдаланаверади. Ҳозирги асрда тармоқларни блоклаш жуда кулгили ҳолат», – деди у.

Журналистга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланишини бир амалдорнинг курсида ўтириб олиб қабул қилган аҳмоқона қарори, дея тушуниш хато. Чунки бу иш учун аввало қонуний асослар ҳозирланган эди.

«Воқеалар тарихига қарасак, тармоқлар блокланишига асос бўлувчи қонунга йиллар давомида асос ҳозирланганди. Яъни бу қонунни аввалроқ Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган.

Мени хавотирга соладиган бир жиҳат борки, бу ишлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан Россия Федерацияси билан параллел тарзда қилинмоқда. Айнан Россияда депутатлар аввалроқ тармоқларни блоклаш ҳақида қонун қабул қилган ва «Роскомнадзор» уни ижро қилган эди. Ўзбекистонда ҳам блоклашлар худди шу тарзда ва номлари ҳам жуда ўхшаш органлар қўли билан амалга оширилмоқда.

Афсуски, биз кўп амалиётларда айнан Россия қолипларидан фойдаланяпмиз. Бир нарсани ҳамма билиши керак, одамларни ижтимоий тармоқлар ва интернетдан, эркинликдан чеклаш бўйича Россияга эргашиш жуда катта хато. Ҳа, Россия билан иқтисодий алоқаларимиз бор, бу давлатда миллионлаб мигрантларимиз бор, лекин бу дегани ҳар соҳада унга эргашиб кетавериш, қовоғига қарайвериш керак дегани эмас.

Мигрантлар муаммосини кейинги тўрт-беш йилликда ривожланган Осиё давлатлари ва Европага йўналтириш орқали ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун тўғри сиёсат ва тўғри шартномалар бўлса бўлди.

Россия ижтимоий тармоқларни блоклаш, чеклаш орқали нимагадир эришдимики, биз унга тақлид қилсак. Йўқ, унинг эришгани фақат дунё билан душманлик бўляпти холос. Бугун бутун дунё Россияни яккалаш сиёсатини юритмоқда. Хўш, нега биз дунё билан ёвлашиш борасида Россия ортидан боришимиз керак?» – деди Карим Баҳриев.

«Тармоқларнинг блокланиши келажагим ҳақида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилди» — Фурқат Қурбонов

Фурқат Қурбонов

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блоклаб қўйилиши Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бош мутахассиси Фурқат Қурбоновни ҳам ўз келажаги ҳақида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилган нохуш воқеа бўлди.

«Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши шахсан мени келажагим ҳақида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилди. Чунки ҳаётимда Telegram, Facebook, YouTube, Instagram ва олдинроқ блокланган Twitter, TikTok, Skype, Wechat каби тармоқларнинг ўз ўрни бор.

Фикримча, рақамлаштириш асрида ушбу гигант тармоқларни блоклаш – биринчи навбатда Ўзбекистон Конституциясининг очиқчасига бузилишидир. Бунга эса «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимча сабаб бўлмоқда. Шундай экан, қабул қилиниши ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан хато бўлган тузатиш зудлик билан қайта кўриб чиқилиши шарт.

Шунингдек, келгусида ҳам қандайдир қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш керак бўлганида масъуллар кенг жамоатчилик фикрини албатта ўрганиши керак. Бутун дунёга шарманда бўлганимиз етар, ахир.

Депутат, сенаторлар ва шунингдек, яна айрим мансабдорларнинг шармандали хатоси тезда тўғриланмаса, машҳур бир воқеадагидек араванинг битта михи тушиб қолгани туфайли жангни бой бериб қўйишимиз мумкин», – дея фикрларини хулосалади Фурқат Қурбонов.

«Мана шундай зиддиятли вазиятларда Конституцион суд ўзининг охирги сўзини айтиш керак» — Камолиддин Раббимов

Камолиддин Раббимов/Фото: Facebook

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ўзининг Fаcebook саҳифасида ёзишича, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блоклаб қўйилиши ҳукумат бошқарувидаги зиддиятларни ҳам ифодалаши мумкин.

«Ижтимоий тармоқларни блоклаш атрофидаги воқеа, қисқароқ бўлса-да, алоҳида таҳлилга лойиқ масала. Бу ўринда, бошқарув инстанцияларидаги сиёсий-ҳуқуқий зиддиятлар кузатилади, битта маъмурият ичидаги қарашлар ва манфаатлар тўқнашуви кучли эканлиги англашилади. Аслида, битта шахсни ёки давлат муассасасини айблаш нотўғри бўлса керак. Бугунги Ўзбекистонда миллий манфаатлар борасидаги қарашлар тўқнашмоқда, курашмоқда. Эски инстинктлар ва зеҳният бир масалада маъқулланса, бошқа вазиятда панд бермоқда. Ички зиддият ҳали бартараф бўлгани йўқ. Чунки янги бошқарув стили тўлиқ шаклланиб улгурмади, унинг баъзи тамойиллари ёки шартлари шаклланди», – дея ёзади у.

Таҳлилчига кўра, тармоқлар блокланишига асос бўлган қонунга етарли шарҳ берилмагани вазиятни чигаллаштирган омиллардан бўлган.

