Жаҳон | 20:55 / 12.11.2021
6638
2 дақиқада ўқилади

Ироқ миллий авиакомпанияси Минскка парвозлардан бош тортди

Фото: AP

Ироқ миллий авиакомпанияси Iraqi Airways миграция инқирози сабабли Беларусь пойтахти Минскка парвозларни тикламасликка қарор қилди. Халқаро ҳаво транспорти уюшмаси (IATA) ушбу қарорни қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда Еврокомиссия расмий вакили Дана Спинант маълум қилди.

“Iraqi Airways Беларусга парвозларни тикламаслигини тасдиқлади”, деб айтган Спинант.

Спинант 15 ноябрда Европа иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги учрашувда Беларусга янги санкциялар киритишни муҳокама қилиши ва “Яқин Шарқ давлатларидан Беларусга кейинчалик Польшага ташлаш учун мигрантларни етказаётган хорижий авиакомпаниялар “қора рўйхати”ни тайёрлаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси Беларусь чегарасидаги миграция инқирози сабабли Минскка рейсларига Ироқ, Сурия ва Яман фуқароларини олмаслигини маълум қилган. Компания Беларусга атайлаб мигрантларни етказишда айбланган ва миграция оқимини тўхтатишда Европа иттифоқи билан ҳамкорлик қилмаса, санкцияларга учраши мумкинлиги айтилган.

Таъкидланишича, Европа иттифоқи вакиллари ҳозирда Миср, Қатар, Марокаш, БАА ва Уммон авиакомпаниялари билан Минскка муҳожирларни етказишга тўсқинлик қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам Беларусни миграция инқирозида айблаган.

Ёзда Беларуснинг Польша ва Болтиқбўйи давлатлари билан чегарасида Ғарбий Европага ўтишга уринаётган Яқин Шарқ ва Африкадан қочқинлар оқими кўпайганди.

8 ноябрда Польша ва Беларусь чегарасида 2 мингга яқин қочқин йиғилгандан кейин вазият кескин тус олган. Польшалик ҳарбийлар қочқинларнинг чегарани ёриб ўтишга бир нечта уринишлари олдини олишган.

Литва, Латвия ва Польша ушбу вазиятда Беларусни айбламоқда, бироқ Минск бу айбловларни рад этмоқда.

Мавзуга оид