Ўзбекистон | 15:08 / 10.11.2021
18666
7 дақиқада ўқилади

“Ўзкомназорат” нега АҚШ Давлат департаментига тақдимнома киритмайди?

Ижтимоий тармоқлар блокланишига асос бўлаётган қонун моддаси мантиқсизликларга тўла ва у бекор қилиниши керак. Биз бундай деб ҳисоблаш учун учта асосни санаб ўтамиз.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланишига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27 прим биринчи моддаси асос бўлмоқда. Бу моддага асосан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши керак.

Бир неча кун олдин шу талабни бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилгани кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди. Янги қонунга асосан, эндиликда ижтимоий тармоқлар устидан айни шу модда талаби бўйича жиноят иши қўзғатилиши ҳам мумкин.

Бизнингча, бу – цензурачилар ўйлаб топган, Россиядан кўр-кўрона кўчирилган мантиқсиз қонун. Бундай дейишга асослар етарли.

Қонундан парча
Қонундан парча

Биринчидан, қонундаги талаб фақат ижтимоий тармоқларгагина тааллуқли эмас. Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларга ишлов берувчи давлат органи ёки жисмоний ва юридик шахс дейилган. Бу мантиқдан келиб чиқса, АҚШ Давлат департаменти зудлик билан грин-карта базасини Ўзбекистонга кўчириб келиши керак. Ахир ҳар йили камида 2 миллион ўзбекистонлик шахсий маълумотларини тўғри ва аниқ қилиб шу лотерея анкетасига киритади. Лекин негадир “Ўзкомназорат” АҚШ Давлат департаментига тақдимнома киритгани ҳақида ҳали эшитмадик.

Жиддий гапирадиган бўлсак, қонун талаби ҳаддан ташқари кенг. Масалан, сиз Швейцарияга бориб, банкда ҳисобрақам очсангиз, ўша Швейцария банки сизнинг маълумотларингизни сақлаш учун Ўзбекистондан сервер ижарага олиши керак. Худди шу талаб хорижий давлатларнинг визага масъул идораларига ҳам тааллуқли.

Тасаввурни кенгайтириб бораверсак, чет элда сиз яшаётган меҳмонхона, сиз чипта харид қилган авиакомпания – буларнинг бари сизнинг маълумотларингизни Ўзбекистонда сақлаши талаб қилиняпти.

Умуман, бу қонун бўйича интернетдаги миллионлаб сайтларни блоклаб қўйиш мумкин. Чунки фақат ижтимоий тармоқлар эмас, бошқа оддий сайтлар ҳам авторизациядан ўтказиш учун энг камида исм-фамилингиз ва ёшингизни сўрайди.

Яна бир жиҳат, қонун талаби барчага бирдек қўлланмаяпти: одамлар танқид ёзаётган Telegram ва Facebook блокланиб, коммент ёзишга мўлжалланмаган Google ва Yandex четлаб ўтиляпти.

Twitter'га ҳамон чеклов сақланиб қолаётган бир пайтда, масалан, 1xBet каби қимор порталлари ҳақида биров ўйлаётгани йўқ.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқлар ва катта-катта интернет-компаниялар ўзларининг миллионлаб гигабайтлик базаларидан фақат Ўзбекистон фуқароларига оид қисмини ажратиб ололмайди. Чунки бу қимматга тушади, тизимнинг яхлитлиги бузилади, ишлаш тезлиги пасаяди. Дунё бўйлаб ижтимоий тармоқларнинг базалари саноқли давлатлардагина борлиги бежиз эмас.

Ўзбекистон гигант интернет-компаниялар учун шу қадар кичик бозорки, улар ортиқча харажат ва бошоғриқ қилгандан кўра шунчаки бу бозордан воз кечиб қўя қолади. Ҳеч нарса ютқазмайди ҳам.

Масалага бошқа томондан қараб кўрайлик. Хўп, айтайлик, Facebook бу талабни бажарди ҳам дейлик. Ўзбекистонга серверларини олиб келиб, сизларнинг фуқароларингизга оид маълумотлар мана шу серверларда деса, Персоналлаштириш маркази буни қандай текширади? Шахсий ёзишмалар дахлсизлигини бузиб, доимий рейдлар ўтказиб, серверларни очиб кўрадими?