«Кеча амалга оширилган блоклаш қонунчиликка ишора қилинган ҳолда амалга оширилди. Лекин ўша «шахсга доир маълумотлар» ҳақидаги қонун бандининг ўзини ҳам мутлақ ҳар хил талқин қилиш мумкин эди. Жумладан, авторитар талқинга кўра, бу тотал назорат ва ташқи дунёдан мустаҳкам иҳоталанишни назарда тутади. Ҳуқуқий-либерал талқинга кўра, ушбу талаб фақат давлат муассасаларидаги (масалан, ИИВ, ДХХ ва ҳ.к.) шахсларга дахлдор маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланишини назарда тутади. Лекин қонуннинг ўша моддасига шарҳ берилмагани вазиятни чигаллаштирган. Мулозимлар эски зеҳниятдан келиб чиқиб, авторитар талқин йўлидан боришган».

Камолиддин Раббимов пости давомида шу каби зиддиятли вазиятларда Конституцион суд охирги сўзни айтиши кераклигига ҳам урғу беради.

«Шу каби зиддиятли вазиятларда Конституцион суд ўзининг охирги сўзини айтиш керак. Афсуски, Конституцион суд негадир шарҳ бермайди, вазиятга аралашмайди. Бу Ўзбекистон каби катта ва салоҳияти ўсиб бораётган давлат учун жиддий ҳуқуқий ва репутацион етишмовчилик ҳисобланади», – деб ёзади таҳлилчи.

«Ижтимоий тармоқлар — сўз эркинлигининг рамзи» — Дониёр Рўзметов, сиёсий таҳлилчи, блогер

Дониёр Рўзметов/Фото: Facebook

Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва блогер Дониёр Рўзметов демократик давлатларнинг барчасида ижтимоий тармоқлар сўз эркинлигининг рамзи сифатида кўрилишини таъкидлайди.

«Ижтимоий тармоқлар борасидаги ҳақиқат шуки, у сўз эркинлигининг ҳозирги кундаги рамзи ҳисобланади. Чунки ижтимоий тармоқларда сиёсий-иқтисодий, ижтимоий, жинсий, диний ҳамда ирқий фарқларидан қатъи назар ҳар бир инсон ўз фикри ва нуқтаи назарини билдириши мумкин. Шу сабабдан дунёдаги аксарият давлатлар ижтимоий тармоқларга ва у ерда билдириладиган фикрларга миллий қонунчиликдаги сўз эркинликлари борасидаги қонунлар асосида ёндашади. Масалан, билдирилган фикр кимнидир ҳақоратласа, таҳдид қилса ёки қандайдир зарар келтирса, унга тегишли чора кўрилади.

Ижтимоий тармоқларни ёпиб қўювчи давлатлар сўз эркинлиги ва демократиянинг душмани бўлган давлатлардир. Интернетни ёпувчи давлатлар рўйхатига қаралса, унда Хитой, Россия, Беларусь, Уганда, Танзания, Туркманистон, Шимолий Корея ва шу каби тоталитар ва авторитар давлатларни кўрамиз», — таъкидлайди таҳлилчи.

Ижтимоий тармоқларни блоклашга сабаб бўлаётган қонун талабини бекор қилиш сўралмоқда

Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 271-моддасини бекор қилишни сўраб жамоавий мурожаат жойланди.

«2021 йил 15 апрелдан кучга кирган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 271-моддасини (Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари) кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмасдан қабул қилингани, унинг иқтисодий ва сиёсий оқибатлари ҳисоблаб чиқилмагани ҳамда сўнгги кунларда жамоатчиликнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлгани туфайли бекор қилишингизни сўраймиз.

Бундан ташқари, 271-модда асосида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши президент Шавкат Мирзиёевнинг интернет ёпилмаслиги ҳақида айтган гапларига зид. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг интернет ва сўз эркинлигига доир халқаро майдондаги обрўсини ҳам тушириб келмоқда.

Қолаверса, Твиттер ва Тик-Ток тармоқлари блокланган ўтган даврда билдикки, хориждаги бу тармоқлар эгалари бўлган компаниялар ўзларининг серверларини Ўзбекистонга олиб келиб ўрнатиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрганлари йўқ. Ўзбекистон аҳолисининг интернетдаги фаол қатлами эса бу чекловлардан ВПН орқали аллақачон айланиб ўтиб улгуришган», дейилади мурожаатда.

Мурожаат 4 ноябрь куни портал томонидан экспертиза учун қабул қилинган.

Амалдаги тартибга кўра, мурожаат матни юборилгач, Mening fikrim веб-портали модератори (Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти) мурожаатни камида 5 нафар шахс қўллаб-қувватлаши учун мурожаат ташаббускорига махсус ҳаволани жўнатади. Мурожаат зарур миқдордаги шахслар томонидан қўллаб-қувватлангач, модератор томонидан 15 кунлик экспертизага қабул қилинади.

Ишчи комиссия модераторнинг экспертизасидан кейин мурожаатни Mening fikrim веб-порталига жойлаштириш ёки жойлаштиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Ишчи комиссиянинг ижобий қарори олинган тақдирда мурожаат модератор томонидан Mening fikrim веб-порталига умумий овоз бериш учун жойлаштирилади.

Хулоса: Юқорида таъкидланганидек, ривожланган демократик давлатларда ижтимоий тармоқлар аллақачон сўз эркинлигининг рамзига айланиб улгурган. Бу борада Ўзбекистон ҳам ривожланишнинг фуқаролар эркинликлари устун бўлган демократик жамият танловини қилган давлат. Шундай экан, ҳукумат тепасида бўлган масъуллар фуқароларнинг сўз эркинлиги бўйича ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилиши лозим. Бу ҳуқуқларга хавф туғдирувчи ҳар қандай қонун ва қўшимчалар эса супуриб ташланиши шарт.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид