Ўзбекистон | 18:45 / 27.04.2022
9274
2 дақиқада ўқилади

«Ўзкомназорат»га янги раҳбар тайинланди

Ҳукумат қарори билан Аъзам Абдуллаев Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Аъзам Абдуллаев

Аъзам Абдуллаев 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2005 йилда Тошкент Давлат техника университети (бакалавриат), 2007 йилда Тошкент Ахборот технологиялари университети (магистратура)ни тамомлаган.

Ҳозирга қадар «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раисининг Ахборот технологиялари ва маҳаллийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган ижтимоий тармоқлар (Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти чеклаб қўйилиши катта шов-шувларни келтириб чиқарди.

Шундан сўнг, президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзкомназорат»нинг бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракатидан давлат раҳбари хабар топганини маълум қилди. 2017 йилдан буён Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи бўлган Ғолибшер Зияев эса нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди.

Кейинроқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва бош вазир маслаҳатчиси − ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳам лавозимидан озод қилинди.

Мавзуга оид