Ёки яна бир масала: бу серверлар ишлаши учун жуда юқори тезликдаги интернет керак, бунақа тезлик Ўзбекистонда борми? Бўлганда ҳам узлуксиз 24 соат бўладими?

Учинчидан, замонавий дунёда бирор тармоқни чеклаш оддий иш эмас. Бу қонунни қабул қилишда андоза бўлган Россияда ҳам “Роскомнадзор” Telegram'ни блоклашни эплай олмаган. Худди шундай, 3 ноябр куни Telegram дастурчилари қисқа муддатда “Ўзкомназорат”нинг “блокировка”сини бартараф эта олди.

Интернетда тўсиқларни сакраб ўтиш имконини берадиган прокси-хизматлар ва VPN иловалари исталганча топилади. Бу тизимлар Ўзбекистондаги расмийлар ҳимоя қилмоқчи бўлган шахсий маълумотларни аксинча бутун интернетга тарқатиб юбориши мумкин.

Гап шундаки, биз ишлатаётган бепул VPN ортида кимлар турганини билмаймиз, улар кўп ҳолларда фойдаланувчининг шахсий маълумотларини ўғирлайди ва пулини тўласа бас, истаган одамга сотади. Сотиб олувчилар эса ҳар доим ҳам шунчаки яхши ниятда реклама берувчилар бўлмаслиги мумкин.

Ҳозир минглаб ўзбекистонликлар VPN ишлатаётганини инобатга олсак, бир нарса аниқ, улар орасида давлат хизматчилари ҳам бор. Яъни айрим давлат органларидаги компютерларда ҳам, мансабдорларнинг қўл телефонларида ҳам ВПН бор. Улар қайси сайтлардан фойдаланаётгани ва ўз аккаунтларига киришда ишлатаётган пароллар VPN операторларига кўриниб туради.

Масалан, 4 ойдан бери Ўзбекистонда ВПН'сиз ишламаётган Twitter'дан Ўзбекистоннинг расман иккинчи одами – Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, қатор депутатлар, ҳукумат аъзоларидан Жамшид Қўчқоров ва Тимур Ишметов ҳам фойдаланяпти.

Бу қош қўяман деб кўз чиқаришни эслатади. Яъни одамларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш вазифаси барибир амалда бажарилмаяпти, аксинча, маълумотлар бегоналар қўлига топшириляпти.

Масаланинг яна битта томони бор: VPN интернет оламининг энг қоронғи ва хилват манзиллари томон эшикларни ланг очиб юборади. Биз 1-синф боласининг ҳам қўлида телефон бор замонда яшаяпмиз. TikTok'ка кираман деб VPN ишлатаётган ёшлар ҳар сонияда тақиқланган ташкилотлар сайтларига, террористик, порнографик, наркотик ва қурол савдосига оид порталларга тўсиқсиз кириб кетиши мумкин.

Афсуски, номига олий сўзи қўшилган мажлис аъзолари бу қонунни қабул қилишда юқоридаги масалаларни кўтармаган. Фақат маъқуллаб қўлларини кўтарган холос.

Депутат ва сенаторлар шунча гапдан кейин ҳам ёппасига жим ўтиришибди, қонундаги моддани бекор қилиш ташаббуси бўлаётгани йўқ. Нега деган саволга жавобни балки ўша куни олгандирмиз: кўрсатма Вазирлар Маҳкамасидан келган...

Ишончимиз комилки, агар эртага давлат раҳбари чиқиб, бу моддани бекор қилишни таклиф қилса, парламентдаги 250 киши уни қандай қабул қилган бўлса, худди шундай бекор қилиб юборади. Ва тўғри ташаббус бўлганини айтиб президентга мадҳлар айтади.

Демак, хулосамиз битта: бизга ҳалол йўл билан сайланган, мустақил ва кучли парламент керак.

Кўриб турибмиз, бу вазифани уддалаш қийин бўляпти, лекин ҳеч бўлмаса осон ечимдан бизни нима тўсиб турибди: очиқликка даъво қилаётган Янги Ўзбекистонда бу қонунни бекор қилишга нега ҳеч ким шошилмаяпти?

Тимур Турсунбоев

Мавзуга оид