Ўзбекистон | 17:09 / 09.11.2021
10689
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқларни икки соат блоклаш Ўзбекистонга камида 2,6 млн доллар зарар келтирган бўлиши мумкин

NetBlocks онлайн сервиси ҳисоб-китобларига кўра, барча ижтимоий тармоқларни 2 соатга блоклаб қўйиш Ўзбекистон иқтисодиётига 28 миллиард сўмдан кўпроққа тушади.

Фото: Kun.uz

3 ноябрь куни Ўзбекистонда 4 та интернет платформасининг фаолияти икки соатга яқин вақт давомида чекланди. Кейинчалик бу иш президент билан келишмаган ҳолда амалга оширилгани учун уч нафар юқори лавозимли амалдор ишдан олинди.

NetBlocks сервиси яратган хизмат ижтимоий тармоқларни блоклаш давлатга қанчага тушишини ўз формуласига асосан ҳисоблаб беради.

Унга кўра, Ўзбекистонда 3 ноябрь куни соат 19:00 дан 21:00 гача бўлган вақт оралиғида Twitter, Facebook, Instagram ва YouTube'ни блоклаб туриш Ўзбекистон иқтисодиёти учун камида 259 минг долларга ёки 2 миллиард 781 миллион сўмга тушган бўлиши мумкин.

Ушбу сервис Telegram, TikTok, WeChat ва Вконтакте'ни блоклаш ортидан келган/келаётган зарарни ҳисобламайди. Шунинг учун улар юқоридаги ҳисоб-китобларга қўшилмаган. Сервис айнан ўша икки соат давомида Ўзбекистондаги барча тармоқларнинг ёпилишини тахминан 2,6 миллион долларга баҳоламоқда.

Шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғи жорий йилнинг 2 июль куни ёпилиб, ҳозиргача (2 июль – 9 ноябрь саналари оралиғида) блокда тургани ортидан Ўзбекистон иқтисодиёти тахминан 101,3 миллион доллар ёки 1 триллион 84 миллион сўм йўқотган. Аниқроғи давлат зарар кўришда давом этмоқда, чунки ҳалигача Twitter'нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланган.

NetBlocks баҳолаш хизмати 2019 йил январь ойидан ишга тушган. Ушбу хизмат ижтимоий тармоқларнинг барчаси ёки алоҳида платформалар блокланган ҳолда иқтисодиётга қанча зарар келтиришини ўз формуласига асосан ҳисоблаб чиқаради.

180 давлатдан 20 мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган Бутунжаҳон интернет ҳамжамияти ва NetBlocks таҳлил маркази ушбу ҳисоблагич муаллифи ҳисобланади.

Сервис маълумотига кўра, блоклаш ортидан келадиган зарарлар Жаҳон банкининг кўплаб ҳудудий кўрсаткичлари, Халқаро электрон алоқалар кенгаши, Евростат ва бошқа манбалар асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар бўлиб ўтган воқеаларга изоҳ бермади.

Қонунни қабул қилган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳам унинг ижроси юзасидан асослантирилган иқтисодий таҳлилларга эга бўлмаган бўлишлари мумкин.

Бундан ташқари, рақамли технологиялар даврида инсон қадрига хизмат қилмайдиган, бундай баҳсли ва охири ўйланмасдан қабул қилинган қонун ҳамда унинг ижроси фуқароларнинг ишончи, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига, инвесторларнинг фикрига ва туризм салоҳиятига қилган салбий таъсирини миллиардлар билан ҳам ўлчаб бўлмайди.

Ушбу ҳаракатлар “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддаси доирасида Facebook, Google, Теlegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш шартларини бажармагани учун амалга оширилган.

Фаррух Абсаттаров тайёрлади.

Мавзуга оид