«Ердаги жаҳаннам»: БМТ жаҳон етакчиларини Афғонистонни очликдан сақлашга чақирди
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари жаҳон етакчиларини бу йил қиш фаслида Афғонистондаги фалокатли очлик рўй беришининг олдини олиш учун тезкор чоралар кўришга чақирди.
«Вазият сиз тасаввур қилганингиздан ёмонроқ. Гап ердаги энг қўрқинчли гуманитар инқироз ҳақида кетяпти», - деди Дэвид Бизли BBC’нинг Афғонистондаги мухбири Жон Симпсонга.
Афғонистон иқтисодиёти ҳокимиятга «Толибон» ҳаракати келиши ва хорижий ёрдамнинг музлатилиши туфайли бутунлай таназзулга юз тутиш арафасида. Бунга коронавирус пандемияси ва мамлакатдаги экинларнинг катта қисмини йўқ қилган кучли қурғоқчилик ҳам қўшилди. Бу сўнгги тўрт йил ичидаги Афғонистонда кузатилаётган иккинчи қурғоқчилик.
«Мамлакат аҳолисининг 95 фоизи етарли озиқ-овқатга эга эмас, ҳозирда 23 млн киши кучли очлик таҳдиди остида қолган. Кейинги олти ой фалокатли бўлади. Бу Ердаги жаҳаннам бўлади», - деди дам олиш кунлари Кобулда бўлган БМТ Жаҳон Озиқ-овқат дастури раҳбари.
Афғонистонда ҳаво ҳарорати пасаймоқда. Қишлоқ туманлари аҳолиси БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида етказиб бераётган унга узоқ навбатда туришибди. Миллионлаб афғонистонликлар учун гуманитар ёрдам – қишда жон сақлашнинг ягона чораси, бироқ у барчага етмайди. БМТ очлик ёқасида қолган мисли кўрилмаган миқдордаги одамларга ёрдам бериш учун озиқ-овқат захираларини ошириш каби долзарб муаммога дуч келмоқда.
Дэвид Бизли дунё элитасини тезкор чоралар кўришга чақиряпти. «Жаҳон етакчилари ва миллиардерлар: тасаввур қилинг, гап очлик таҳдид қилаётган кичик ўғил ёки қизингиз, набирангиз ҳақида кетяпти. Сиз қўлингиздан келганича ҳаракат қиласиз. Дунё бойлиги ҳозир 400 трлн долларни ташкил қилмоқда, шунинг учун ҳаммамизга уят. Агар биз қаердадир бола очликдан ҳалок бўлаётганига қўйиб бераётган бўлсак, барчамизга уят. Бу бола қаерда эканининг эса аҳамияти йўқ», - деди БМТ вакили.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистондаги ёрдамга муҳтож 23 миллион кишини қисман овқатлантириш учун ойига 220 млн доллар талаб этилади.
Энг даҳшатлиси тоғлар орасида
BBC корреспонденти Жон Симпсон Radio 4 жонли эфирида Афғонистондаги вазият ҳақида сўзлай туриб, кўз ёшларини тия олмади.
Ўз фаолияти давомида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган ўнлаб ҳудудларда бўлган 77 ёшли журналист шу кунларда толиблар томонидан 20 йил муқаддам вайрон этилган Будда ибодатхонаси жойлашган Бомиён водийсида бўлди ва у ерда ғорларда яшаётган аёлларни учратди.
Фотима исмли аёл уч ёшдан 16 ёшгача бўлган етти бола билан бева қолган. Унинг эри ошқозон ракидан вафот этган.
«Толибон» келгунича Фотима маҳаллий фермер даласида ишлаб, пул топган. Энди эса қурғоқчилик туфайли иш йўқ.
«Унда пул йўқ, у совуқда исиниш учун одамлардан ёнилғи, кун ўтказиш учун овқат тиланишга мажбур», дейди мухбир.
Корреспондент бу сўзларни айтар экан, ҳиссиётларини тия олмади ва узр сўради: «Бу болаларга қаранг… Бу жуда оғир».
«Биласизки, мен ишим давомида жуда кўп ёмон ҳолатларга гувоҳ бўлганман, аммо бу ер… Энг қўрқинчлиси ҳали келмади, аммо тушуняпсизми, бу узоқда эмас ва уларнинг ўзи ҳам буни англаб туришибди», - дейди корреспондент.
Афғонистонда нима учун очлик кузатиляпти?
«Толибон» радикал ҳаракати август ойида мамлакатдан хориж ҳарбийлари тезкорлик билан олиб чиқилгач, ҳокимиятни эгаллади.
Ҳокимият алмашинуви илгари хорижий ёрдамга ўта қарам бўлган Афғонистоннинг заиф иқтисодиётини кучсизлантирди. Ғарб давлатлар ёрдамни тўхтатди, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси молиялаштиришни вақтинча тўхтатди. У қачон қайта тикланиши эса номаълум. Чунки толиблар ҳукуматини дунёдаги деярли ҳеч бир давлат расман тан олмаяпти.
Агар ЯИМнинг 10 фоиз ёки ундан кўпроқ қисми хорижий ёрдам улушига тўғри келса, мамлакат хорижий ёрдамга қарам деб ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Афғонистон ЯИМнинг 40 фоизини халқаро ёрдам ташкил қилади.
Ҳозирда кўплаб афғонлар овқат сотиб олиш учун ўз мол-мулкларини сотишмоқда. Толиблар маъмурияти ҳам хорижий активлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Бу эса давлат хизматчиларига ҳам маош тўланмаётганини англатади.
Женевада сентябрь ойида бўлиб ўтган конференцияда ҳамжамият афғонларни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганди. Бу маблағнинг қарийб учдан бир қисми Жаҳон озиқ-овқат дастурига ваъда қилинган.
Ташкилот Афғонистонга озиқ-овқат билан ёрдам бериш учун ойига 220 млн доллар талаб этилишини айтиб, жорий молиявий мажбуриятларни «денгизга бир томчи» деб атаган.
Мавзуга оид
17:52 / 07.12.2024
Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди
23:50 / 29.11.2024
Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқармоқчи. Шойгу Кобулга борди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
19:21 / 01.11.2024