Ўзбекистон | 07:41 / 12.11.2021
6878
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрига келгач, ўзига ажратилган қароргоҳда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Боғдод Амреевни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Кенгашга аъзо давлатлар ўртасидаги конструктив мулоқот жадал ривожланаётгани ва амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Туркий кенгаш мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ортди, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 4 мингтага яқинлашди. Жорий йилда мамлакатда ташкилотнинг қатор муҳим тадбирлари, жумладан, Хива шаҳрида маданият вазирлари, Қўқон шаҳрида туризм вазирларининг учрашувлари, Тошкент шаҳрида ёшлар форуми ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев бутун минтақа барқарорлиги ва равнақини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳа ва дастурларни илгари суришда кенгаш имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида бош котиб Боғдод Амреев Шавкат Мирзиёевга бўлажак саммитга тайёргарликнинг бориши, тадбир дастури ва кун тартибидаги масалалар тўғрисида маълумот берди.

Мавзуга оид